Марк баён этган хушхабар 2:1–28
2 Орадан вақт ўтиб, Исо яна Кафарнаҳум шаҳрига кирди. Унинг уйда эканлиги ҳақида гап тарқалди+
2 ва ёнига катта халойиқ йиғилиб келди. У ерда одам шу қадар кўп эдики, ҳатто эшик олдида ҳам жой қолмади. Шунда Исо уларга хушхабарни айта бошлади+.
3 Бу пайтда унинг ёнига тўрт киши шол одамни кўтариб келди+.
4 Халойиқ кўплигидан уни Исонинг ёнига олиб кира олишмагани учун, улар томни очиб, у турган жойнинг устини тешишди-да, шол одамни тўшаги билан тушириб қўйишди.
5 Исо уларнинг имонини кўриб+, шол одамга: «Болам, гуноҳларингиз кечирилди»+,— деди.
6 Ўша ерда баъзи уламолар ўтирган эди. Улар кўнглидан қуйидагиларни ўтказишарди+:
7 «Нега у бундай деяпти? Ахир у Худога қарши гапиряпти-ку! Гуноҳларни ёлғиз Аллоҳдан бошқа ким ҳам кечира оларди?»+
8 Аммо Исо дарҳол уларнинг нима ҳақда фикр юритаётганини англаб, шундай деди: «Нега кўнглингиздан ёмон фикрларни ўтказяпсизлар?+
9 Ахир шол одамга: “Гуноҳларингиз кечирилди”,— деб айтиш осонроқми ёки “Ўрнингиздан туринг-да, тўшагингизни олиб юринг”,— дейишми?
10 Бироқ билиб қўйингларки, Инсон Ўғли+ ер юзида гуноҳларни кечириш ваколатига эга»+. Сўнг Исо шол одамга деди:
11 «Сизга айтяпман: ўрнингиздан туриб, тўшагингизни олинг-да, уйингизга кетаверинг».
12 Ўша одам дарҳол ўрнидан туриб, тўшагини олди-да, ҳамманинг кўз ўнгида ташқарига чиқиб кетди. Буни кўрганлар қойил қолиб: «Биз ҳеч қачон бунақа ишларни кўрмаганмиз!»+ — дея Худони шарафлашди.
13 Исо яна денгиз бўйига борди. Унинг ёнида катта халойиқ тўпланди ва Исо уларга таълим бера бошлади.
14 Сўнг у йўлида давом этиб, солиқ идорасида ўтирган Алфей ўғли Левини* кўрди-да: «Менинг издошим бўлинг»,— деди. У эса ўрнидан туриб, Исонинг кетидан эргашди+.
15 Кейин Исо ва шогирдлари Левининг уйида дастурхон атрофида ёнбошлашган бир пайтда, кўпгина солиқчилар ва гуноҳкорлар уларга қўшилишди, чунки улар Исонинг орқасидан эргашиб келишган эди+.
16 Исонинг солиқчилар ва гуноҳкорлар билан овқатланиб ўтирганини кўриб, фарзийлар орасидан чиққан уламолар унинг шогирдларига: «Ие, у солиқчилар ва гуноҳкорлар билан овқатланиб ўтирибдими?!» — дейишди.
17 Бу гапларни эшитиб, Исо уларга деди: «Соғлар эмас, беморлар шифокорга муҳтож. Ахир мен одил кишиларни эмас, гуноҳкорларни даъват этгани келганман»+.
18 Яҳёнинг шогирдлари ҳамда фарзийлар рўза тутишарди. Бир куни улар Исонинг ёнига келиб, ундан сўрашди: «Нега Яҳёнинг ҳамда фарзийларнинг шогирдлари рўза тутишади-ю, сизнинг шогирдларингиз рўза тутишмайди?»+
19 Исо уларга шундай деди: «Куёв+ жўралари билан бўлган пайтда жўралари рўза тутишадими? Ахир куёв уларнинг ёнида бўлганда улар рўза тутишмайди-ку.
20 Аммо куёв улардан айриладиган кунлар келади+. Ўшандагина улар рўза тутишади.
21 Ҳеч ким эскирган устки кийимга янги матодан ямоқ тикмайди. Чунки янги мато сувга кирганида, эскирган кийим баттар йиртилади+.
22 Шунингдек, ҳеч ким янги шаробни эски мешларга қуймайди. Бўлмаса мешлар йиртилиб, шароб тўкилиб кетади ва мешлар яроқсиз бўлиб қолади. Аксинча, янги шаробни янги мешларга қуйишади».
23 Шаббат кунларидан бирида Исо экинзорни оралаб ўтиб кетаётганди. Унинг шогирдлари эса буғдой бошоқларини уза бошлашди+.
24 Шунда фарзийлар Исога: «Ие, шогирдларинг Шаббат куни қонун бўйича тақиқланган ишни қилишяптими?» — дейишди.
25 Исо эса уларга шундай деди: «Довуд ва у билан бўлган одамлар егуликлари тугаб, оч қолишганида нима қилишгани тўғрисида ўқимаганмисизлар?+
26 Бош руҳоний Абуатар+ ҳақида ёзилганига биноан, Довуд Худонинг уйига кириб, бахшида қилинган* ва руҳонийлардан бошқа ҳеч ким ейиши мумкин бўлмаган нонларни+ ўзи ҳам еган, шерикларига ҳам берганидан бехабармисизлар?»
27 Сўнг Исо қуйидагиларни ҳам айтди: «Одам Шаббат куни учун эмас, Шаббат куни одам учун берилган+.
28 Шунга кўра, Инсон Ўғли Шаббат кунининг Хўжайинидир»+.