Ибтидо 21:1–34

  • Исҳоқ туғилади (1–7)

  • Исмоил Исҳоқни масхара қилади (8, 9)

  • Ҳожар ва Исмоил ҳайдалади (10–21)

  • Иброҳим Абумалек билан аҳд қилади (22–34)

21  Яҳова Ўзи айтганидай, Сорага эътиборини қаратди. Яҳова Сорага берган ваъдасини бажо келтирди+. 2  Шу тариқа, Сора ҳомиладор бўлиб+, кексайиб қолган Иброҳимга ваъда қилинган вақтда ўғил туғиб берди+. 3  Иброҳим, Сора унга туғиб берган ўғлининг исмини Исҳоқ қўйди+. 4  Иброҳим Худо буюрганидай, ўғли Исҳоқни саккиз кунлигида суннат қилди+. 5  Ўғли Исҳоқ туғилганида, Иброҳим 100 ёшда эди. 6  Ўшанда Сора: «Аллоҳ кулишимга сабабчи бўлди. Бу ҳақда эшитган ҳар ким менга қўшилиб кулади*»,— деб айтди. 7  У яна: «Иброҳимнинг хотини Сора бола эмизади, деб ким ҳам ўйларди? Аммо қариган чоғларида мен у кишига ўғил туғиб бердим»,— деди. 8  Вақт ўтгач, бола ўсиб, кўкракдан айрилди. Исҳоқ кўкракдан айрилган куни Иброҳим катта зиёфат берди. 9  Лекин Сора, Иброҳимнинг мисрлик Ҳожардан+ туғилган ўғли Исҳоқни масхара қилаётганини пайқаб қолди+. 10  Шунда у Иброҳимга: «Мана бу чўри билан ўғлини ҳайдаб юборинг. Чунки бу чўрининг ўғли менинг ўғлим Исҳоқ билан бирга меросхўр бўлмайди!»+ — деди. 11  Аммо ўғли ҳақида айтилган бу сўзлар Иброҳимга жуда оғир ботди+. 12  Худо эса Иброҳимга шундай деди: «Боланг ҳамда чўринг ҳақида Соранинг айтганларидан кўнглинг чўкмасин. Унинг гапларига қулоқ сол, чунки сенга ваъда қилинган зурриёт* Исҳоқдан келиб чиқади+. 13  Чўрининг ўғлига келсак+, у сенинг зурриётинг бўлгани боис, ундан бир халқ келтириб чиқараман»+. 14  Иброҳим саҳар туриб, нонни ва сув қуйилган мешни олди-да, Ҳожарнинг елкасига юклаб, ўғли билан бирга жўнатиб юборди+. Шу тариқа, Ҳожар йўлга равона бўлди ва Бэршэва чўлида адашиб қолди+. 15  Мешдаги сув тугагач, Ҳожар боласини бир бутанинг тагида қолдириб кетди. 16  Ўзи эса: «Ўғлимнинг ўлишини кўришни истамайман»,— дея, бир ўқ отими нарига бориб ўтирди. У узоқроқ жойда ўтирганча, уввос солиб йиғлай бошлади. 17  Тангри боланинг овозини эшитди+ ва Унинг фариштаси осмондан Ҳожарга мурожаат қилиб, шундай деди+: «Ҳожар, нега йиғлаяпсан? Қўрқма, Худо боланинг йиғисини унинг ётган жойидан эшитди. 18  Ўрнингдан тургин-да, болани турғизиб, қўлидан маҳкам ушлаб ол. Чунки мен ундан буюк бир халқ келтириб чиқараман»+. 19  Сўнг Аллоҳ Ҳожарнинг кўзларини очди ва у бир қудуқни кўриб қолди. Шунда у мешга сув тўлдириб келиб, болага ичирди. 20  Бола+ ўсиб-улғайган сайин, Тангрининг илтифотига сазовор бўлиб борарди. У чўлда яшаб, камончи бўлиб етишди. 21  У Порон чўлида+ яшарди ва онаси унга Миср юртидан хотин олиб берди. 22  Ўша пайтда Абумалек лашкарбошиси Пихол билан келиб, Иброҳимга: «Сиз нимаики қилсангиз, Худо доим сиз билан бирга экан+. 23  Шу боис, на мен, на ўғилларим, на ўғилларимнинг ўғиллари билан мунофиқларча йўл тутмасликка ҳамда мен сизга содиқ бўлганимдай*, сиз ҳам менга ва сиз мусофир бўлиб яшаётган шу юрт одамларига садоқатли бўлишга Аллоҳ олдида қасам ичинг»+,— деди. 24  Иброҳим: «Қасам ичаман»,— деб айтди. 25  Бироқ Иброҳим Абумалекка, унинг хизматкорлари зўрлик билан тортиб олган қудуқ тўғрисида айтиб, норозилигини билдирди+. 26  Абумалек эса: «Ким бундай қилганидан хабарим йўқ. Сиз менга ҳеч нарса демаган эдингиз, ўзим ҳам шу кунгача бу ҳақда эшитмагандим»,— деб айтди. 27  Шундан сўнг, Иброҳим Абумалекка қўйлари ҳамда қорамолидан берди ва иккаласи аҳд қилди. 28  Иброҳим сурувидан еттита урғочи қўйни ажратиб қўйганида, 29  Абумалек Иброҳимдан: «Бу еттита урғочи қўйни нега ажратиб қўйдингиз?» — деб сўради. 30  Иброҳим: «Бу қудуқни мен қазиганимнинг далили сифатида, шу еттита урғочи қўйни мендан қабул қилинг»,— деди. 31  У ўша жойни Бэршэва*+ деб атади, чунки иккаласи ҳам ўша ерда қасам ичди. 32  Улар Бэршэвада аҳдлашгандан+ кейин, Абумалек лашкарбошиси Пихол билан бирга ўрнидан туриб, филистимликларнинг юртига қайтди+. 33  Бундан сўнг, Иброҳим Бэршэвада юлғун дарахтини ўтказди ва ўша ерда у абадият Худоси+ бўлмиш Яҳованинг исмини айтиб чақирди+. 34  Иброҳим филистимликларнинг юртида узоқ вақт яшади*+.

Изоҳлар

Бошқа вариант «устимдан кулади».
Сўзма-сўз «уруғ».
Ёки «меҳр-садоқат кўрсатганимдай».
Тахминий маъноси «қасам қудуғи ёқи еттилар қудуғи».
Ёки «мусофир бўлиб яшади».