Ибтидо 16:1–16
-
Ҳожар ва Исмоил (1–16)
16 Ибромнинг хотини Сорай бефарзанд эди+. Унинг Ҳожар исмли мисрлик чўриси бор эди+.
2 Сорай Ибромга: «Илтимос, гапимга қулоқ солинг! Яҳова менга фарзанд бермади. Шунинг учун, чўримнинг ёнига киринг. Эҳтимол, шу йўсин мен фарзандли бўларман»+,— деб айтди. Ибром Сорайнинг гапига қулоқ солди.
3 Ибром Канъон юртида яшаётганига ўн йил бўлганда, унинг хотини Сорай мисрлик чўриси Ҳожарни эри Ибромга хотин қилиб берди.
4 Шундай қилиб, Ибром Ҳожарга яқинлашди ва у ҳомиладор бўлди. Ҳожар ҳомиладор эканини билгач, бекасини менсимай қўйди.
5 Шунда Сорай Ибромга: «Менинг таҳқирланишимга сиз жавобгарсиз. Ўзим чўримни қўйнингизга солиб қўйдим*. У эса ҳомиладор эканини билганидан кейин мени назарига илмай қўйди. Энди орамиздаги бу масалани Яҳовага солдим»,— деб айтди.
6 Ибром Сорайга: «Мана, чўринг ўз измингда. У билан қандай йўл тутишни маъқул деб билсанг, шундай қил»,— деди. Сўнгра, Сорай чўрисини камсита бошлади ва Ҳожар ундан қочиб кетди.
7 Кейинроқ Яҳованинг фариштаси уни саҳродаги булоқ — Шурга+ олиб борадиган йўлдаги булоқ ёнидан топди.
8 У: «Эй, Сорайнинг чўриси Ҳожар, қаердан келиб, қаерга кетяпсан?» — деб сўради. Ҳожар унга жавобан: «Мен бекам Сорайдан қочиб келяпман»,— деди.
9 Яҳованинг фариштаси унга: «Бекангнинг олдига қайтиб бор ва унга итоатли бўлиб юр»,— деб айтди.
10 Сўнг Яҳованинг фариштаси: «Сенинг зурриётингни* шунчалик кўпайтираманки, уларнинг саноғига етолмайсан»+,— деди.
11 Яҳованинг фариштаси унга яна шуларни айтди: «Сен ҳомиладорсан ва ўғил туғиб, исмини Исмоил* қўясан, чунки Яҳова сенинг фарёдингни эшитди.
12 Ўғлинг ёввойи эшакдай* бўлади. У ҳаммага қарши, ҳамма унга қарши чиқади. У барча биродарларининг ёнида яшаб юради*».
13 Ҳожар ўзи билан гаплашган Яҳовага мурожаат қилиб: «Сен ҳамма нарсани кўра оладиган* Худосан»+,— деди. Чунки Ҳожар: «Ҳақиқатан ҳам бу ерда мени кўриб турганни кўрдимми?» — деб ўйлаган эди.
14 Шунинг учун ушбу булоқ Бэр-Лахай-Руй*, деб аталиб қолди. (Бу булоқ Кадеш билан Бариднинг ўртасида жойлашган.)
15 Ҳожар Ибромга ўғил туғиб берди ва Ибром ўғлининг исмини Исмоил қўйди+.
16 Ҳожар Исмоилни туққанида, Ибром 86 ёшда эди.
Изоҳлар
^ Сўзма-сўз «қўлингизга бердим».
^ Сўзма-сўз «уруғингни».
^ Маъноси «Худо эшитади».
^ Ёки «қулон». Айримларнинг фикрича «зебра». Эҳтимол бу, ўта кучли мустақиллик руҳини намоён этишига ишора қилган.
^ Бошқа вариант «барча биродарларига душман бўлиб яшайди».
^ Ёки «мени кўриб турган»; ёки «Ўзини кўрсатган».
^ Маъноси «мени кўриб турган барҳаёт Зотнинг булоғи».