Ибтидо 7:1–24
7 Бундан кейин Яҳова Нуҳга деди: «Бутун хонадон аҳлинг билан кемага кир, чунки бу насл орасида фақат сени одил инсон деб топдим+.
2 Ҳалол ҳайвонларнинг ҳар бир туридан еттитадан*+, эркаги ва урғочисидан, шунингдек, ҳаром ҳайвонларнинг ҳар бир туридан иккитадан, эркаги ва урғочисидан олиб, ўзинг билан кемага киргиз.
3 Осмонда учиб юрувчи қанотли жониворлардан ҳам еттитадан*, эркаги ва урғочисидан ол. Шу тариқа, бу жонзотлар ер юзида яшашни давом эттиради+.
4 Чунки етти кундан кейин Мен ер юзига 40 кечаю 40 кундуз+ ёмғир ёғдириб+, Ўзим яратган барча жонзотларни ер юзидан қириб ташлайман»+.
5 Нуҳ ҳаммасини Яҳова амр этгандай қилди.
6 Ер юзини тўфон сувлари босганида, Нуҳ 600 ёшда эди+.
7 Тўфон сувлари бостириб келмасидан, Нуҳ ўғиллари, хотини ва келинлари билан кемага кирди+.
8 Ҳалол ва ҳаром ҳайвонларнинг, қанотли жониворларнинг ҳамда ер юзидаги бошқа жонзотларнинг ҳар бири+
9 жуфт-жуфт, эркак ва урғочи бўлиб, Худо Нуҳга амр этганидай, Нуҳ кирган кемага кирди.
10 Етти кундан сўнг, тўфон сувлари ер юзини боса бошлади.
11 Нуҳ 600 ёшга тўлганида, иккинчи ойнинг* 17- куни, осмондаги барча сувлар, самонинг сув қопқалари очилиб кетди+.
12 Ер юзига 40 кечаю 40 кундуз ёмғир қуйди.
13 Ўша куни Нуҳ ўғиллари Сом, Хом ва Ёфас+, шунингдек, хотини ва келинлари билан кемага кирди+.
14 Қолаверса, ёввойи ҳайвонларнинг, уй ҳайвонларининг, ўрмалаб юрувчи* жонзотларнинг, қанотли жониворларнинг ва қушларнинг ҳар бир тури кемага кирди.
15 Ҳаёт нафаси* бор бўлган ҳар бир жонзот, жуфт-жуфт бўлиб Нуҳ кирган кемага кирди.
16 Шундай қилиб, Аллоҳ Нуҳга амр этганидай, ҳар турли жонзотнинг эркаги ва урғочиси кемага кирди. Сўнгра Яҳова кеманинг эшигини ёпди.
17 Тўфон ер юзида 40 кун давом этди ва сув кўпайиб, кемани кўтара бошлади. Кема ердан анча юқорида сузиб юрарди.
18 Сув кўпайиб, ер узра тобора кўтариларди, кема эса сув бетида сузиб юрарди.
19 Сув ер юзидан шу қадар баландга кўтарилдики, ҳатто осмон остидаги баланд тоғларни ҳам кўмиб юборди+.
20 Сув тоғлардан 15 тирсак* юқорига кўтарилди.
21 Ер юзида юрган жамики жонзот — қанотли жониворлар, уй ҳайвонлари, ёввойи ҳайвонлар, турли-туман майда жониворлар ва бутун инсоният ҳалок бўлди+.
22 Қуруқликдаги димоғида ҳаёт нафаси* бор бўлганларнинг+ бари нобуд бўлди.
23 Шу тариқа, Худо ер юзидаги жамики жонзотни — одамларни, ҳайвонларни, ўрмалаб юрувчи жониворларни ва осмонда учиб юрган қанотли жониворларни йўқ қилди. Улар ер юзидан қирилиб кетди+. Фақат Нуҳ ва у билан бирга кемада бўлганлар тирик қолишди+.
24 Сув ер юзини 150 кун+ қоплаб турди.
Изоҳлар
^ Бошқа вариант «етти жуфтдан».
^ Бошқа вариант «етти жуфтдан».
^ Исроил халқи Мисрдан чиққач, Яҳова уларга муқаддас календарь берганида, бу ой саккизинчи ой бўлиб, «бул» дея аталган. Ҳозир у октябрнинг иккинчи ярми, ноябрнинг биринчи ярмига тўғри келади. Илованинг Б15 мавзусига қ.
^ Бу ибронийча сўз остида сичқонлар, илонлар, ҳашаротлар каби жонзотларни тушуниш мумкин.
^ Ёки «ҳаёт руҳи».
^ Бир тирсак=44,5 см. Илованинг Б14 мавзусига қ.
^ Ёки «ҳаёт руҳининг нафаси».