Марк баён этган хушхабар 11:1–33

  • Исонинг тантанали кириши (1–11)

  • Лаънатланган анжир дарахти (12–14)

  • Исо маъбадни тозалайди (15–18)

  • Қуриган анжир дарахтидан сабоқ (19–26)

  • Исонинг ваколати шубҳа остига қўйилади (27–33)

11  Улар Қуддусга, Зайтун тоғида жойлашган Байтфагия ва Байтанияга+ яқинлашиб қолишганида, Исо ўзидан олдин икки шогирдини жўнатиб+, 2  уларга шундай деди: «Рўпарангиздаги қишлоққа боринглар. У ерга киришингиз биланоқ, ҳали ҳеч ким минмаган хўтикни боғланган ҳолда топасизлар. Уни ечиб олиб келинглар. 3  Мабодо кимдир сизлардан: “Нима қиляпсизлар?” — деб сўраб қолса, унга: “Бу хўтик Ҳазратимизга керак, уни дарҳол қайтариб беради”,— деб айтинглар». 4  Шогирдлар боришди ва кўчада эшик олдида боғланган хўтикни топиб, уни ечишди+. 5  Ўша ерда турган баъзи одамлар эса: «Нимага хўтикни ечяпсизлар?» — деб сўрашди. 6  Шогирдлар худди Исо айтганидай жавоб беришди ва одамлар уларга рухсат беришди. 7  Улар хўтикни олиб келиб+, устига ўз кийимларини ёзишди ва Исо хўтикка минди+. 8  Шунингдек, кўпчилик ўз кийимларини, бошқалар эса йўл бўйидаги дарахтларнинг новдаларини кесиб, унинг йўлига пойандоз қилишарди+. 9  Исонинг олди ва орқасида келаётганлар тинмай шундай дея хитоб қилишарди: «Ёлворамиз, унга нажот бер!+ Яҳованинг* номидан келаётган муборакдир!+ 10  Отамиз Довуднинг келаётган Шоҳлиги муборак бўлсин!+ Эй, самода бўлган Худо, ёлворамиз, унга нажот бер!» 11  Исо Қуддусдаги маъбадга кириб, атрофдаги барча нарсага назар ташлади. Вақт кеч бўлиб қолгани учун, у 12 шогирди билан бирга Байтанияга борди+. 12  Эртасига, Байтаниядан қайтишаётганда, Исонинг қорни очди+. 13  У узоқдан барглари чиққан анжир дарахтини кўриб, бирорта меваси бормикин, дея ёнига борди. Аммо барглардан бошқа ҳеч нарса топа олмади, чунки ҳали анжир териш вақти эмасди. 14  Шунинг учун Исо: «Бундан буён сенинг мевангни ҳеч ким емасин»+,— деди. Шогирдлари эса буни эшитиб туришган эди. 15  Сўнг улар Қуддусга келишди. Исо маъбадга кириб, олди-сотди қилаётганларнинг ҳаммасини қувиб чиқарди. Пул алмаштирувчиларнинг пештахталарини ва каптар сотувчиларнинг курсиларини ағдариб юборди+. 16  Ҳатто маъбад ичидан бирор нарса кўтариб ўтишга ҳам рухсат бермади. 17  У таълим бериб, шундай дерди: «Муқаддас Ёзувларда: “Менинг уйим барча халқлар ибодат қиладиган уй деб аталади”+,— дейилган. Сизлар бўлса уни қароқчилар уясига айлантириб юбордингизлар»+. 18  Бош руҳонийлар билан уламолар эса буни эшитиб, Исони ўлдириш пайига тушишди+. Улар Исодан қўрқишарди, чунки ҳамма унинг таълимотидан лол қолганди+. 19  Кеч кирганда, улар шаҳардан чиқиб кетишди. 20  Эрта тонгда улар яна анжир дарахти ёнидан ўтиб кетаётиб қарашса, у томиригача қуриб қолибди+. 21  Шунда Бутрус кечаги воқеани эслаб: «Устоз қаранг, сиз лаънатлаган анжир дарахти қуриб қолибди!»+ — деди. 22  Исо жавобан уларга қуйидагиларни айтди: «Аллоҳга эътиқод қилинглар. 23  Ишонаверинг, агар кимдир бу тоққа: “Кўтарил-да, денгизга отил”,— деса ва қалбида шубҳа қилмай, айтгани бажо бўлишига ишонса, ўша нарса бўлади+. 24  Шунинг учун сизларга айтяпман: ибодатда нимаики сўрасангизлар, уни олишингизга аниқ ишонинглар ва ўша нарсага эга бўласизлар+. 25  Ибодат қилиб турганингизда, бировдан норози бўлсангиз, уни кечиринглар. Шунда осмондаги Отангиз ҳам айбларингизни кечиради»+. 26  * —— 27  Кейин улар яна Қуддусга келишди. Исо маъбадда юрганида, бош руҳонийлар, уламолар ва оқсоқоллар унинг ёнига келиб: 28  «Бу ишларни қандай ҳуқуқ билан қиляпсан? Бу ҳуқуқни сенга ким берди?» — дея сўрашди+. 29  Исо уларга жавобан деди: «Мен ҳам сизларга бир савол берай. Агар жавоб берсангизлар, мен ҳам қандай ҳуқуқ билан қилаётганимни сизларга айтаман. 30  Қани айтинглар-чи: Яҳё одамларни сувга чўмдириш ҳуқуқини+ Худодан* олганми ё одамларданми?»+ 31  Улар эса ўзаро шундай фикр юрита бошлашди: «“Худодан”,— десак, у бизга: “Бўлмаса нега унга ишонмадингизлар?” — дейди. 32  Балки: “Одамлардан”,— дермиз?» Бироқ улар халойиқдан қўрқишарди, чунки ҳаммаси Яҳёни ҳақиқатан ҳам пайғамбар бўлган, деб ҳисобларди+. 33  Охири улар Исога жавоб бериб: «Билмаймиз»,— дейишди. Исо эса уларга: «Унда мен ҳам бу ишларни қандай ҳуқуқ билан қилаётганимни сизларга айтмайман»,— деди.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «осмондан».