Чиқиш 2:1–25

  • Мусонинг туғилиши (1–4)

  • Фиръавннинг қизи Мусони ўғил қилиб олади (5–10)

  • Мусо Мидиёнга қочиб, Зиппурага уйланади (11–22)

  • Аллоҳ Исроил халқининг оҳ-ноласини эшитади (23–25)

2  Ўша пайтларда Леви қабиласидан бўлган бир киши ўз қабиласидан бир қизга уйланди+. 2  Қиз ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди ва боласининг ёқимтой эканини кўриб, уни уч ой яшириб юрди+. 3  Лекин чақалоқни ортиқ яшириб юришнинг иложи бўлмагани боис+, у қамишдан* сават* ясаб, ичини смола* билан қоплади-да, болани ичига солди ва Нил дарёси бўйидаги қамишзорга қўйиб қўйди. 4  Боланинг опаси+ эса укаси билан нима бўлишини кўриш учун нарироқда қараб турди. 5  Шу вақт, фиръавннинг қизи Нил дарёсида чўмилгани келди, хизматидаги қизлар эса соҳилда юришган эди. У қамишзор ўртасидаги саватни кўриб қолди ва чўрисига дарҳол уни олиб келишни буюрди+. 6  Саватни очиб, ичида йиғлаб ётган чақалоқни кўрди-да: «Бу ибронийларнинг боласи экан»,— деди, лекин унга раҳми келди. 7  Шунда боланинг опаси фиръавннинг қизига: «Бориб, бу болани эмизиб, унга энагалик қиладиган бирорта иброний аёлни чақириб келайми?» — деди. 8  Фиръавннинг қизи унга: «Майли, бор!» — деб айтди. Қиз шу заҳотиёқ бориб, боланинг онасини чақириб келди+. 9  Фиръавннинг қизи аёлга: «Бу болани олиб, уни мен учун боқиб бер. Хизмат ҳақингни тўлайман»,— деди. Аёл болани олиб, унга энагалик қилди. 10  Бола катта бўлгач, аёл уни фиръавннинг қизига олиб келди ва у болани ўғил қилиб олди+. «Мен уни сувдан чиқариб олганман»+,— дея исмини Мусо* қўйди. 11  Мусо улғайиб, вояга етди. Бир куни биродарларининг оғир меҳнатини кўриш учун уларнинг олдига борди+ ва мисрлик иброний биродарларидан бирини ураётганини кўриб қолди. 12  У атрофига қаради-да, ҳеч ким йўқлигини кўрди ва мисрликни ўлдириб, қумга кўмиб қўйди+. 13  Эртаси куни яна борганида, иккита иброний бир-бири билан уришаётганини кўрди. Шунда у ноҳақлик қилаётган кишига: «Нега биродарингни уряпсан?»+ — деди. 14  Бунга ўша киши: «Ким сени бизларга раҳбар ёки қози қилиб қўйди? Мисрликни ўлдиргандек, мени ҳам ўлдирмоқчимисан?»+ — деб айтди. Мусо қўрқиб кетиб: «Бу иш ошкор бўлибди!» — деб ўйлади. 15  Фиръавн бундан хабар топиб, Мусони ўлдирмоқчи бўлди. Лекин Мусо фиръавндан қочиб, Мидиён+ юртига кетди. У ерга етиб келгач, Мусо бир қудуқ ёнига ўтирди. 16  Мидиён юрти руҳонийсининг+ еттита қизи бор эди. Улар отасининг молларини суғориш учун охурларга сув тўлдиргани қудуқ олдига келишди. 17  Аммо ҳар доимгидек, чўпонлар келиб, уларни ҳайдаб юборишди. Шунда Мусо ўрнидан турди-да, қизларга молларини суғоришга ёрдам берди. 18  Қизлар уйга келишгач, оталари Рувел*+ ҳайрон бўлиб: «Бугун уйга тез қайтибсизларми?» — деб сўради. 19  Қизлар бўлса: «Бир мисрлик+ бизни чўпонлардан ҳимоя қилди, ҳатто молларимизни суғориш учун бизга сув тортиб берди»,— дейишди. 20  Шунда у қизларига: «Қани у? Нега уни қолдириб келдингизлар? Бориб, чақириб келинглар, биз билан овқатланиб олсин»,— деб айтди. 21  Мусо уникида яшашга рози бўлди ва Рувел қизи Зиппурани+ унга хотинликка берди. 22  Бир мунча вақтдан сўнг Зиппура ўғилли бўлди. Мусо: «Мен бегона юртда келгинди бўлиб қолдим»+,— деб, ўғлининг исмини Гершом*+ қўйди. 23  Анча йиллардан кейин Миср шоҳи вафот этди+. Бироқ Исроил халқи аввалгидай қуллик азобидан оҳ тортар ва зорланиб фарёд қиларди. Уларнинг ёрдам сўраб қилган фиғонлари ҳақ Худога етиб борди+. 24  Аллоҳ уларнинг фиғонини эшитиб+, Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб билан қилган аҳдини эслади+. 25  Тангри Исроил халқига эътибор қаратиб, улар азоб чекаётганини кўрди.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «папирус». Саёз сувда ўсадиган, пояси чўкмайдиган ўсимлик.
Ёки «сандиқ, қути».
Ёки «асфальт, битум»; табиий асфальтни билдиради.
Маъноси «чиқариб олинган», яъни сувдан қутқарилган.
Яъни Ятро.
Маъноси «ўша юртдаги келгинди».