Ибтидо 2:1–25

  • Еттинчи кун Аллоҳ дам олади (1–3)

  • Тангри Яҳова ер билан осмоннинг Яратувчиси (4)

  • Эркак ва аёл Адан боғида (5–25)

    • Одам тупроқдан яратилган (7)

    • Тақиқланган дарахт (15–17)

    • Аёл яратилади (18–25)

2  Шундай қилиб, осмон билан ернинг ва улардаги барча нарсаларнинг* яратилиши ўз ниҳоясига етди+. 2  Еттинчи кунга келиб, Худо ишларини тамомлади. Ишларини битириб бўлгач, еттинчи куни дам олишни бошлади+. 3  Кейин Аллоҳ еттинчи кунни муборак қилиб, муқаддас деб эълон этди, чунки шу куни Аллоҳ ният қилган яратиш ишларини тугатиб, дам олишни бошлади. 4  Бу — осмон билан ернинг яратилиш тарихи. Шу куни Тангри Яҳова* ер билан осмонни яратди+. 5  Ер юзида ҳали бута ҳам, ўсимлик ҳам ўсиб чиқмаган эди, чунки Тангри Яҳова ер юзига ёмғир ёғдирмаган эди ва ерга ишлов бериш учун одам ҳам йўқ эди. 6  Бироқ ердан буғ кўтарилиб, бутун ер юзини суғориб турарди. 7  Сўнг Худованд Яҳова ернинг тупроғидан+ одамни яратиб, бурнига ҳаёт нафасини+ пуфлади ва одам тирик жон* бўлди+. 8  Тангри Яҳова шарқ томонда, Адан*+ деган жойда бир боғни барпо қилиб, Ўзи яратган одамни ўша ерга жойлаштирди+. 9  Шундан кейин, Аллоҳ Яҳова кўзга ёқимли ва емоққа яхши бўлган турли дарахтларни ўстирди. Шунингдек, боғнинг ўртасида ҳаёт дарахтини+ ҳамда нима яхши ва нима ёмон эканини билдирадиган дарахтни+ ҳам ўстирди. 10  Адандан боғни суғориб турган дарё оқиб чиқарди ва кейин тўртта дарёга бўлиниб кетарди. 11  Биринчисининг номи Пишон бўлиб, у бутун Хавила юрти бўйлаб оқиб ўтади. У ерда олтин бор. 12  Ўша ернинг олтини юқори сифатлидир. Шунингдек, у ерда хушбўй елим ва оникс тоши бор. 13  Иккинчи дарёнинг номи Гихўн бўлиб, у бутун Куш* диёри бўйлаб оқиб ўтади. 14  Учинчи дарёнинг номи Дажла*+ бўлиб, у Оссуриядан+ шарқ томонга қараб оқади. Тўртинчи дарё эса Фуротдир+. 15  Худованд Яҳова, Адан боғига ишлов берсин ва уни парвариш қилсин дея, одамни у ерга жойлаштирди+. 16  Тангри Яҳова одамга шундай амр берди: «Боғдаги ҳар қандай дарахтнинг мевасидан тўйгунингча еявер+. 17  Аммо нима яхши ва нима ёмон эканини билдирадиган дарахтнинг мевасидан емаслигинг керак, акс ҳолда, ундан еган куни ўласан»+. 18  Кейин Аллоҳ Яҳова: «Одамнинг бир ўзи бўлиши яхши эмас. Уни тўлдириб турадиган ёрдамчини яратаман»+,— деб айтди. 19  Тангри Яҳова тупроқдан ҳар хил ёввойи ҳайвонларни, осмонда учиб юрувчи турли жониворларни яратиб, уларнинг ҳар бирига қандай ном берар экан дея, уларни одамнинг олдига келтира бошлади. Одам ҳар бир тирик жонга қандай ном берган бўлса, унинг номи шундай бўлди+. 20  Одам барча уй ҳайвонларига, осмонда учиб юрувчи турли жониворларга ва ҳар хил ёввойи ҳайвонларга ном берди. Бироқ одамни тўлдириб турадиган ёрдамчи йўқ эди. 21  Шунинг учун Худованд Яҳова одамни қаттиқ ухлатиб қўйди ва у ухлаётганда, қовурғаларидан биттасини олиб, ўша жойини эт билан қоплади. 22  Кейин Аллоҳ Яҳова одамдан олинган қовурғадан аёлни барпо қилиб, уни одамнинг олдига келтирди+. 23  Шунда одам деди: «Мана, ниҳоят менинг суягимдан олинган суяк,Менинг этимдан олинган эт. У “аёл” деб аталади,Зеро, у эркакдан* олингандир»+. 24  Шунинг учун эркак киши ўз ота-онасини қолдириб, хотинига боғланиб* қолади ва улар бир тан бўлишади+. 25  Уларнинг иккаласи: одам ҳам, хотини ҳам яланғоч юришарди+, аммо бир-биридан уялишмас эди.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «уларнинг барча қўшинлари»
Бу, Худони бошқалардан ажратиб турадиган шахсий исми учраган илк оят. Ибронийча יהוה (ЙҲВҲ). Илованинг А4 мавзусига қ.
Ибр. нефеш. Бу, сўзма-сўз «нафас оладиган мавжудот» деган маънога эга. Луғатга қ.
Маъноси «роҳатланиш; лаззатланиш».
Ёки «Ҳабашистон (Эфиопия)».
Ибр. Хиддекел.
«Эркак» ва «аёл» деб таржима қилинган ибронийча сўзларнинг талаффузи бир-бирига ўхшаш. «Эркак» ибр. иш, «аёл» ибр. ишша.
Бу ерда қўлланилган ибронийча сўз «елим билан ёпиштирилгандай ёпишиб қолиш, маҳкам бирикиб қолиш», деган маънога эга.