Ибтидо 31:1–55
31 Вақт ўтиб Лобоннинг ўғиллари: «Ёқуб отамизнинг бор нарсасини олиб қўйди ва отамизга тегишли мол-мулк ҳисобидан бойлик орттирди»+,— деб айтган сўзларини Ёқуб эшитиб қолди.
2 Ёқуб Лобоннинг юзига қараб, унинг муносабати ўзгариб қолганини пайқади+.
3 Шунда Яҳова Ёқубга: «Ота-боболаринг ва қариндошларинг юртига қайт+, Мен сен билан бўламан»,— деди.
4 Сўнг Ёқуб Роҳила билан Леахни далага, мол боқиб юрган жойига чақиртириб,
5 уларга шундай деди:
«Отангизнинг муносабати менга илгаригидай эмаслигини пайқадим+, аммо отамнинг Худоси мени ташлаб қўймади+.
6 Ахир отангизга бор кучим билан хизмат қилганимни ўзларингиз яхши биласизлар+.
7 У мени алдамоқчи бўлиб хизмат ҳақимни ўн марта ўзгартирди. Лекин Аллоҳ, у менга зиён етказишига йўл қўймади.
8 Лобон: “Чипор моллар хизмат ҳақинг бўлади”,— деб айтганда, барча моллар чипор бўлиб туғилди, бироқ: “Холдор моллар хизмат ҳақинг бўлади”,— деганда, ҳамма моллар холдор бўлиб туғилди+.
9 Шу йўсин, Худо молларни отангиздан тортиб олиб, менга берди.
10 Бир куни тушимда, моллар жуфтлашаётганини кўрдим. Қарасам, жуфтлашган такалар чипор, холдор ва ола-була экан+.
11 Шунда ҳақ Тангрининг фариштаси тушимда менга: “Ёқуб!” — деди. Мен: “Лаббай”,— деб жавоб бердим.
12 Фаришта шундай деди: “Бошингни кўтариб қара, жуфтлашган барча такалар чипор, холдор ва ола-була. Чунки Лобон сен билан қандай йўл тутаётганини кўрдим+.
13 Мен Байтилда+ сенга зоҳир бўлган ҳақ Худоман. У ерда бир тошни бағишлаб*, Менга ваъда берган эдинг+. Ҳозир бўлса, бу юртдан чиқиб, туғилган юртингга қайт”»+.
14 Роҳила билан Леах қуйидагича жавоб беришди: «Отамизнинг уйида ҳеч қандай мерос ёки улушимиз қолмаган.
15 Биз отамиз учун худди бегоналардай бўлиб қолганмиз. Ахир у бизни сотиб, ўша пулга яшаб юрибди-ку+.
16 Худо отамиздан тортиб олган ҳамма мол-мулк бизга ва фарзандларимизга тегишли+. Шунинг учун, Аллоҳнинг барча айтганларини бажаринг»+.
17 Сўнг Ёқуб ўрнидан турди-да, фарзандлари ва хотинларини туяларга ўтқазиб+,
18 тўплаган бутун мулкини+ ва Паддон-Оромда эга бўлган барча молларини олди-да, Канъон юртига+, отаси Исҳоқникига йўл олди.
19 Лобон қўйларининг жунини қирққани кетганидан фойдаланиб, Роҳила отасининг+ хонаки бутларини*+ ўғирлади.
20 Ёқуб бўлса, кетаётгани ҳақида оромий Лобонга ҳеч нарса айтмай, уни алдаб кетди.
21 У бутун мол-мулкини олиб, қочиб кетди ва Фурот+ дарёсига етиб, уни кечиб ўтди. Сўнг Гиладнинг+ тоғли ҳудудига қараб йўл олди.
22 Уч кун ўтгач, Лобонга Ёқубнинг қочиб кетганини айтишди.
23 Шунда у қариндошларини олиб, Ёқубнинг орқасидан қувиб кетди. Етти кундан кейин Гиладнинг тоғли ҳудудида унга етиб олди.
24 Аммо кечаси Аллоҳ оромий Лобоннинг+ тушига кириб+: «Ёқубга ёмон гапириб юрмагин»+,— деб айтди.
25 Хуллас Лобон Ёқубга етиб олди. Ёқуб чодирини Гиладнинг тоғли ҳудудида ўрнатган эди. Лобон ҳам қариндошлари билан бирга ўша жойга чодир тикди.
26 Лобон Ёқубга шундай деди: «Бу нима қилганинг? Нега мени алдаб, қизларимни асирлардай олиб кетдинг?
27 Нега менга ҳеч нарса айтмай, яширинча қочиб кетдинг? Нима учун мени алдадинг? Менга бир оғиз айтганингда, сени хурсандчилик ва қўшиқлар билан, чилдирма ва арфа чалиб кузатардим.
28 Сен бўлса, невараларим ва қизларимни ўпиб хайрлашишимга имкон бермадинг. Сен ақлсизларча йўл тутдинг.
29 Сенга зиён етказиш қўлимдан келади, бироқ ўтган кеча отангнинг Худоси менга: “Ёқубга ёмон гапириб юрмагин”+,— деб айтди.
30 Эҳтимол, сен отангнинг уйини соғинганинг учун қайтмоқчи бўлгандирсан. Лекин нега худоларимни ўғирладинг?»+
31 Ёқуб Лобонга: «Қизларингизни мендан тортиб оласиз, деб қўрққаним учун шундай қилдим.
32 Худоларингизга келсак, уларни кимдан топсангиз, у тирик қолмасин. Қариндошларингиз олдида ҳамма нарсаларимни титкилаб чиқинг. Агар сизнинг нарсаларингиз бўлса, олиб кетинг»,— деди. Худоларни Роҳила ўғирлаганини Ёқуб билмас эди.
33 Лобон Ёқубнинг, кейин Леахнинг, сўнг иккита чўрининг+ чодирига кирди, лекин ҳеч нарса топмади. Кейин у Леахнинг чодиридан чиқиб, Роҳиланинг чодирига кирди.
34 Бу орада Роҳила хонаки бутларни олиб, туя эгарининг ичига солди ва устига ўтириб олди. Лобон эса бутун чодирнинг ичини ахтариб чиқди, аммо ҳеч нарса топмади.
35 Шунда Роҳила отасига: «Ўрнимдан турмаганимга тақсиримнинг жаҳллари чиқмасин, чунки мен аёлларда бўлиб турадиган одатий касалликка йўлиққанман»+,— деди. Шундай қилиб, Лобон ҳамма жойни синчиклаб ахтарди, лекин бутларни топмади+.
36 Ёқубнинг ғазаби келиб, Лобонни танқид қила бошлади. У Лобонга шундай деди: «Қайси жиноятим, қайси гуноҳим учун мени бунчалар таъқиб қиляпсиз?
37 Мана, уйимни титкилаб чиқдингиз, уйингизга тегишли бирор нарса топдингизми? Уларни ўзингизнинг ва менинг қариндошларим олдига қўйинг, ким ҳақ эканини улар ҳал қилишсин.
38 Сўнгги 20 йил давомида сизникида юрдим. Қўй-эчкиларингиз чала туғиб қўймади+, сурувингиздан бирорта ҳам қўчқорни емадим.
39 Ёввойи ҳайвонлар+ ғажиб ташлаган молларни сизга олиб келмай, зарарини ўзим қоплаганман. Мол кундузи ўғирланадими ёки кечасими, ҳақини мендан талаб қилардингиз.
40 Кундузи иссиқдан, кечаси совуқдан қийналиб, кўзларимдан уйқу қочарди+.
41 Мана, уйингизда 20 йил шу аҳволда яшадим. Иккита қизингиз учун 14 йил, сурувингиз учун эса 6 йил сизга ишлаб бердим. Сиз бўлса хизмат ҳақимни ўн марта ўзгартирдингиз+.
42 Агар отамнинг Худоси+, Иброҳимнинг Тангриси ва Исҳоқ қўрққан Зот+ мен томонда бўлмаганида, ҳозир мени бўш қўл билан жўнатган бўлардингиз. Аллоҳ қайғуларимни ва заҳмат чекиб меҳнат қилганимни кўргани учун, ўтган кеча сизни огоҳлантирди»+.
43 Лобон Ёқубга деди: «Бу аёллар менинг қизларим, бу болалар менинг невараларим, бу сурув ҳам меники ва сен кўриб турган барча нарса меники ҳамда қизларимники. Наҳотки, бугун мен уларга ёки улар туққан болаларга қарши ёмонлик қилсам?
44 Энди кел, икковимиз аҳдлашайлик, у орамизда гувоҳ бўлиб хизмат қилсин».
45 Шунда Ёқуб тошни олди-да, уни ёдгорлик қилиб ўрнатди+.
46 Ёқуб қариндошларига: «Тош тўпланглар!» — деди. Улар тошларни тўплаб, уюм ҳосил қилишди. Кейин эса, ўша уюм устида еб-ичишди.
47 Лобон уни Ёгар-Садуто* деб, Ёқуб бўлса Галед* деб атади.
48 Лобон: «Бугун бу тош уюми орамизда гувоҳдир»,— деди. Шу боис, у Галед+ деб номланди.
49 Бундан ташқари, у Кузатув минораси* деб аталди, чунки Лобон: «Биз бир-биримиздан айрилиб кетганимизда, сен билан мен нима қилаётганимизни Яҳова кўриб турсин.
50 Қизларимга ёмон муносабатда бўлсанг ва уларнинг устига яна хотин олсанг, эсингда бўлсин, ҳатто ҳеч ким кўрмаса ҳам, орамизда шоҳид бўлган Худо кўриб туради»,— деб айтди.
51 Лобон Ёқубга яна қуйидагиларни айтди: «Мана бу ёдгорлик тоши ва тош уюми икковимизнинг ўртамиздадир.
52 Сенга ёмонлик қилиш ниятида бу тош уюмидан ўтмаслигимга, сен ҳам менга ёмонлик қилиш ниятида бу тош уюми ва ёдгорлик тошидан нари ўтмаслигингга, мана шу ёдгорлик тоши билан тош уюми шоҳиддир+.
53 Иброҳимнинг Худоси+ ва Нахўрнинг Тангриси, яъни ота-боболаринг Худоси бизни ҳукм қилсин». Ёқуб эса, отаси Исҳоқ қўрқадиган Зотнинг+ номи билан қасам ичди.
54 Шундан кейин, Ёқуб тоғда қурбонлик келтирди ва қариндошларини дастурхонга таклиф қилди. Улар еб-ичиб, тоғда тунаб қолишди.
55 Лобон эрталаб туриб, невараларию+ қизларини ўпди-да, уларни дуо қилиб+, уйига қайтиб кетди+.
Изоҳлар
^ Сўзма-сўз «мойлаб».
^ Оромийча бу ибора «шоҳидлик уюми» деган маънога эга.
^ Ибронийча бу ибора «шоҳидлик уюми» деган маънога эга.
^ Ёки «Миспах». Ибронийчада «Қўриқчи минораси; кузатув жойи» деган маънога эга.