Ибтидо 32:1–32
32 Ёқуб йўл юриб кетаётганида, Худонинг фаришталари унга учраб қолди.
2 Уларни кўриши биланоқ, у: «Бу Тангрининг қароргоҳи!» — деб айтди. Шунинг учун ўша жойни Моханайим* деб атади.
3 Сўнг Ёқуб ўзидан олдин Эдом+ ҳудудидаги* Сеир+ юртига, акаси Эсовнинг олдига хабарчиларини юборди.
4 Уларга шундай деб буюрди: «Хўжайиним Эсовга мана шуларни айтасизлар: “Хизматкорингиз Ёқуб: “Мен шу кунгача, кўп йиллар мобайнида Лобонникида мусофир бўлиб яшаб келдим+.
5 Ҳозирга келиб буқалар, эшаклар, қўйлар ҳамда қул-чўрилар орттирдим+ ва хўжайиним бўлмиш сизнинг назарингизда марҳамат топиш учун, бу ҳақда сизни хабардор қиляпман”,— деди”».
6 Бир оз вақт ўтгач, хабарчилар қайтиб келиб, Ёқубга: «Акангиз Эсов билан учрашдик, у сиз билан кўришиш учун йўлга чиқди, унинг олдида 400 та киши ҳам бор»+,— деб айтишди.
7 Ёқуб қўрқиб, ваҳимага тушди+. У ўзининг одамларини, қўй-эчкиларини, қорамолларини ва туяларини иккита қароргоҳга ажратиб қўйди.
8 Кейин у: «Агар акам Эсов битта қароргоҳга ҳужум қилса, бошқаси омон қолади»,— деди.
9 Сўнг Ёқуб шундай ибодат қилди: «Ё Худо, бобом Иброҳимнинг ва отам Исҳоқнинг Тангриси, эй Яҳова, Сен менга: “Ўз юртинг ва қариндошларинг ёнига қайт, Мен сенга барака ато этаман”+,— деб айтган эдинг.
10 Лекин хизматкорингга кўрсатган меҳр-садоқатингга ва хайрихоҳлигингга+ лойиқ эмасман. Иордан дарёсидан ўтганимда, ҳассамдан бошқа ҳеч нарсам йўқ эди. Энди эса хонадоним иккита қароргоҳни ташкил этади+.
11 Ўтиниб сўрайман+, акам Эсовнинг қўлидан мени қутқаргин, чунки у келиб, менга ва фарзандларим билан оналарига ҳужум қилади, деб қўрқяпман+.
12 Ахир Ўзинг: “Мен сенга барака ато этаман ва зурриётингни* денгиз соҳилидаги қумдай сон-саноқсиз қиламан”+,— деб айтган эдинг-ку».
13 Ёқуб у ерда тунаб қолди. Сўнг акаси Эсовга тортиқ этиш учун молларни ажратиб қўйди+.
14 Унга 200 та урғочи эчки, 20 та така, 200 та урғочи қўй, 20 та қўчқор,
15 бўталоқлари билан биргаликда 30 та соғин туя, 40 та сигир, 10 та буқа, 20 та урғочи эшак ва 10 та ҳанги эшак ажратди+.
16 Кейин уларни пода-пода қилиб, хизматкорларига топширди-да: «Мендан олдин дарёни кечиб ўтинглар-да, ҳар бир поданинг орасида масофа қолдириб, ҳайдаб боринглар»,— деди.
17 У хизматкорининг биринчисига шундай деди: «Агар акам Эсов сени учратиб: “Хўжайининг ким? Қаерга кетяпсан? Сен ҳайдаб келаётган пода кимники?” — деб сўраса,
18 сен: “Хизматкорингиз Ёқубники. Бу, хўжайиним Эсовга юборилган совғадир+. Унинг ўзи ҳам орқамиздан келяпти”,— деб айт».
19 Ёқуб шунингдек, хизматкорининг иккинчиси, учинчиси ва подаларини ҳайдаб борадиган барчасига шундай деб буюрди: «Эсовни учратганингизда, шу сўзларни айтинглар.
20 Бундан ташқари: “Хизматкорингиз Ёқуб орқамиздан келяпти”,— деб айтинглар». Чунки у: «Агар юборган совғам билан акамнинг қалбини юмшата олсам+, у билан кўришганимда, мени яхши кутиб олар»,— деб кўнглидан ўтказди.
21 Шундай қилиб, Ёқуб тортиқ қилмоқчи бўлган моллар ундан олдин дарёни кечиб ўтди, ўзи эса қароргоҳда тунаб қолди.
22 Ўша тунда Ёқуб ўрнидан турди-да, иккита хотинини+, иккита чўрисини+ ва 11 та ўғлини олиб, Явоқ+ сойини кечиб ўтди.
23 Шундай қилиб, Ёқуб уларни ҳамда бор мол-мулкини сойдан* ўтказди.
24 Ниҳоят, Ёқуб ёлғиз қолди. Ўшанда бир киши* келиб, у билан тонг отгунча курашди+.
25 У Ёқубни енга олмаслигини кўриб, унинг бўксасига тегди. Шу боис, улар курашаётганда Ёқубнинг сон суяги жойидан чиқиб кетди+.
26 Кейин у: «Мени қўйиб юбор, тонг отай деб қолди»,— деди. Ёқуб бўлса: «Мени дуо қилмагунингга қадар, сени қўйиб юбормайман»+,— деб жавоб берди.
27 Шунда у: «Исминг нима?» — деб сўради. У: «Ёқуб»,— деди.
28 У: «Энди исминг Ёқуб эмас, Исроил*+ бўлади. Сабаби, сен Худо ва одамлар билан курашиб+, ғолиб чиқдинг»,— деб айтди.
29 Ёқуб унга: «Илтимос, менга исмингни айт»,— деди. Бироқ у: «Нега исмимни сўраяпсан?»+ — деди-да, ўша ерда уни дуо қилди.
30 Ёқуб: «Худо билан юзма-юз кўришдим, лекин жоним* омон қолди»+,— деб, у жойни Паниёл*+ деб атади.
31 У Панувалдан* ўтиб кетаётганида, қуёш чиққан эди. Унинг бўксаси жароҳатлангани боис, у оқсаб борарди+.
32 Ёқубнинг бўксаси жароҳатлангани сабабли, ҳозиргача Исроил ўғиллари молнинг чаноқ-сон қисмидаги қуймич пайини ейишмайди.
Изоҳлар
^ Маъноси «иккита қароргоҳ».
^ Сўзма-сўз «даласидаги».
^ Сўзма-сўз «уруғингни».
^ Ёки «водийдан».
^ «Киши» сўзи инсон қиёфасига кирган фариштани англатади.
^ Маъноси «Худо билан (зўр бериб) курашувчи» ёки «Худо курашади».
^ Ёки «ҳаётим».
^ Маъноси «Худонинг юзи».
^ 30- оятдаги Паниёл.