Римликларга 4:1–25
4 Хўш, унда бобокалонимиз Иброҳим ҳақида нима деса бўлади?
2 Агар Иброҳим ишлари туфайли одил деб эълон қилинганда, унда унинг мақтанишга асоси бор бўларди, фақат Аллоҳнинг олдида эмас.
3 Муқаддас Ёзувларда нима дейилган? «Иброҳим Яҳовага* ишонди ва шунинг учун у одил деб тан олинди»+.
4 Ишлаган одамга хизмат ҳақи иноят сифатида эмас, балки унга сазовор бўлгани учун берилади.
5 Бироқ ишларига таянмай, аксинча, гуноҳкорни ҳам одил деб эълон қилган Худога ишонадиган киши имони учун одил деб тан олинади+.
6 Худди шундай Довуд ҳам, ишларига қарамай Аллоҳ одил деб тан олган одамни бахтиёр деб атаб, шундай деган:
7 «Қонунсиз ишлари кечирилган* ва гуноҳлари афв этилган кишилар бахтлидир.
8 Гуноҳи учун Яҳова* жавобгарликка тортмайдиган инсон саодатлидир»+.
9 Унда ушбу бахтга фақат суннатлилар эгами ёки суннатсизлар ҳамми?+ Ахир: «Худо Иброҳимни имони учун одил деб тан олди»+,— дея ўзимиз айтяпмиз-ку.
10 Аммо Иброҳим қачон одил деб тан олинган эди? Суннат қилинганидами ёки суннатсиз бўлиб юрганидами? Тўғри, суннат қилинганида эмас, суннатсиз бўлиб юрганда.
11 Аллоҳ Иброҳимга суннатни белги тариқасида берди+. Бу белги, Тангри уни суннат қилинишидан олдин имони учун одил деб тан олганини* кўрсатарди. Токи у суннатсиз, лекин имони борларнинг отаси+ бўлсин ва улар ҳам одил деб тан олинсинлар.
12 У суннатли авлоднинг, яъни нафақат суннат қилиш тарафдорлари, балки Иброҳим ҳали суннат қилинмаганда эга бўлган имон изидан юрганларнинг ҳам отасидир+.
13 Иброҳим ва унинг зурриётига* янги дунёнинг меросхўри бўлиш ваъдаси+ Таврот орқали эмас, балки имони орқали+ эга бўлган одиллиги учун берилди.
14 Агар Тавротга риоя қиладиган меросхўрлар бўлса, унда имон фойдасиз бўлади, ваъда эса бекор қилинади.
15 Аслини олганда, Таврот Аллоҳнинг қаҳрини қўзғатади+, қонун йўқ бўлган жойда жиноят ҳам бўлмайди+.
16 Шунинг учун, ваъда Иброҳимнинг барча зурриётига*+, яъни Тавротга риоя қиладиганларгагина эмас, ҳаммамизнинг отамиз бўлмиш Иброҳим+ каби имонга эга бўлганларга ҳам имон асосида иноят бўйича+ берилган.
17 (Муқаддас Ёзувларда айтилганидек: «Мен сени кўп халқларнинг отаси бўлишинг учун танладим».)+ Бу ваъда Иброҳимга, у ишонган, ўликларни тирилтирадиган ва йўқ нарсани бор, деб атайдиган* Аллоҳ томонидан берилган.
18 Гарчи умид қилишга асос йўқдай кўринган бўлса-да, Иброҳим кўп халқларнинг отаси бўлиши учун умидини узмай, ишониб юрган. Сабаби: «Сенинг зурриётинг* сон-саноқсиз бўлади»+,— деб айтилган.
19 Иброҳим ёши 100 га бориб қолгани учун+ баданим мажолсизланган, Сора ҳам бола кўриш учун кексайиб қолган+ деб ўйлаган бўлса-да, имони сусаймаган.
20 Аксинча, у Аллоҳнинг ваъдасига ишониб иккиланмади, имонида мустаҳкамланиб, Худога шараф келтирарди.
21 Чунки Тангри берган ваъдасини бажо келтиришга қодир, деб Иброҳим қатъий ишонар эди+.
22 Ана «шунинг учун у одил деб тан олинди»+.
23 Бироқ «тан олинди» деган сўзлар фақат у учун ёзилмаган+,
24 балки биз учун ҳам, айнан одил деб ҳисобланадиганлар учун ёзилган. Боиси, биз Ҳазратимиз Исони тирилтирган Аллоҳга ишонамиз+.
25 Исо айбларимиз учун ўлиб+, одил деб эълон қилинишимиз учун тирилди+.
Изоҳлар
^ Сўзма-сўз «қопланган».
^ Сўзма-сўз «муҳрланганини».
^ Сўзма-сўз «уруғига».
^ Сўзма-сўз «уруғига».
^ Бошқа вариант «йўқ нарсани бор қиладиган».
^ Сўзма-сўз «уруғинг».