Ибтидо 15:1–21
15 Шу воқеалардан кейин, Яҳова Ибромга ваҳий орқали: «Қўрқма+, Ибром. Мен сенга қалқон бўламан+. Сенинг мукофотинг жудаям буюк бўлади»+,— деб айтди.
2 Бунга Ибром: «Олий Ҳукмдор Яҳова, менга қандай мукофот бермоқчисан? Мана, мен фарзандсиз ўтиб кетяпман, энди уйимнинг меросхўри дамашқлик Элиазар бўлади»+,— деди.
3 Кейин эса: «Менга фарзанд*+ бермадинг, энди уйимдаги хизматкорим меросхўр бўлади»,— деб қўшиб қўйди.
4 Лекин Яҳова унга: «Бу киши сенинг меросхўринг бўлмайди, ўз ўғлинг* меросхўр бўлади»+,— деб айтди.
5 У Ибромни чодирдан ташқарига олиб чиқиб: «Осмонга қарагин-да, агар санай олсанг, юлдузларни санаб чиқ»,— деди. Сўнг: «Сенинг зурриётинг* шунча бўлади»+,— деб айтди.
6 Ибром Яҳовага ишонди+ ва шунинг учун У Ибромни одил, деб тан олди+.
7 Бундан кейин У: «Мен бу юртни сенга мулк қилиб бериш учун, сени халдейларнинг Ур диёридан олиб чиққан Яҳоваман»+,— деб қўшиб қўйди.
8 Ибром эса: «Олий Ҳукмдор Яҳова, бу юртга эгалик қилишимни қандай билиб оламан?» — деб сўради.
9 Худо унга жавобан: «Уч яшар ғунажин, уч яшар урғочи эчки, уч яшар қўчқор, ғуррак* ва каптар палапонини олиб кел»,— деди.
10 Ибром бу ҳайвонларнинг барчасини олиб келди-да, қушлардан ташқари ҳар бирини икки бўлакка бўлиб, бўлакларни бир-бирининг* қаршисига қўйди.
11 Шунда ҳайвонларнинг жасадига йиртқич қушлар учиб кела бошлади, бироқ Ибром уларни ҳайдаб турди.
12 Қуёш ботаётганда, Ибромни қаттиқ уйқу босди ва даҳшатга солувчи тим қоронғилик уни қоплаб олди.
13 Шу пайт, Худо Ибромга қуйидагиларни айтди: «Шуни билиб қўйгинки, сенинг авлодинг бегона юртда мусофир бўлиб яшайди. Ўша ернинг халқи уларни қулга айлантириб, 400 йил мобайнида жабр-зулм ўтказади+.
14 Аммо Мен уларни қул қиладиган халқни ҳукм этаман+ ва шундан сўнг улар ўша юртни кўпгина мол-мулк билан тарк этишади+.
15 Сенга келсак, сен узоқ умр кўриб, тинчликда вафот этасан ва ота-боболаринг каби дафн этиласан+.
16 Бу ерга зурриётингнинг тўртинчи авлоди қайтиб келади+, чунки аморийлар гуноҳлари учун жазоланадиган пайт ҳали келгани йўқ»+.
17 Қуёш ботиб, атрофни қуюқ қоронғилик босди. Шу пайт, тутаб турган ўчоқ кўринди-да, ловуллаган бир машъал бўлакларга ажратилган ҳайвонларнинг ўртасидан ўтиб кетди.
18 Ўша куни Яҳова Ибром билан аҳдлашиб+, шундай деди: «Зурриётингга Миср дарёсидан тортиб, буюк Фурот дарёсигача бўлган юртни+:
19 хайинийлар+, ханазийлар, кадмонийлар,
20 хетийлар+, паризийлар+, рафаимлар+,
21 аморийлар, канъонликлар, гиргошийлар ва ёбусийларнинг ерларини бераман»+.
Изоҳлар
^ Сўзма-сўз «уруғ».
^ Сўзма-сўз «ўз пушти камарингдан бўладиган».
^ Сўзма-сўз «уруғинг».
^ Ёки «қумри».
^ Ўша пайтларда аҳд қилиш мақсадида ҳайвонни икки бўлакка бўлиш ва уларнинг ўртасидан ўтиш одати бўлган.