Ибтидо 35:1–29

  • Ёқуб сохта худоларни йўқ қилади (1–4)

  • Ёқуб Байтилга қайтади (5–15)

  • Бенямин туғилади, Роҳила ўлади (16–20)

  • Исроилнинг 12 та ўғли (21–26)

  • Исҳоқнинг ўлими (27–29)

35  Бундан кейин Аллоҳ Ёқубга: «Йўлга отланиб, Байтилга+ боргин-да, ўша ерга ўрнашгин. У ерда, аканг Эсовдан қочиб кетаётганингда+ сенга зоҳир бўлган ҳақ Худога атаб қурбонгоҳ барпо эт»,— деди. 2  Шунда Ёқуб хонадон аҳлига ва ёнида бўлганларга: «Сизларда бор бўлган сохта худоларнинг бутларини йўқ қилиб+, покланинглар ва кийимларингизни алмаштиринглар. 3  Энди биз Байтилга кетамиз. Ўша ерда, қайғули кунимда менга жавоб берган ҳамда қаерга бормай, доимо ёнимда бўлган ҳақ Тангрига атаб қурбонгоҳ қураман»+,— деб айтди. 4  Улар ўзларида бор бўлган сохта худоларнинг бутларини ва қулоқларидаги сирғаларини* Ёқубга беришди. Ёқуб уларни Шакам яқинидаги катта бир дарахтнинг тагига кўмиб қўйди. 5  Сўнг улар йўлга отланишди. Атрофдаги шаҳарларни Аллоҳнинг даҳшати қамраб олгани сабабли, улар Ёқубнинг ўғиллари ортидан қувишмади. 6  Охири Ёқуб ёнидаги одамлари билан Канъон юртидаги Лузга+, яъни Байтилга етиб келди. 7  У ўша ерда қурбонгоҳ қуриб, бу жойни Эл-Байтил* деб атади. Чунки Ёқуб акасидан қочиб кетаётганида, ҳақ Худо шу ерда унга зоҳир бўлган эди+. 8  Бир қанча вақт ўтгач, Ривқонинг энагаси Добира+ вафот этди ва Байтилнинг яқинидаги эман дарахти тагига дафн этилди. Шу боис, Ёқуб бу дарахтни Олўн-Бакут* деб номлади. 9  Ёқуб Паддон-Оромдан қайтаётганида, Аллоҳ унга яна зоҳир бўлиб, уни муборакбод қилди. 10  Тангри унга: «Сенинг исминг Ёқуб+. Лекин энди исминг Ёқуб эмас, Исроил бўлади»,— деб айтди. Шундай қилиб, уни Исроил+ деб атай бошлади. 11  Сўнг Худо унга: «Мен Қодир Аллоҳман+. Серфарзанд бўлиб, кўпайгин. Сен кўпдан-кўп халқларнинг отаси бўласан+ ва сенинг пушти камарингдан шоҳлар келиб чиқади+. 12  Иброҳим билан Исҳоққа берган шу юртни сенга ва сендан кейинги зурриётингга* бераман»+,— деди. 13  Кейин Худо ўша ердан, у билан гаплашган жойдан кетди. 14  Ёқуб бўлса, Аллоҳ билан гаплашган жойга ёдгорлик тоши ўрнатиб, устига ичимлик назри ва мой қуйди+. 15  Тангри билан гаплашган жойни, Ёқуб илгаригидай Байтил+ деб атади. 16  Сўнг улар Байтилдан йўлга чиқишди. Эфратага етиб боришларига ҳали анча борлигида, Роҳилани тўлғоқ тутиб, у роса қийналди. 17  У тўлғоқ азобини чекаётганида, доя унга: «Қўрқма, яна ўғил кўрасан»+,— деб айтди. 18  Роҳила ўлаётган эди. Унинг жони* узилай деб турганида, у ўғлини Бенўн* деб номлади. Аммо отаси унинг исмини Бенямин*+ деб қўйди. 19  Роҳила ҳаётдан кўз юмди ва уни Эфратанинг, яъни Байтлаҳмнинг+ йўлида дафн этишди. 20  Ёқуб унинг қабрига ёдгорлик тоши ўрнатди. Бу тош ҳозиргача Роҳиланинг қабри устида турибди. 21  Бундан кейин Исроил йўлга отланиб, Эдер минорасининг нариги томонига чодир тикди. 22  Исроил ўша юртда яшаб юрганида, Рубен отасининг чўриси Билхах билан ётди. Бу ҳақда Исроил билиб қолди+. Ёқубнинг 12 та ўғли бор эди. 23  Унинг Леахдан туғилган тўнғич ўғли Рубен+, кейин Шимўн, Леви, Яҳудо, Иссахор ва Забулун. 24  Роҳиладан Юсуф билан Бенямин туғилди. 25  Роҳиланинг чўриси Билхахдан Дан ва Нафтали туғилди. 26  Леахнинг чўриси Зилподан Гад билан Ошер дунёга келди. Ёқубнинг Паддон-Оромда туғилган ўғиллари шулардир. 27  Ниҳоят, Ёқуб отаси Исҳоқнинг олдига, Хират-Арбадаги Мамрега+, яъни Хевронга, Иброҳим билан Исҳоқ мусофир бўлиб яшаган+ жойга етиб келди. 28  Исҳоқ 180 йил яшади+. 29  У узоқ умр кўриб, ҳаётдан мамнун бўлиб вафот этди ва ўз халқига қўшилди*. Уни ўғиллари Ёқуб билан Эсов дафн этишди+.

Изоҳлар

Қадимда бошқа халқлар сирғалардан тумор тариқасида фойдаланишган.
Маъноси «Байтилнинг Худоси».
Маъноси «йиғи эмани».
Сўзма-сўз «уруғингга».
Ёки «ҳаёти».
Маъноси «қайғумнинг ўғли».
Маъноси «ўнг қўлимнинг ўғли».
Бу ибора орқали ўлим шеърий тарзда ифодаланган.