Ибтидо 28:1–22
28 Исҳоқ Ёқубни чақириб уни дуо қилди-да, шундай деб йўл-йўриқ берди: «Канъонлик қизлардан хотин олма+.
2 Паддон-Оромга, бобонг Батувалнинг хонадонига бориб, тоғанг Лобоннинг қизларидан+ бирини хотинликка ол.
3 Қодир Тангри сенга барака беради, серфарзанд қилиб, наслингни кўпайтиради ва сендан кўп халқлар келиб чиқади+.
4 Аллоҳ Иброҳимга берган ва сен мусофир бўлиб яшаётган юртга эгалик қилишинг учун, Худо сенга ва зурриётингга* Иброҳимга ваъда қилган баракасини ато этади»+.
5 Исҳоқ Ёқубни жўнатиб юборди ва у Паддон-Оромга, Ёқуб билан Эсовнинг онаси Ривқонинг акасиникига+, яъни оромий Батувалнинг+ ўғли Лобонникига йўл олди.
6 Исҳоқ Ёқубни дуо қилиб, унга: «Канъонлик қизлардан хотин олма»+,— дея йўл-йўриқ бериб, хотин олиш учун уни Паддон-Оромга юборганини Эсов кўрди.
7 Ёқуб ота-онасига қулоқ солиб, Паддон-Оромга жўнади+.
8 Шунда Эсов, канъонлик қизлар отаси Исҳоққа ёқмаслигини тушуниб қолди+.
9 Хуллас, Эсов амакиси Исмоилнинг* олдига борди ва бошқа хотинларига қўшиб, Исмоилнинг қизи Махалатни хотинликка олди. Махалатнинг Наваёт деган акаси бор эди+.
10 Ёқуб Бэршэвани тарк этиб, Хорон+ томонга йўл олди.
11 Бир қанча вақтдан кейин, у бир жойга етиб келди ва қуёш ботаётгани сабабли ўша ерда тунаб қолмоқчи бўлди. Ўша ерда ётган тошлардан бирини олди-да, бошининг тагига қўйди ва ётиб ухлади+.
12 Ёқуб туш кўрди. Тушида, бир учи ерга тегиб турган, иккинчи учи осмонга етадиган бир зинани* кўрди. Худонинг фаришталари шу зинадан чиқиб-тушиб юрган эди+.
13 Зинанинг тепасида Яҳова турган эди ва У шундай деди:
«Мен, бобонг Иброҳимнинг ва отанг Исҳоқнинг Худоси Яҳоваман+. Сен ётган мана шу юртни, Мен сенга ва зурриётингга бераман+.
14 Зурриётинг ернинг қумидай сон-саноқсиз бўлиб+, ғарбу шарққа, шимолу жанубга тарқалади. Сен ва сенинг зурриётинг орқали ер юзидаги барча халқлар* барака топади+.
15 Мен сен биланман. Қаерга борсанг, сени ҳимоя қиламан ва сени мана шу юртга қайтариб олиб келаман+. Сенга берган ваъдамни амалга оширмагунимча, сени тарк этмайман»+.
16 Сўнг Ёқуб уйғониб кетди-да: «Чиндан ҳам Яҳова шу ерда экан, мен буни билмаган эканман»,— деди.
17 У даҳшатга тушиб: «Нақадар қўрқинчли* экан бу жой! Бу ер чиндан ҳам Худонинг уйи+, осмон дарвозаси экан»+,— деди.
18 Ёқуб эрта саҳар ўрнидан турди-да, бошининг тагига қўйган тошни олиб, ундан бир ёдгорлик барпо қилди ва устидан мой қуйди+.
19 Сўнг ўша жойга Байтил* деб ном берди. Илгари бу жой яқинидаги шаҳар Луз+ деб аталарди.
20 Кейин Ёқуб қасам ичиб: «Агар Тангри мен билан бўлса, сафарим давомида мени ҳимояласа, егани нон, кийгани кийим берса
21 ва отамнинг уйига эсон-омон қайтариб олиб келса, шу орқали Яҳова чиндан ҳам менинг Худойим эканини кўрсатади.
22 Ёдгорлик сифатида ўрнатган мана бу тош Худонинг уйи+ бўлади ва Сен менга берган ҳар бир нарсадан Сенга ушр* бераман»,— деди.
Изоҳлар
^ Сўзма-сўз «уруғингга».
^ Ёки «Исмоилнинг ўғиллари». У пайтга келиб Исмоил вафот этган эди. Эсов эса тахминан 77 ёшда бўлган. Ибт 25:17, 26 га қ.
^ Ёки «нарвонни».
^ Сўзма-сўз «оилалар».
^ Ёки «эҳтиром ҳиссини уйғотадиган».
^ Маъноси «Худонинг уйи».
^ Сўзма-сўз «ўндан бирини».