Чиқиш 31:1–18
31 Кейин Яҳова Мусога қуйидагиларни айтди:
2 «Мен Яҳудо қабиласидан бўлган Хурнинг невараси+, Ури ўғли Базалилни танладим+.
3 Уни Ўз руҳим билан* тўлдириб, донолик, ақл-идрок ва билим ато этаман ва ҳар қандай ишга қобилиятли қиламан.
4 Шунда у бадиий лойиҳаларни яратадиган, олтин, кумуш ва мис билан ишлайдиган,
5 тошларни йўниб+, уяларга ўрнатадиган ҳамда ёғочдан турли хил нарсалар ясайдиган бўлади+.
6 Бундан ташқари, Дан қабиласидан бўлган Охисамах ўғли Охолиёвни+ унга ёрдамчи қилиб тайинладим. Мен сенга буюрган ҳамма нарсаларни бажаришлари учун, барча моҳир кишиларнинг қалбига донолик соламан+.
7 Улар учрашув чодирини+, шоҳидлик сандиғи+ билан устидаги қопқоғини+, муқаддас чодирнинг барча анжомларини,
8 стол+ ва унинг анжомларини, соф олтиндан бўлган чироқпоя ва унинг анжомларини+, тутатқи тутатиладиган қурбонгоҳни+,
9 куйдириладиган қурбонлик учун қурбонгоҳ+ ва унинг анжомларини, тос ва унинг таглигини+,
10 нафис қилиб тўқилган кийимларни, руҳоний бўлмиш Ҳорун учун муқаддас кийимларни, руҳонийлик хизмати учун унинг ўғилларига аталган кийимларни+,
11 мойлаш учун мўлжалланган мойни ва муқаддас маскан учун хушбўй тутатқини тайёрлашади+. Улар ҳаммасини Мен сенга буюрганимдай қилишади».
12 Яҳова Мусога яна шуларни айтди:
13 «Сен Исроил ўғилларига бундай деб айт: “Менинг Шаббатларимга риоя қилинглар+. Чунки бу, Мен сизлар билан қилган аҳднинг белгиси бўлиб, сизларни муқаддас қилган Мен — Яҳова эканимни авлодларингиз оша сизларга билдириб туради.
14 Шаббатга риоя қилинглар, боиси у сизлар учун муқаддасдир+. Ким бу кунни булғаса, ўлимга маҳкум этилсин. Ушбу кунда кимки бирор ишга қўл урса, бундай одам халқи орасидан йўқ қилинсин+.
15 Олти кун ишласа бўлади, аммо еттинчи кун Шаббат бўлиб, бутунлай дам оладиган кундир+. Бу, Яҳова учун муқаддас ҳисобланади. Кимки Шаббат куни ишласа, ўлимга маҳкум этилсин.
16 Исроил ўғиллари авлоддан авлодга Шаббатга риоя қилишсин. Бу, асрлар оша турадиган аҳддир.
17 Шаббат, Мен билан Исроил халқи ўртасида барқарор турадиган белгидир+. Сабаби, Яҳова олти кун давомида осмон билан ерни яратган, еттинчи кун эса ишларидан тиниб, дам олган”»+.
18 Синай тоғида Мусо билан гаплашиб бўлгач, Аллоҳ унга иккита шоҳидлик лавҳасини берди+. Ушбу тош лавҳаларга Тангри Ўз қўли*+ билан ёзган эди.