Саҳрода 27:1–23

  • Залофходнинг қизлари (1–11)

  • Ёшуа Мусонинг ўрнига тайинланади (12–23)

27  Бундан сўнг, Юсуфнинг ўғли Манашенинг қабиласидан бўлган Залофходнинг қизлари+ келишди. Залофход Хафернинг, Хафер Гиладнинг, Гилад эса Мохирнинг ўғли эди. Залофход қизларининг исмлари Махло, Нуваҳ, Хўглах, Милхо ва Тирза эди. 2  Улар учрашув чодирининг кираверишида Мусо билан руҳоний Элазарнинг, йўлбошчиларнинг+ ва бутун жамоанинг қаршисида туриб шундай дейишди: 3  «Отамиз саҳрода қазо қилган. Лекин у киши Кўрахнинг тарафдорлари+ билан бирга Яҳовага қарши чиққан тўданинг орасида бўлмаган ва исёнкорлик дастидан ўлмаган*. Отамиз ўғил кўрмай ўтиб кетган. 4  Ўғли бўлмагани учун отамизнинг исми ўз қабиласи орасидан ўчиб кетаверадими? Отамизнинг ака-укалари орасидан бизга ҳам ер беринг». 5  Шунда Мусо уларнинг масаласини Яҳованинг олдида баён этди+. 6  Бунга жавобан Яҳова Мусога деди: 7  «Залофходнинг қизлари ҳақ. Уларга амакилари орасидан мерос сифатида ер бериб, отасининг меросини уларга ўтказ+. 8  Исроил ўғилларига эса бундай деб айт: “Борди-ю, бирор киши ўғил кўрмай ўтиб кетса, унинг меросини қизига беринглар. 9  Агар қизи ҳам бўлмаса, унинг меросини ака-укаларига беринглар. 10  Мабодо ака-укалари ҳам йўқ бўлса, унинг меросини амакиларига беринглар. 11  Борди-ю, амакилари ҳам бўлмаса, унда меросини энг яқин қон-қариндошига беринглар ва мерос ўша кишиники бўлсин. Яҳова Мусога буюрганидай, ушбу қарор Исроил ўғиллари учун қонун бўлиб хизмат қилсин”». 12  Яҳова Мусога яна шундай деди: «Аборимдаги тоққа+ чиқиб, Мен Исроил халқига берадиган юртга назар ташла+. 13  Ўша юртни кўздан кечиргач, аканг Ҳорун сингари+ сен ҳам ўз халқингга қўшиласан*+. 14  Чунки Зин саҳросида бутун жамоа Мен билан жанжаллашганда, сизлар сув масаласида уларнинг олдида Мени муқаддас қилиш ҳақидаги буйруғимга қарши чиқдингиз+. (Бу, Зин саҳросида+ жойлашган Кадешдаги+ Марива сувлари+ эди)». 15  Мусо бўлса Яҳовага: 16  «Инсониятга ҳаёт ато этувчи* Тангри Яҳова жамоа устидан бирор кишини тайинласин. 17  Бу киши барча нарсада уларни бошқариб, ҳамма ишларида уларга йўл-йўриқ бериб туради. Шунда Яҳованинг жамоаси чўпонсиз қўйлардай бўлиб қолмайди»,— деб айтди. 18  Яҳова Мусога жавоб бериб, деди: «Қобилиятли* кишини, Нун ўғли Ёшуани олиб келиб, бошига қўлингни қўй+. 19  Уни руҳоний Элазар билан бутун жамоа қаршисига турғизиб, уларнинг олдида йўлбошчи этиб тайинла+. 20  Исроил ўғилларининг бутун жамоаси унга қулоқ солиши учун+, ўз ваколатингдан* унга ҳам бер+. 21  У руҳоний Элазарнинг олдида туради. Элазар бўлса урим*+ орқали у учун Яҳованинг қарорини сўраб беради. Унинг кўрсатмасига* ҳамма — Ёшуа ҳам, бутун Исроил халқи ҳам амал қилади». 22  Мусо ҳаммасини Яҳова буюргандай қилди. У Ёшуани олиб, руҳоний Элазар билан бутун жамоа қаршисига турғизди. 23  Сўнг Яҳованинг Мусога берган амрига биноан+, қўлини унинг бошига қўйиб, йўлбошчи этиб тайинлади+.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «ўз гуноҳи учун вафот этган».
Бу ибора орқали ўлим, шеърий тарзда ифодаланган.
Сўзма-сўз «барча таналарнинг руҳи манбаи».
Сўзма-сўз «руҳи бор бўлган».
Ёки «шуҳратингдан».
Ёки «Худонинг кўрсатмасига». Бу кўрсатма, Ёшуа ёки Элазар орқали берилган бўлиши мумкин.