Ибтидо 44:1–34
44 Юсуф уй бошқарувчисига шундай буйруқ берди: «Бу кишиларнинг хуржунларини, улар кўтара оладиган даражада озиқ-овқат билан тўлдиринглар ва ҳар бирининг пулини ўз хуржунининг оғзига солиб қўйинглар+.
2 Кенжасининг хуржунининг оғзига эса, дон учун тўлаган пуллари билан бирга менинг кумуш қадаҳимни ҳам солиб қўйинглар». У ҳаммасини Юсуф буюрганидек қилди.
3 Тонг ёришгач, Юсуфнинг ака-укаларини кузатиб қўйишди. Шундай қилиб, улар эшакларини олиб, йўлга чиқишди.
4 Улар шаҳардан узоқлашишга улгурмасидан, Юсуф уй бошқарувчисига шундай деб тайинлади: «Тезроқ бўл! Уларнинг ортидан қувиб етиб, уларга: “Нега яхшилик эвазига ёмонлик қайтардиларинг?
5 Хўжайиним ичимлик ичадиган ва фол очадиган* қадаҳини нимага олдиларинг? Сенлар ёмон иш қилдиларинг”,— деб айт».
6 Уй бошқарувчи уларга етиб олди-да, Юсуфнинг гапларини айтди.
7 Бироқ улар шундай дейишди: «Нима сабабдан тақсиримиз бундай дедилар? Ахир қулларингиз қандай қилиб бундай ишга қўл уриши мумкин?
8 Ўтган сафар хуржунларимизнинг оғзидан топиб олган пулларни Канъон юртидан қайтариб олиб келдик+. Шундай экан, биз қандай қилиб хўжайинингизнинг уйидан кумуш ёки олтинни ўғирлашимиз мумкин?
9 Агар ўша нарса бирортамиздан топилса, унга ўлим жазоси берилсин, қолганларимиз эса хўжайинимизга қул бўлайлик».
10 Бунга у: «Сизлар айтгандек бўлишига қарши эмасман. Аммо ўша нарса кимдан топилса, у менга қул бўлади, қолганларингиз эса айбсиз бўлиб чиқасизлар»,— деди.
11 Улар хуржунларини тезда ерга тушириб, уларнинг оғзини очишди.
12 Ўша киши тўнғичидан тортиб кенжасигача, ҳар бирининг хуржунини синчиклаб кўздан кечирди. Охири қадаҳ Беняминнинг хуржунидан топилди+.
13 Буни кўргач, ака-укалар кийимларини йиртиб, юкларини эшакларига ортишди ва шаҳарга қайтиб боришди.
14 Яҳудо+ ва унинг ака-укалари Юсуфнинг уйига қайтиб боришганида, Юсуф ҳали ҳам ўша ерда эди. Улар Юсуфнинг олдида мук тушишди+.
15 Юсуф уларга: «Бу нима қилганларинг? Мен каби инсон фол очиб, ҳаммасидан хабардор бўлишимни билмаганмидиларинг?»+ — деб айтди.
16 Яҳудо шундай жавоб берди: «Биз нима ҳам дея олардик, тақсирим? Одил инсон эканимизни қандай исботлай оламиз? Ҳақ Худо қулларингизнинг хатосини ошкор этди+. Тақсирим, энди биз ҳам, хуржунидан қадаҳингиз топилган одам ҳам, сизнинг қулларингизмиз!»
17 Бироқ Юсуф уларга: «Йўқ, мен ундай қилмайман! Қадаҳ кимнинг хуржунидан топилган бўлса, ўша менинг қулим бўлади+. Қолганингиз эса, отангизнинг олдига тинчгина кетаверинглар»,— деди.
18 Шунда Яҳудо Юсуфнинг ёнига келиб, унга қуйидагиларни айтди: «Ёлвораман, тақсирим, қулингизнинг гапиришига ижозат беринг, чунки сиз фиръавн каби қудратли кишисиз+, мен қулингиздан жаҳлингиз чиқмасин.
19 Тақсирим, қулларингиздан: “Отангиз ёки ака-укангиз борми?” — деб сўраган эдингиз.
20 Ўшанда биз тақсиримизга: “Бизнинг кекса отамиз ва унинг қариган чоғида туғилган кенжа ўғли бор+. Унинг онаси икки ўғил туққан, лекин акаси ўлиб+, у ёлғиз қолган+. Отаси уни жуда ҳам яхши кўради”,— дея жавоб берган эдик.
21 Бундан кейин сиз қулларингизга: “Уни бу ерга олиб келинглар, уни ўз кўзларим билан кўрай”+,— деган эдингиз.
22 Аммо биз тақсиримизга: “Бола отасини қолдириб кета олмайди. Агар у отасини қолдириб кетса, отаси ўлиб қолади”+,— деган эдик.
23 Сиз эса қулларингизга: “Кенжа укангизсиз менинг ҳузуримга келманглар”+,— деб айтган эдингиз.
24 Ўшанда биз, қулингиз отамнинг олдига бориб, тақсиримизнинг гапларини у кишига айтиб бергандик.
25 Вақт ўтиб, отамиз: “Яна бориб, бир оз озиқ-овқат сотиб олинглар”+,— деб айтдилар.
26 Лекин биз отамизга: “Агар кенжа укамизни биз билан юбормасангиз, биз у ерга бора олмаймиз, чунки укамиз бормаса, биз у кишининг ҳузурига кира олмаймиз”+,— дедик.
27 Сизнинг қулингиз, менинг отам бизга шундай дедилар: “Хотиним Роҳила менга икки ўғил туғиб берганини яхши биласизлар+.
28 Кейинчалик уларнинг биридан айрилиб қолганимда, мен: “Йиртқич ҳайвон уни тилка-пора қилибди!”+ — дедим ва ўшандан буён уни кўрганим йўқ.
29 Агар бу ўғлимни ҳам олиб кетсангизлар ва у билан бирор фалокат рўй берса, сизлар оқарган бошимга қайғу келтириб, мени гўрга*+ тиқасизлар”+.
30 Энди сизнинг қулингиз отамнинг олдига, ўз жонидан* ҳам ортиқ яхши кўрадиган бу боласиз қайтиб борсам,
31 отамиз боланинг биз билан йўқлигини кўриши биланоқ, ўлиб қоладилар ва биз — сизнинг қулларингиз, отамизнинг оқарган бошига қайғу келтириб, у кишини гўрга* тиққан бўламиз.
32 Мен қулингиз, отамнинг ёнидан кетаётганимда, у кишига: “Укамни ёнингизга қайтариб олиб келмасам, сизга қарши қилган гуноҳимни ҳеч қачон юволмайман”+,— дея, болага кафил бўлганман.
33 Шунинг учун ёлвораман, бола акалари билан қайтиб кетишига, унинг ўрнига эса мен тақсиримга қул бўлишимга ижозат беринг.
34 Ахир қандай қилиб отамнинг олдига боласиз қайтиб бораман? Отамнинг бошига тушадиган бундай қайғуга қараб туролмайман!»
Изоҳлар
^ Муқаддас Ёзувларда фол очиш қораланган. Эҳтимол, Юсуф кумуш қадаҳ ёрдамида фол очаман, дея уларни чалғитмоқчи бўлган.
^ Ёки «ҳаётидан».