Чиқиш 24:1–18

  • Халқ аҳд шартларига рози бўлади (1–11)

  • Мусо Синай тоғида (12–18)

24  Кейин Яҳова Мусога: «Сен, Ҳорун, Надов, Абиҳу+ ва Исроилнинг 70 та оқсоқоли тоққа чиқиб, олисдан Менга сажда қилинглар. 2  Фақат сен — Мусо, Менга — Яҳовага яқинлашгин, бошқалар яқинлашмасин, халқ эса сен билан бирга тоққа чиқмасин»+,— деди. 3  Сўнг Мусо келиб Яҳованинг барча сўзлари ва қонун-қоидаларини халққа айтиб берди+. Шунда бутун халқ бир овоздан: «Яҳованинг ҳамма айтганларини бажарамиз»+,— деб айтди. 4  Мусо Яҳованинг барча сўзларини ёзиб қўйди+. Тонг саҳарда эса ўрнидан туриб, тоғ этагида қурбонгоҳ бунёд этди ва Исроилнинг 12 та қабиласи сонига яраша 12 та ёдгорлик тошини ўрнатди. 5  Бундан кейин Мусо Исроил ўғиллари орасидан йигитларни юборди ва улар куйдириладиган қурбонликлар келтиришди ҳамда тинчлик қурбонликлари сифатида буқаларни Яҳовага қурбон қилишди+. 6  Кейин Мусо қоннинг ярмини олиб, косаларга қуйди, қолган қонни эса қурбонгоҳга сачратди. 7  Сўнг у аҳд китобини* олди-да, халққа ўқиб берди+. Улар бўлса: «Яҳованинг ҳамма айтганларини бажарамиз, итоаткор бўламиз»+,— дейишди. 8  Шунда Мусо қонни олиб халқ устига сачратди-да+: «Бу — Яҳова сизлар билан шу сўзлар асосида қилган аҳд қони»+,— деб айтди. 9  Кейин Мусо, Ҳорун, Надов, Абиҳу ва Исроилнинг 70 та оқсоқоли тоққа чиқиб, 10  Исроил халқининг Худосини кўришди+. Унинг оёғи остида сапфирга ўхшаш, осмондай мусаффо бир нарса тўшалган эди+. 11  Тангри Исроилнинг танланган ушбу кишиларига зиён етказмади+. Улар еб-ичиб ўтирган пайтда ваҳийда ҳақ Худони кўришди. 12  Бундан сўнг Яҳова Мусога: «Тоққа, Менинг олдимга чиқиб, ўша ерда қол. Мен сенга тош лавҳалар бераман ва уларга халққа таълим бериш учун қонун ва амрларни ёзиб қўяман»+,— деди. 13  Мусо ёрдамчиси Ёшуа+ билан бирга ўрнидан турди ва Мусо ҳақ Тангрининг тоғига чиқди+. 14  Оқсоқолларга бўлса Мусо: «Биз қайтиб келмагунимизча, шу ерда кутиб туринглар+. Ҳорун ва Хур сизлар билан қолишади+. Кимдир бирор масалани ҳал қилмоқчи бўлса, уларга мурожаат этсин»+,— деб айтди. 15  Мусо тоққа чиққанида, тоғни булут қоплаб турарди+. 16  Яҳованинг улуғворлиги+ Синай тоғи+ устида бўлиб, тоғни олти кун булут қоплаб турди. Еттинчи куни У булут ичидан Мусога мурожаат қилди. 17  Яҳованинг улуғворлигини кузатиб турган Исроил халқига тоғ чўққиси ловуллаб турган олов каби кўринди. 18  Кейин Мусо булут ичига кириб, тоғ тепасига чиқди+. У 40 кечаю 40 кундуз тоғда қолди+.

Изоҳлар

Бу китобда Чқ 20:22–23:33- оятлардаги қонунлар қайд этилган бўлиши мумкин.