Ибтидо 38:1–30
-
Яҳудо ва Тамара (1–30)
38 Бу орада Яҳудо ака-укаларидан бўлиниб, адулламлик Хирах исмли кишига яқин жойга бориб чодир тикди.
2 У ерда Яҳудо канъонлик+ Шува исмли кишининг қизини кўриб қолди. Яҳудо уни хотинликка олиб, унга яқинлашди ва
3 аёл ҳомиладор бўлиб, ўғил кўрди. Яҳудо унга Ғур+ деб исм қўйди.
4 Аёл яна ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди ва уни Ўнан деб атади.
5 Кейин у яна ўғилли бўлди ва унга Шело деб исм қўйди. Бу пайтда Яҳудо Ахсибда+ эди.
6 Вақти келиб, Яҳудо тўнғичи Ғурни уйлантирди. Хотинининг исми Тамара+ эди.
7 Бироқ Яҳудонинг тўнғич ўғли Ғур, Яҳованинг нафратини келтирди. Шунинг учун Яҳова уни ўлдирди.
8 Шунда Яҳудо Ўнанга: «Акангнинг бевасига уйлан. Шу тариқа қариндошлик бурчини* ўтаб, акангнинг авлодини давом эттир»+,— деди.
9 Аммо Ўнан, туғиладиган фарзанд акасининг авлоди ҳисобланишини биларди+. У акасининг авлодини давом эттирмаслик учун, унинг хотини билан ётганда уруғини ерга тўкар эди+.
10 Унинг бу қилмиши Яҳованинг назарида ёмон иш эди. Шу сабабли, Худо уни ҳам ўлдирди+.
11 Сўнгра Яҳудо келини Тамарага: «Ўғлим Шело ўсиб улғайгунча, ҳеч кимга турмушга чиқмай, отанг уйида яшаб тур»,— деди. Унинг кўнглидан: «Тағин буниси ҳам акаларига ўхшаб ўлиб қолмасин»+,— деган фикр ўтгани учун шундай деди. Хуллас, Тамара отасининг уйида яшаб юрди.
12 Бир мунча вақтдан кейин Шуванинг+ қизи, Яҳудонинг хотини вафот этди. Аза кунлари тугагач, Яҳудо адулламлик дўсти Хирах+ билан бирга Тимнахга+, қўйларининг жунини қирқаётганлар олдига йўл олди.
13 Тамарага: «Қайнатанг қўйларининг жунини қирққани Тимнахга кетяпти»,— деган хабар келди.
14 Тамара бевалик кийимларини ечди-да, рўмолга ўраниб, юзини ёпди ва Тимнахга олиб борадиган йўл бўйида жойлашган Энайимга кираверишда ўтириб олди. У Шело ўсиб улғайганини биларди. Қайнатаси эса, уни Шелога хотинликка олиб бермаётган эди+.
15 Яҳудо Тамарани кўрганида, уни фоҳиша деб ўйлади, чунки у юзини бекитган эди.
16 Унинг олдига бориб: «Мен билан бирга бўлгин»,— деди. Яҳудо келинини танимади+. Аёл ундан: «Сиз билан ётсам, менга нима берасиз?» — деб сўради.
17 Унга жавобан Яҳудо: «Сурувимдан бир улоқчани сенга юбораман»,— деди. Аммо у: «Юборгунингизга қадар гаров сифатида нима берасиз?» — деб сўради.
18 Яҳудо ундан: «Хўш, гаровга сенга нима берай?» — деб сўраганида, у: «Қўлингиздаги таёқни ва муҳр узугингизни+ боғичи билан беринг»,— деб айтди. Яҳудо аёл сўраган нарсаларни берди ва у билан ётди. Аёл ундан ҳомиладор бўлди.
19 Сўнг у ўрнидан туриб рўмолини ечди-да, бевалик кийимларини кийиб олди.
20 Яҳудо гаров сифатида берган нарсаларини қайтариб олиш учун, адулламлик дўсти+ орқали бир улоқчани бериб юборди. Аммо дўсти ўша аёлни топа олмади.
21 Шунда у ўша ерлик одамлардан: «Энайимда, йўл бўйида бир фоҳиша* ўтирарди. Уни қаердан топса бўлади?» — деб сўради. Аммо улар: «Бу ерда ҳеч қачон фоҳиша ўтирмасди»,— дейишди.
22 Охири у Яҳудонинг олдига қайтиб бориб, унга: «Мен уни топа олмадим. Бундан ташқари, ўша ерлик одамлар: “Бу ерда ҳеч қачон фоҳиша ўтирмасди”,— деб айтишди»,— деди.
23 Яҳудо унга: «Майли, ўша нарсаларни ўзига қолдираверсин. Тағин уни излаб юриб, иснодга қолмайлик. Нима бўлганда ҳам, мен унга улоқчани юбордим, сен эса уни топа олмадинг»,— деб айтди.
24 Тахминан уч ой ўтгач, Яҳудога: «Келинингиз Тамара фоҳишалик қилиб, ҳомиладор бўлиб қолибди»,— деган хабар келди. Шунда Яҳудо: «Уни олиб чиқиб, ўлдиринглар-да, кейин ёқиб юборинглар»+,— деди.
25 Тамарани олиб чиқиб кетишаётганида, у қайнатасига: «Мен мана бу нарсаларнинг эгасидан ҳомиладор бўлганман»,— дея хабар юборди. Сўнг: «Илтимос, мана бу таёқ ва муҳр узуги боғичи билан кимга тегишли эканини билиб беринг»+,— деб қўшиб қўйди.
26 Яҳудо нарсаларни таниб қолиб: «У менга қараганда тўғрироқ йўл тутди, боиси мен ўғлим Шелони унга уйлантирмадим»+,— деди. Шундан кейин Яҳудо у билан ётмади.
27 Туғиш вақти келганда, қорнида эгизак борлиги маълум бўлди.
28 Тамара туғаётган пайтда эгизаклардан бири қўлини ташқарига чиқарди ва доя: «Буниси биринчи чиқди»,— дея дарҳол унинг қўлига қирмизи ип боғлади.
29 Аммо у қўлини орқага тортиб олиши биланоқ, иккинчиси туғилди. Доя: «Вой, сен йўлингни қандай ёриб чиқдинг?!» — деб юборди. Шу боис унга Параз*+ деб исм қўйишди.
30 Ундан кейин қўлига қирмизи ип боғлангани чиқди ва уни Зераҳ*+ деб аташди.
Изоҳлар
^ Ёки «ибодатхона фоҳишаси». Эҳтимол бу, Канъон худоларига сиғиниш усулларидан бири бўлган.
^ Маъноси «ёриб чиқиш». Эҳтимол, чот орасини ёриб чиқишга ишора қилган.
^ Маъноси «ярқирамоқ; кун чиқиши».