Чиқиш 30:1–38
30 Тутатқи тутатиш учун қурбонгоҳ яса+. У акация дарахтининг ёғочидан қилинсин+.
2 Қурбонгоҳ тўртбурчак, узунлиги бир тирсак*, эни бир тирсак ва бўйи икки тирсак бўлсин. Шохлар билан қурбонгоҳ бир бутунни ташкил этсин+.
3 Унинг устини, атрофларини, шохларини соф олтин билан қопла. Тепа қисмининг атрофидаги безагини олтиндан қил.
4 Безакнинг пастига олтиндан иккитадан ҳалқа яса. Ҳалқаларни икки ён томонига жойлаштир. Қурбонгоҳни кўтариб юриш учун бу ҳалқалардан ходалар ўтказилади.
5 Ходаларни акация дарахтининг ёғочидан яса ва уларни олтин билан қопла.
6 Қурбонгоҳни шоҳидлик сандиғи яқинидаги парданинг+, шоҳидлик сандиғи ва қопқоғининг — Мен сенга зоҳир бўладиган жойнинг+ ташқарисига қўй.
7 Ҳар тонг Ҳорун+ мойчироқлардан хабар олганида+, қурбонгоҳда+ хушбўй тутатқини тутатади+.
8 Ҳорун оқшом пайти мойчироқларни ёққанида ҳам тутатқи тутатсин. Бу — авлодлар оша Яҳованинг олдида мунтазам равишда ёндириладиган тутатқи назри.
9 Қурбонгоҳда қонунга зид бўлган тутатқи назрини, куйдириладиган қурбонликни, дон назрини келтирманглар+ ва ичимлик назрини унинг устига қуйманглар.
10 Ҳорун йилига бир марта қурбонгоҳнинг шохларини гуноҳдан фориғ қилсин+. Гуноҳни ювиш учун сўйилган гуноҳ қурбонлигининг қони билан+, у йилига бир марта авлодлар оша гуноҳни ювади. Бу, Яҳова учун ғоят муқаддасдир».
11 Сўнг Яҳова Мусога деди:
12 «Исроил ўғилларини санаб рўйхатдан ўтказганингда+, уларнинг ҳар бири рўйхатга олинаётганда ўз жони учун Яҳовага тўлов берсин. Рўйхатга олинаётган пайтда, бошларига бирор-бир фалокат тушмаслиги учун шундай қилинсин.
13 Рўйхатга олинганларнинг бари муқаддас жойда асос қилиб олинган шекел билан ҳисобланганда, ярим шекел* бериши керак+. Йигирма гера* бир шекелга тенг. Яҳовага ярим шекел хайр-эҳсон қилинсин+.
14 Йигирма ва ундан юқори ёшда бўлиб, рўйхатга олинганларнинг бари Яҳовага аталган хайр-эҳсонни берсин+.
15 Жонларингизни гуноҳдан фориғ қилиш учун Яҳовага берадиган хайр-эҳсон ярим шекелдир. Бой шундан кўп бермасин, камбағал ҳам шундан оз бермасин.
16 Сен эса Исроил ўғиллари ўз гуноҳини ювиш учун берадиган кумуш пулларни олиб, учрашув чодиридаги хизмат учун бер. Бу пуллар, жонларингизни гуноҳдан фориғ қилиш мақсадида, Исроил ўғиллари учун Яҳованинг олдида эслатма бўлиб хизмат қилади».
17 Яҳова Мусога яна шундай деди:
18 «Ювиниш учун мисдан тос ва унга таглик яса+. Уни учрашув чодири билан қурбонгоҳ ўртасига қўй ва ичига сув қуй+.
19 Ҳорун билан ўғиллари шу сувда қўл-оёқларини ювишсин+.
20 Улар учрашув чодирига кираётганларида ёки назрлар келтириш ё бўлмаса Яҳовага тутатқи тутатиб хизмат қилиш учун қурбонгоҳга яқинлашганларида, ўлмаслик учун сувда ювинишсин.
21 Ўлмаслик учун улар қўллари ва оёқларини ювишсин. Бу, Ҳорун ва унинг насллари учун авлоддан авлодга, асрлар оша қоида бўлиб хизмат қилсин»+.
22 Яҳова гапини давом эттириб Мусога деди:
23 «Кейин сараланган хушбўй моддаларни ол: 500 шекел қотган мирра*, хушбўй долчин эса унинг ярмини, яъни 250 шекелни ташкил этсин, 250 шекел хушбўй игир*,
24 муқаддас жойда асос қилиб олинган шекел билан ўлчанганда+ 500 шекел кассия*, шунингдек бир хин* зайтун мойи.
25 Бу нарсалар усталик билан* аралаштирилиб, мойлаш учун ишлатиладиган муқаддас мой тайёрлансин+. Бу, мойлаш учун ишлатиладиган муқаддас мой бўлади.
26 Учрашув чодири ва шоҳидлик сандиғига мой сурт+.
27 Шунингдек, стол ва унинг барча анжомларига, чироқпоя ва унинг анжомларига, тутатқи қурбонгоҳига,
28 куйдириладиган қурбонликлар келтириладиган қурбонгоҳ ва барча анжомларига, тос ва унинг таглигига ҳам мой сурт.
29 Бу нарсалар энг муқаддас бўлиши учун уларни муқаддас қил+. Уларга қўл теккизган киши муқаддас бўлади+.
30 Ҳорунга ва унинг ўғилларига мой сурт ва Менга руҳоний бўлиб хизмат қилишлари учун уларни муқаддас қил+.
31 Исроил халқига шундай деб айт: “Бу мой, Менинг назаримда авлодлар оша мойлаш учун ишлатиладиган муқаддас мой бўлиб қолаверади+.
32 Бу мой инсон баданига суртилмасин ва таркиби худди шунақа бўлган ҳеч нарса тайёрламанглар. Мой муқаддасдир. Мой сизлар учун муқаддас бўлиб қолсин.
33 Кимки бу мойга ўхшаган мойни тайёрласа ва кимки бу мойни ваколати бўлмаган кишига* суртса, ўз халқи орасидан йўқ қилинсин”»+.
34 Сўнг Яҳова Мусога деди: «Хушбўй моддаларни бир хил ўлчовда ол+: стакти смоласи*, оних*, хушбўй галбан ва тоза хушбўй смолани*.
35 Шу нарсалардан тутатқи тайёрла+. Зираворлар усталик билан аралаштирилган, туз қўшилган+, тоза ва муқаддас бўлсин.
36 Тутатқининг бир қисмини олиб, майда қилиб туй ва Мен Ўзимни сенга зоҳир қиладиган жойга, учрашув чодиридаги шоҳидлик сандиғи олдига қўй. Зираворлар аралашмаси сизлар учун ғоят муқаддас бўлсин.
37 Таркиби худди шунақа бўлган тутатқини ўзингиз учун тайёрламанглар+. Тутатқига Яҳованинг назарида муқаддас бўлган нарсадек қаралсин.
38 Кимки ҳидидан роҳатланиш учун шунга ўхшаш тутатқини тайёрласа, у ўз халқи орасидан йўқ қилинсин».
Изоҳлар
^ Тахм. 44,5 см. Илованинг Б14 мавзусига қ.
^ Бир шекел=11,4 г. Илованинг Б14 мавзусига қ.
^ Бир гера=0,57 г. Илованинг Б14 мавзусига қ.
^ Муаттар ҳидли ўсимлик.
^ Бир хин=3,67 л. Илованинг Б14 мавзусига қ.
^ Ёки «хушбўй мой тайёрловчи қилгандек».
^ Сўзма-сўз «бегона», яъни Ҳоруннинг хонадонига тегишли бўлмаган киши.
^ Дарахтлардан томадиган муаттар ҳидли смола.
^ Бу нима экани номаълум. Ушбу модда аллақандай хушбўй ўсимликдан ёки муайян моллюскадан олинган бўлиши мумкин.