Ибтидо 43:1–34
43 Юртда очарчилик ниҳоятда кучайди+.
2 Мисрдан олиб келган донларини еб тугатишгач+, отаси уларга: «Яна бориб, бироз озиқ-овқат сотиб олинглар»,— деб айтди.
3 Шунда Яҳудо отасига: «Ўша киши, укангизсиз менинг ҳузуримга келманглар, деб бизни огоҳлантирган эди+.
4 Агар укамиз биз билан кетишига рухсат берсангиз, биз бориб озиқ-овқат сотиб олиб келамиз.
5 Бироқ уни биз билан юбормасангиз, биз у ерга бормаймиз, чунки ўша киши бизга: “Укангизсиз менинг ҳузуримга келманглар”+,— деб айтган»,— деди.
6 Исроил+ бўлса: «Бизни яна бир укамиз бор, деб нега бошимга муаммо орттирдиларинг?» — дея улардан сўради.
7 Бунга улар шундай жавоб беришди: «Ўша киши: “Отангиз ҳаётми? Яна бошқа ака-укангиз борми?” — деб биз ва қариндошларимиз ҳақида сўрагани учун, ҳаммасини унга айтиб бергандик+. У бизга: “Укангизни менинг олдимга олиб келинглар”,— деб айтишини қаердан ҳам билибмиз?»+
8 Яҳудо, отаси Исроилга: «Болани мен билан бирга юборинг+, сиз ҳам, биз ҳам, фарзандларимиз+ ҳам ўлмасдан тирик қолишимиз учун+, йўлга чиқайлик.
9 Ўзим унга кафил бўламан+. Агар унга бирор нима бўлса, мени жазолашингиз мумкин. Уни ёнингизга қайтариб олиб келмасам, сизга қарши қилган гуноҳимни ҳеч қачон юволмайман.
10 Бу ишни чўзиб юрмаганимизда, шу пайтгача у ерга икки марта бориб келган бўлардик»,— деб айтди.
11 Исроил ўғилларига деди: «Бўлмасам, мана бундай қилинглар: хуржунларингизга юртимизнинг энг сифатли маҳсулотларидан: оз-моз бальзам+, оз-моз асал, хушбўй смола*, смолали дарахт пўстлоғи+ ва пистаю бодомлардан солинглар-да, ўша кишига ҳадя қилинглар+.
12 Шунингдек, ўзингиз билан икки ҳисса кўпроқ пул олинглар ва ўтган сафар хуржунингизга солиб қўйилган пулларни ҳам қайтариб беринглар+. Балки бу англашилмовчилик бўлгандир.
13 Энди укангизни олиб, ўша кишининг олдига боринглар.
14 Қодир Аллоҳ ўша кишининг олдида сизларга раҳм қилсин. Токи у Шимўнни ва Беняминни озод этсин. Менга келсак, фарзандларимдан айрилишим керак бўлса, майли айрилайин!»+
15 Сўнг улар ҳадяларни ва икки ҳисса кўпроқ пулни олиб, Бенямин билан биргаликда Мисрга жўнашди. У ерга етиб боргач, яна Юсуфнинг ҳузурига киришди+.
16 Юсуф улар билан Бенямин ҳам келганини кўриб, уй бошқарувчисига: «Буларни уйга олиб бор-да, мол сўйиб, таом тайёрла, чунки улар бугун мен билан бирга тушлик қилишади»,— деб айтди.
17 Уй бошқарувчи ўша заҳотиёқ ҳаммасини Юсуф айтганидек қилиб+, уларни Юсуфнинг уйига олиб борди.
18 Аммо уларни Юсуфнинг уйига олиб боришгач, улар қўрқиб кетишди ва ўзаро: «Ўтган сафар хуржунларимизда кетиб қолган пулларни деб бизни бу ерга олиб келишди. Ҳозир бизга ҳужум қилиб, бизни қул қилиб олишади-да, эшакларимизни эса тортиб олишади!»+ — дейишди.
19 Шу сабабли, улар Юсуфнинг уй бошқарувчиси олдига бориб, уйнинг остонасида у билан гаплашишди.
20 Улар: «Кечирасиз, тақсир! Биз олдин ҳам бу ерга озиқ-овқат сотиб олгани келган эдик+.
21 Биз бир ерда тунаш учун тўхтаганимизда, хуржунларимизнинг оғзини очиб қарасак, устида пулларимиз тўлиғича турган экан+. Мана, бу пулларни ўз қўлимиз билан қайтариб бермоқчимиз.
22 Озиқ-овқат сотиб олиш учун ўзимиз билан кўпроқ пул олиб келдик. Пулларимизни хуржунимизга ким солиб қўйганини билмаймиз»+,— деб айтишди.
23 Шунда уй бошқарувчи: «Ҳаммаси жойида. Қўрқманглар. Сизларнинг ва отангизнинг Худоси хуржунингизга хазина солиб қўйган. Пул берганингиздан хабарим бор»,— деди. Кейин у Шимўнни олиб келди+.
24 Бундан сўнг, уларни Юсуфнинг уйига олиб кириб, оёқларини ювишлари учун сув келтирди. Эшаклари учун эса ем берди.
25 Пешинда Юсуф билан бирга овқат тановул қилишларини эшитиб+, улар Юсуф учун аталган ҳадяларни+ тайёрлаб қўйишди.
26 Юсуф уйга келгач, акалари унга аталган ҳадяларни беришди ва ергача эгилиб, унга таъзим қилишди+.
27 Юсуф улардан ҳол-аҳвол сўрагач: «Сизлар кекса отамиз бор деган эдингизлар. У киши яхши юрибдиларми? Ҳали ҳам ҳаётмилар?»+ — деди.
28 Бунга улар: «Сизнинг қулингиз, бизнинг отамиз соғ-омон юрибдилар, ҳануз ҳаётлар»,— деб жавоб беришди. Сўнг улар тиз чўкишди-да, ергача эгилиб Юсуфга таъзим қилишди+.
29 Юсуф онасининг+ ўғлини, туғишган укаси Беняминни кўрди-да: «Менга айтган кенжа укангиз шуми?»+ — деб сўради ва Беняминга: «Худонинг Ўзи сенга барака берсин, ўғлим»,— деди.
30 Юсуф укасини кўргач, ҳаяжонини босолмай, шошилиб ташқарига чиқди. Кейин ичкари хонага кириб, ҳўнграб йиғлаб юборди+.
31 Бундан сўнг, у юзини ювди-да, ўзини қўлга олиб, акаларининг олдига қайтиб кирди ва хизматкорларига: «Овқат келтиринглар»,— деб буюрди.
32 Шунда Юсуфга алоҳида, унинг акаларига алоҳида ва улар билан овқатланган мисрликларга алоҳида қилиб овқат келтиришди. Чунки мисрликлар, ибронийлар билан биргаликда овқатланишдан ҳазар қилишарди+.
33 Уларни Юсуфнинг қаршисига ўтқазишди: тўнғичлик ҳуқуқига эга бўлгани ўз ўрнига+, кенжаси ўз ўрнига ўтқазилди. Ака-укалар ҳайрон қолишганидан, бир-бирига қараб туришарди.
34 Юсуф ўзи ўтирган хонтахтадан уларга овқат узатиб турди. У бошқаларга қараганда, Беняминнинг улушини беш ҳисса кўпроқ қилиб берди+. Шу тариқа, улар базм қилиб, Юсуф билан тўйгунча еб-ичишди.
Изоҳлар
^ Сўзма-сўз «ладан».