Левилар 24:1–23

  • Муқаддас чодирдаги мойчироқлар учун мой (1–4)

  • Тортиқ этилган нонлар (5–9)

  • Худонинг исмига ҳақорат айтган киши тошбўрон қилинади (10–23)

24  Яҳова Мусога гапиришда давом этиб, деди: 2  «Мойчироқлар доим ёниб туриши учун, Исроил ўғилларига соф зайтун мойини олиб келиб туришни буюр+. 3  Учрашув чодирининг ичида, шоҳидлик сандиғини тўсиб турган парданинг ташқи томонидаги мойчироқлар Яҳованинг олдида кечқурундан эрталабгача доим ёниб туришига Ҳорун жавобгар бўлади. Бу, сизлар ва барча авлодларингиз учун асрлар оша амал қилинадиган қоида бўлсин. 4  Яҳованинг олдида турган соф олтиндан ясалган чироқпоянинг мойчироқларини+ Ҳорун доим ҳозирлаб қўйсин. 5  Олий навли ундан ҳалқа шаклидаги 12 та нон пишир. Ҳалқа шаклидаги ҳар бир нон учун эфанинг* ўндан икки қисмига тенг ун сарфланиши керак. 6  Нонларни Яҳованинг олдидаги соф олтиндан ясалган столнинг устига+ икки тахлам қилиб, ҳар бир тахламга олтитадан қўй+. 7  Ҳар бир тахлам устига тоза хушбўй смоладан қўй ва у Яҳовага атаб оловда куйдириладиган рамз назрининг нони бўлади+. 8  Ҳар Шаббат куни, нонлар мунтазам равишда Яҳованинг ҳузурига қўйиб турилсин+. Бу, Исроил халқи учун асрлар оша амал қилинадиган аҳд бўлсин. 9  Бу нонлар Ҳорун билан унинг ўғилларига тегишли бўлсин+ ва уларни муқаддас жойда ейишсин+. Яҳовага атаб оловда куйдириладиган назрлардан бўлган бу нонлар, руҳоний учун ғоят муқаддас нарса бўлсин. Бу, асрлар оша риоя қилинадиган қоидадир». 10  Исроил ўғиллари орасида онаси Исроил халқидан, отаси мисрлик бўлган бир киши бор эди+. Қароргоҳда у билан Исроил ўғилларидан бўлган бир киши ўртасида жанжал чиқди. 11  Онаси Исроил халқидан бўлган киши Худонинг исмига қарши ҳақоратли сўзлар айтиб, қарғашга тушди+. Шунда уни Мусонинг олдига олиб боришди+. Онасининг исми Шалумит бўлиб, Дан қабиласига тегишли Дибрининг қизи эди. 12  Унга нисбатан Яҳованинг қарори аниқ бўлмагунча, уни қамаб қўйишди+. 13  Сўнг Яҳова Мусога шундай деди: 14  «Қарғаган ўша кишини қароргоҳ ташқарисига олиб чиқинглар. Унинг айтган сўзларини эшитганларнинг бари қўлларини унинг бошига қўйишсин, кейин эса бутун жамоа уни тошбўрон қилсин+. 15  Исроил халқига эса бундай деб айт: “Ким ўз Тангрисини қарғаса, қилган гуноҳи учун жавоб беради. 16  Яҳованинг исмига қарши ҳақоратли сўзлар айтган инсон албатта ўлдирилсин+. Бутун жамоа уни тошбўрон қилсин. Мусофир бўладими ёки Исроил халқиданми, Аллоҳнинг исмига қарши ҳақоратли сўзлар айтган одам ўлдирилсин. 17  Бировнинг жонига қасд қилган инсон албатта ўлдирилсин+. 18  Ким бошқа кишининг уй ҳайвонини уриб ўлдирса, ҳайвон эвазига ҳайвон бериб, етказган зарарни қопласин. 19  Борди-ю, бирон киши яқинига жароҳат етказса, унга ҳам жароҳат етказилсин+. 20  Шикаст эвазига шикаст, кўз эвазига кўз, тиш эвазига тиш. У бошқа инсонга қанақа жароҳат етказса, унга ҳам худди шунақа жароҳат етказилсин+. 21  Ҳайвонни уриб ўлдирган одам келтирган зиёнининг ўрнини қопласин+. Аммо ким одам ўлдирса, ўзи ҳам ўлдирилсин+. 22  Мусофир учун ҳам, Исроил халқидан бўлган инсон учун ҳам битта қонун татбиқ этилсин+, чунки Мен Тангрингиз Яҳоваман”». 23  Мусо буни Исроил ўғилларига айтди ва улар қарғиш сўзларини айтган ўша одамни қароргоҳнинг ташқарисига олиб чиқиб, тошбўрон қилишди+. Яҳова Мусога нимаики буюрган бўлса, улар барини бажаришди.

Изоҳлар