Чиқиш 32:1–35
32 Бу орада халқ Мусо узоқ вақт тоғдан тушмаётганини кўргач+, Ҳоруннинг атрофига йиғилиб: «Қани, бизни бошлаб юрадиган худо ясаб бер. Чунки бизни Миср юртидан олиб чиққан анави Мусо билан нима юз берганини билмаймиз»+,— деди.
2 Ҳорун уларга жавобан: «Хотинларингиз ва ўғил-қизларингизнинг қулоқларидаги тилла сирғаларни ечиб, менга келтиринглар»+,— деб айтди.
3 Шунда бутун халқ қулоқларидаги тилла сирғаларини ечиб, уларни Ҳорунга олиб кела бошлади.
4 Ҳорун улардан олтинни олди-да, ўймакорлик асбоби билан унга шакл бериб, бузоқ ҳайкалини ясади+. Халқ бўлса: «Эй Исроил, сени Миср юртидан олиб чиққан Тангринг мана шу!»+ — деб айта бошлади.
5 Буни кўрган Ҳорун бузоқнинг олдига қурбонгоҳ қуриб: «Эртага Яҳовага аталган байрам бўлади»,— деб эълон қилди.
6 Эртаси куни улар саҳар туриб, куйдириладиган қурбонлик ва тинчлик қурбонликларини келтиришди. Бундан сўнг халқ еб-ичиш учун ўтирди, кейин эса ўрнидан туриб, вақтичоғлик қила бошлади+.
7 Яҳова Мусога шундай деди: «Борақол, пастга туш, чунки сен Миср юртидан олиб чиққан халқ бузилиб кетди+.
8 Улар Мен юришни буюрган йўлдан тезда оғиб кетишди+. Ўзларига бузоқнинг ҳайкалини ясаб: “Эй Исроил, сени Миср юртидан олиб чиққан Тангринг мана шу!” — дея унга сажда қилиб қурбонликлар келтиришяпти».
9 Яҳова тағин Мусога: «Бу халқ ўжар* эканини кўриб турибман+.
10 Шундай экан, энди Мени тўхтатма. Мен оташин ғазабимни сочиб, уларни қириб ташлайман. Сендан эса буюк халқ келтириб чиқараман»+,— деди.
11 Мусо бўлса бундай дея Яҳовага ёлвора бошлади+: «Эй Яҳова, Миср юртидан буюк кучинг, қудратли қўлинг билан олиб чиққан халқингга оташин ғазабингни сочиб нима қиласан?+
12 Мисрликлар: “У халқни ёмон ниятда олиб чиққан. Уларни тоғларда ўлдириб, ер юзидан йўқ қилиб юборишни истаган”,— деб айтишмайдими?+ Оташин ғазабингдан тушиб, халқингни бундай фалокатга дучор қилиш фикрингдан қайт.
13 Хизматчиларинг Иброҳим, Исҳоқ ва Исроилни ёдга ол. Ахир Сен: “Зурриётингни* осмондаги юлдузлардай кўпайтираман+. Ўзим айтган шу барча ерларни сенинг зурриётингга бераман ва улар унга асрлар оша эгалик қилишади!”+ — дея тантанавор равишда қасам ичган эдинг-ку».
14 Шунда Яҳова Ўз халқини фалокатга дучор қилиш фикридан қайтди+.
15 Сўнгра Мусо орқага қайтиб, тоғдан тушди. Қўлида+ иккита шоҳидлик лавҳаси+ бор бўлиб, лавҳаларнинг иккала томонида — олд ва орқа томонида ёзуви бор эди.
16 Лавҳалар Худонинг ижоди бўлиб, ундаги ёзувларни Ўзи ўйиб ёзган эди+.
17 Ёшуа халқнинг бақир-чақир қилиб, шовқин кўтараётганини эшитиб, Мусога: «Қароргоҳдан жанг овози келяпти»,— деди.
18 Лекин Мусо жавобан деди:
«Бу, ғалаба қўшиғи эмас,Мағлубият оҳ-ноласи ҳам эмас.Мен бошқа бир қўшиқни эшитяпман».
19 Мусо қароргоҳга яқинлашиб, бузоқни ва рақсга тушаётганларни кўриши биланоқ+, ғазаби қайнаб кетди. Шунда қўлидаги лавҳаларни тоғнинг этагида ерга ташлаб юборди ва улар чилпарчин бўлди+.
20 Мусо улар ясаган бузоқни олди-да, оловда куйдирди ва майдалаб, кукунга айлантирди+. Сўнг кукунни сувнинг устига сепиб, Исроил халқига уни ичирди+.
21 Мусо Ҳорунга: «Бу халқ сизга нима қилдики, уни бундай оғир гуноҳга ботирдингиз?» — деб айтди.
22 Ҳорун жавобан деди: «Тақсирим, аччиғингиз чиқмасин. Бу халқ ёвузликка мойил эканини ўзингиз яхши биласиз+.
23 Улар менга: “Бизни бошлаб юрадиган худо ясаб бер. Чунки бизни Миср юртидан олиб чиққан анави Мусо билан нима юз берганини билмаймиз”+,— деб айтишди.
24 Шунда мен: “Кимда тилласи бор бўлса, ечиб менга келтирсин”,— дедим. Уни оловга ташлаган эдим, мана шу бузоқ чиқди».
25 Мусо кўрдики, халқ тийиб бўлмайдиган ҳолга келибди. Чунки Ҳорун уларнинг тийиқсиз ҳолга келиб, душманларининг олдида шарманда бўлишига йўл қўйиб берган эди.
26 Мусо қароргоҳ киравериши олдида туриб: «Ким Яҳова тарафда бўлса, менинг ёнимга келсин!»+ — деди. Шунда Левининг барча ўғиллари унинг атрофига тўпланишди.
27 Мусо уларга: «Исроил халқининг Тангриси Яҳова бундай демоқда: “Ҳар бирингиз қиличингизни белингизга боғланг-да, бутун қароргоҳ бўйлаб, у бошидан бу бошигача* айланиб чиқиб, ака-укангиз, қўшнингиз ва яқин дўстингизни ўлдиринг”»+,— деб айтди.
28 Левининг ўғиллари Мусо айтганидек қилишди. Шу тариқа, ўша куни тахминан 3 000 киши ўлдирилди.
29 Кейин Мусо: «Яҳовага хизмат қилиш учун бугун ўзларингизни муқаддас қилинглар. Боиси, ҳар бирингиз ўз ўғлингиз ва ака-укангизга қарши боряпсизлар+. Бугун У сизларга барака беради»,— деди+.
30 Эртаси куни Мусо халққа: «Сизлар оғир гуноҳга қўл урдингизлар. Энди мен Яҳованинг олдига кўтариламан. У гуноҳингиздан ўтиши учун, эҳтимол бирор нарса қила оларман»+,— деб айтди.
31 Мусо Яҳованинг олдига қайтиб, шундай деди: «Бу халқ оғир гуноҳга қўл урди! Улар ўзига олтиндан худо ясаб олибди!+
32 Агар истасанг, уларнинг гуноҳини кечир+. Истамасанг, илтимос, Ўзинг ёзган китобдан менинг исмимни ўчириб ташла»+.
33 Бироқ Яҳова Мусога: «Ким Менга қарши гуноҳ қилган бўлса, ўшанинг исмини китобимдан ўчириб ташлайман.
34 Энди бориб, халқни Мен айтган жойга олиб бор. Менинг фариштам сени бошлаб боради+. Мен текширув ўтказган кунда, қилган гуноҳи учун уларни жазолайман»,— деди.
35 Шундан сўнг, халқ Ҳорунга бузоқ ясаттиргани учун Яҳова уларни жазолай бошлади.
Изоҳлар
^ Сўзма-сўз «бўйни эгилмайдиган».
^ Сўзма-сўз «уруғингни».
^ Сўзма-сўз «дарвозадан дарвозага».