Нахимиё 2:1–20

  • Нахимиё Қуддусга жўнатилади (1–10)

  • Нахимиё шаҳар деворини кўздан кечиради (11–20)

2  Шоҳ Артаксеркс+ ҳукмронлигининг 20- йили+ нисон* ойи эди. Шоҳ ҳузурига шароб келтиришди ва мен ҳар галгидек шароб қуйиб, уни шоҳга узатдим+. Шу пайтгача шоҳ ҳузурида ғамгин бўлиб юрмагандим. 2  Буни кўриб шоҳ: «Нега бунчалик ғамгин кўринасан? Касалга ўхшамайсан. Лекин юрагингда бир дард борга ўхшайди»,— деб айтди. Бу гапдан жуда қўрқиб кетдим. 3  Мен шоҳга: «Шоҳ ҳазратларининг умри боқий бўлсин! Ота-боболарим қабри жойлашган шаҳар вайронага айланган, дарвозалари эса ёндириб юборилган. Шунинг учун ғамгинман, шоҳ ҳазратлари»+,— дедим. 4  Шоҳ мендан: «Нима истагинг бор?» — деб сўради. Шу он самовий Худога ибодат қилдим-да+, 5  шоҳга: «Агар шоҳ ҳазратлари маъқул кўрсалар ва каминангиз илтифотингизга сазовор бўлса, мени Яҳудо ўлкасига, ота-боболаримнинг қабри жойлашган шаҳарга юборсалар. Мен уни қайта тиклайин»+,— дея жавоб бердим. 6  Шоҳ (бу пайт ёнида рафиқаси* ўтирган эди) мендан: «Сафаринг қанча вақт давом этади ва қачон қайтасан?» — деб сўради. Мен шоҳга аниқ вақтни айтганимдан+ кейин, у боришимга ижозат берди+. 7  Кейин мен шоҳга қуйидагиларни айтдим: «Агар шоҳ ҳазратларига маъқул бўлса, Фурот дарёсининг+ ғарбидаги* ҳокимларга мактублар ёзилиб, қўлимга берилсин. Токи улар Яҳудо ўлкасига етиб боришимга рухсат беришсин. 8  Шунингдек, маъбад* қалъасининг+ дарвозалари, шаҳар деворлари+ ҳамда мен яшайдиган уйнинг қурилишига ёғоч бериши учун, шоҳнинг ўрмон қоровули Осифга мактуб ёзиб берилсин». Худонинг инояти менга ёр бўлгани учун+, шоҳдан нима сўраган бўлсам, ҳаммасини берди+. 9  Охир-оқибат, мен Фурот дарёсининг ғарбидаги ҳокимларнинг олдига етиб келдим ва уларга шоҳнинг мактубларини бердим. Шоҳ, шунингдек, мен билан бирга лашкарбошилари ва отлиқ аскарларни юборганди. 10  Хўронлик Санбаллат+ ва оммонлик+ амалдор* Тўвиё+ Исроил халқига кимдир ёрдам бергани келганини эшитгач, қовоқларини осилтиришди. 11  Ниҳоят, мен Қуддусга етиб келдим. Уч кун ўтгач, 12  кечаси ўрнимдан туриб, ўзим билан бирга бир нечта одамни олдим, лекин Қуддус учун қилмоқчи бўлган, Худойим қалбимга солган ишлар ҳақида ҳеч кимга айтмадим. Ёнимизда минган эшагимдан бошқа ҳеч қандай ҳайвон йўқ эди. 13  Қуддус деворининг харобаларини ва ёндириб юборилган дарвозаларни+ кўздан кечириш учун кечаси Водий дарвозасидан+ чиқиб, Катта илон булоғи* ёнидан ўтиб кетдим ва Кул дарвозасигача*+ бордим. 14  Сўнгра Булоқ дарвозаси+ ва Шоҳ ҳовузига йўл олдим. Мен миниб бораётган эшак у ердан ўта олмади. 15  Аммо кечаси водий+ бўйлаб тепага чиқиб бориб, деворларни диққат билан кўздан кечирдим. Шундан кейин бурилиб, Водий дарвозаси бўйлаб орқага қайтдим. 16  Амалдорлар+ қаерга борганимни ва нима қилганимни билмаган эди. Бу ҳақда мен на яҳудийларга, на руҳонийларга, на асилзодаларга, на бош назоратчилар ва бирон-бир ишчига ҳали ҳеч нарса айтмагандим. 17  Охири мен уларга: «Қанчалик оғир аҳволда қолганимизни, Қуддус вайрон бўлиб ётганини, дарвозалари ёндириб юборилганини кўриб турибсизлар. Энди келинглар, Қуддус деворларини қайта тиклайлик, токи бундай шармандагарчилик бошқа давом этмасин»,— дедим. 18  Бундан ташқари, Худо мени қўллаб-қувватлагани+ ва шоҳ менга нима деганини+ ҳам айтиб бердим. Шунда улар: «Қани, қурилишни бошлайлик!» — дея, бир-бирларини ишга киришишга ундашди*+. 19  Хўронлик Санбаллат, оммонлик+ амалдор Тўвиё+ ва арабистонлик+ Гашимнинг қулоғига бу хабар етгач, бизни масхара қила бошлашди+ ва нафрат билан: «Бу нима қилганингиз? Шоҳга қарши исён кўтаряпсизларми?»+ — дейишди. 20  Бунга мен: «Самовий Худо ишимизга барака беради+ ва биз Унинг хизматчилари қурилишни бошлаймиз. Сизларга келсак, Қуддусда на улушингиз, на ҳақ-ҳуқуқингиз, на тарихига бирор алоқангиз бор»+,— деб жавоб бердим.

Изоҳлар

Ёки «маликаси».
Ёки «Фурот дарёсининг нарёғидаги».
Сўзма-сўз «хизматкор».
Айрим таржималарда «Аждар булоғи» дейилган.
Айрим таржималарда «Гўнг дарвозаси» дейилган.
Сўзма-сўз «қўлларини мустаҳкамлашди».