Чиқиш 37:1–29
37 Кейин Базалил+ акация дарахти ёғочидан сандиқ ясади+. Сандиқнинг узунлиги икки ярим, эни бир ярим, бўйи бир ярим тирсакни* ташкил этди+.
2 Сўнг уни ичин-ташин соф олтин билан қоплаб, тепа қисмининг атрофига олтиндан безак бериб чиқди+.
3 Бундан кейин тўртта олтин ҳалқа қуйиб, уларни сандиқнинг тўртта оёғининг юқори қисмига — иккита ҳалқани унинг бир томонига, қолган иккитасини эса бошқа томонига ўрнатди.
4 Сўнг акация дарахти ёғочидан ходалар ясаб+, уларни олтин билан қоплади.
5 Шунингдек, сандиқни ходалар ёрдамида кўтариб юриш учун, уларни сандиқнинг иккала томонидаги ҳалқаларга киргизиб қўйди+.
6 У соф олтиндан, узунлиги икки ярим, эни бир ярим тирсак келадиган қопқоқ ясади+.
7 Кейин у олтиндан иккита каруб+ ясаб, уларга болға билан шакл берди-да, қопқоқнинг икки четига ўрнатди+.
8 Карубнинг бирини қопқоқнинг бир чеккасига, иккинчисини бошқа чеккасига ўрнатди. У карубларни қопқоқнинг икки четига ўрнатди.
9 Карубларнинг қанотлари юқорига кўтарилган бўлиб, қопқоққа соя солиб турарди+. Улар бир-бирига юзма-юз ўрнатилиб, юзлари қопқоққа қаратилган эди+.
10 Сўнг у акация дарахти ёғочидан узунлиги икки, эни бир, баландлиги эса бир ярим тирсак келадиган стол ясади+.
11 Столни соф олтин билан қоплаб, тепа қисмининг атрофига олтиндан безак бериб чиқди.
12 Кейин унинг атрофи бўйлаб тўрт бармоқ энидай* келадиган ҳошия ясаб, ҳошия атрофига олтиндан безак бериб чиқди.
13 Стол учун тўртта олтин ҳалқа қуйиб, ҳалқаларни оёқлар бириктирилган тўртта бурчакка ўрнатди.
14 Ҳалқалар ҳошияга яқин қилиб бириктирилди ва столни кўтариш учун уларга ходалар киргизилди.
15 Столни ходалар ёрдамида кўтариб юриш учун, у акация дарахти ёғочидан ходалар ясаб, уларни олтин билан қоплади.
16 Бундан сўнг, у столнинг устида туриши учун соф олтиндан қилинган нарсалар — лаганлар, пиёлалар, ичимлик назрлари қуйиладиган косалар ва кўзаларни ясади+.
17 Кейин соф олтиндан чироқпоя ясаб+, унга болға билан шакл берди. Унинг танасидан новдалар, гулкосалар, ғунчалар ва гуллар чиқиб турарди+.
18 Чироқпоянинг танасидан олтита новда — учтаси бир томонидан, учтаси эса бошқа томонидан чиқиб турарди.
19 Бир томонидаги новдаларнинг ҳар бирига бодом гулига ўхшаш учта гулкоса, ҳар бир гулкоса орасига эса ғунча ва гул ясади. Иккинчи томондаги новдаларнинг ҳар бирига ҳам бодом гулига ўхшаш гулкоса, ҳар бир гулкоса орасига ғунча ва гул ясади. Чироқпоянинг танасидан худди шундай олтита новда чиқиб турарди.
20 Чироқпоянинг танасидан бодом гулига ўхшаш тўртта гулкоса, ҳар бир гулкоса орасига эса ғунча ва гул ясади.
21 Чироқпоя танасидан чиққан биринчи, иккинчи ва учинчи иккита новда тагига ҳам — жами олтита новда тагига ғунча ясади.
22 Ғунчалар билан новдалар ҳамда бутун чироқпоя бир бўлак соф олтиндан болға билан шакл бериб ясалди.
23 Кейин у еттита мойчироқ+ ҳамда соф олтиндан қисқичлар ва оловкураклар ясади.
24 Чироқпоя ва унинг барча жиҳозларини бир талант* соф олтиндан ясади.
25 Сўнг у акация дарахти ёғочидан тутатқи тутатиладиган қурбонгоҳ ясади+. Қурбонгоҳнинг шакли тўртбурчак бўлиб, узунлиги бир тирсакни, эни бир тирсакни, баландлиги эса икки тирсакни ташкил этди. Шохлар билан қурбонгоҳ бир бутундан иборат эди+.
26 У қурбонгоҳнинг устини, атрофларини, шохларини соф олтин билан қоплаб, тепа қисмининг атрофидаги безагини олтиндан қилди.
27 Безак пастига олтиндан иккитадан ҳалқа ясаб, уларни қурбонгоҳнинг икки ён томонига жойлаштирди. Қурбонгоҳни кўтариб юриш учун бу ҳалқалардан ходаларни ўтказди.
28 Бундан сўнг, акация дарахти ёғочидан ходалар ясаб, уларни олтин билан қоплади.
29 Шунингдек, у мойлаш учун ишлатиладиган муқаддас мой+ ҳамда тоза хушбўй тутатқи+ тайёрлади. Уларни усталик билан аралаштириб тайёрлади.
Изоҳлар
^ Бир тирсак=44,5 см. Илованинг Б14 мавзусига қ.
^ Тахм. 7,4 см. Илованинг Б14 мавзусига қ.
^ Бир талант=34,2 кг. Илованинг Б14 мавзусига қ.