Ибтидо 13:1–18
13 Кейин Ибром хотини ва бор-буди билан бирга Мисрдан чиқиб, Нагавга+ йўл олди. Лут ҳам у билан бирга эди.
2 Ибромнинг чорваси ва кумушу олтини жуда кўп эди+.
3 У Нагавдан Байтилга етгунча, бир қароргоҳдан иккинчисига кўчиб юрди. Ибром Байтил билан Ай+ ўртасида чодир тиккан жойгача,
4 олдин қурбонгоҳ қурган ерга етгунча, кўчиб юрди. Ўша ерда Ибром Яҳованинг исмини айтиб чақирди.
5 Ибромга ҳамроҳлик қилган Лутнинг ҳам қўйлари, қорамоли ва чодирлари бор эди.
6 Шу сабабли, бирга яшаш учун ўша ер уларга торлик қила бошлади. Мол-мулклари шу даражада кўпайиб кетдики, бирга яшашнинг иложи бўлмай қолди.
7 Натижада Ибромнинг чорвасини боқувчи подачилар билан Лутнинг чорвасини боқувчи подачилар ўртасида жанжал чиқиб қолди. (Ўша пайтда у ерда канъонликлар билан паризийлар яшарди.)+
8 Шунда Ибром Лутга+ деди: «Мен билан сенинг, менинг подачиларим билан сенинг подачиларинг ўртасида жанжал чиқмасин, ахир биз қариндошмиз-ку.
9 Мана, бутун юрт сенинг кўз олдингда. Кел, бир-биримиздан айрилайлик. Агар сен чап томонга кетсанг, мен ўнг томонга кетаман; борди-ю, ўнг томонга кетсанг, мен чап томонга кетаман».
10 Лут бошини кўтариб, бутун Иордан водийсининг ҳудудини*+ то Зўварга+ қадар кўрди. Ўша ер (Яҳова Садўм билан Ғамўрани йўқ қилишидан олдин) Яҳованинг боғи+ каби, Миср юртидай серсув эканини кўрди.
11 Шунда Лут ўзи учун бутун Иордан водийсини танлади ва шарқ томонга қараб кетди. Шу тариқа, улар бир-биридан айрилди.
12 Ибром Канъон юртида яшади, Лут эса Иордан водийсидаги шаҳарлар яқинига бориб жойлашди+. Охири у Садўм шаҳрининг ёнига бориб чодир тикди.
13 Садўмнинг одамлари ёвуз бўлиб, Яҳовага қарши оғир гуноҳлар қилишарди+.
14 Лут айрилиб кетганидан кейин, Яҳова Ибромга шундай деди: «Бошингни кўтариб, турган жойингдан шимолга, жанубга, шарққа ва ғарбга қарагин.
15 Чунки сен кўриб турган шу ерларнинг барчасини, Мен сенга ва сенинг зурриётингга* асрдан-асрга мулк қилиб бераман+.
16 Сенинг зурриётингни ернинг қумидай кўпайтираман. Агар бирор киши ердаги қумни санай олса, унда сенинг зурриётингни ҳам санаш мумкин бўлади+.
17 Энди бориб, бутун юртни айланиб чиқ, зеро уни сенга бераман».
18 Шундай қилиб, Ибром чодирларда яшаб юрди. Кейин Хеврондаги+ Мамреда+ ўсадиган улкан дарахтлар орасига бориб ўрнашди. Ўша ерда у Яҳовага атаб қурбонгоҳ қурди+.