Чиқиш 38:1–31
38 У куйдириладиган қурбонликлар учун акация дарахти ёғочидан қурбонгоҳ ясади. Қурбонгоҳ тўртбурчак шаклда бўлиб, узунлиги беш тирсакни*, эни беш тирсакни, баландлиги эса уч тирсакни ташкил этди+.
2 Кейин у қурбонгоҳнинг тўрт бурчагига тўртта шох ясади. Шохлар билан қурбонгоҳ бир бутунни ташкил этди. У шохларни мис билан қоплади+.
3 Бундан сўнг, у қурбонгоҳ учун барча анжомларни: кул солинадиган челаклар, кураклар, косалар, паншахалар ва оловкуракларни ясади. Ушбу барча анжомларни у мисдан ясади.
4 Шунингдек, у қурбонгоҳ учун панжара, яъни мис тўр ясади. Тўрни бўртикнинг пастки қисмига ўрнатди, тўр қурбонгоҳнинг ярмигача етиб борди.
5 Кейин тўртта ҳалқа қуйиб, ходалар киргизиш учун ҳалқаларни мис тўрнинг ёнидаги тўртта бурчагига ўрнатди.
6 Сўнг у қурбонгоҳ учун акация дарахти ёғочидан ходалар ясаб, уларни мис билан қоплади.
7 Қурбонгоҳни кўтариб юриш учун унинг икки томонидаги ҳалқалардан ходаларни ўтказди. У қурбонгоҳни тахталардан, бўш қути шаклида ясади.
8 Кейин у мисдан тос+ ва учрашув чодирига кираверишида белгиланган тартибда хизмат қилувчи аёллар қўллайдиган кўзгудан* тос учун таглик ясади.
9 У ҳовли учун парда тўқиди+. Ҳовлининг жанубга қараган томони учун аъло сифатли зиғир толасидан йигирилган ипдан, узунлиги 100 тирсак келадиган парда тўқиди+.
10 Ҳовли учун мисдан 20 та устун ва ўйиғи бор 20 та таглик ясади. Устунларнинг илгаклари ва улагичларини кумушдан қилди.
11 Шимол томонга ҳам узунлиги 100 тирсак келадиган парда тайёрлади. Парда учун мисдан 20 та устун ва ўйиғи бор 20 та таглик ясади. Устунларнинг илгаклари ва улагичларини эса кумушдан қилди.
12 Ҳовлининг ғарбий томонига узунлиги 50 тирсак келадиган парда тайёрлади. Парда учун ўнта устун ва ўйиғи бор ўнта таглик ясади. Устунларнинг илгаклари ва улагичларини эса кумушдан қилди.
13 Ҳовлининг шарқий, кунчиқар тарафига ҳам эни бўйлаб 50 тирсак келадиган парда тайёрлади.
14 Ҳовлига кираверишнинг ўнг томонига узунлиги 15 тирсак келадиган парда тайёрлади. Парда учун учта устун ва ўйиғи бор учта таглик ясади.
15 Ҳовлига кираверишнинг чап томонига ҳам 15 тирсак келадиган парда тайёрлади. Парда учун учта устун ва ўйиғи бор учта таглик ясади.
16 Ҳовли атрофидаги пардалар аъло сифатли зиғир толасидан йигирилган ипдан тайёрланди.
17 Устунларнинг ўйиғи бор тагликлари мисдан, илгаклари ва улагичлари кумушдан қилинди. Устунларнинг тепа қисми кумуш билан қопланиб, ҳовли атрофидаги барча устунларнинг улагичлари кумушдан тайёрланди+.
18 Ҳовлига кириш жойи учун мовий ипдан, тўқ қизилга бўялган жундан, қирмизи ипдан ва аъло сифатли зиғир толасидан йигирилган ипдан парда тўқилди. Унинг узунлиги 20 тирсак, баландлиги эса ҳовли пардасининг баландлигидек 5 тирсак қилиб тайёрланди+.
19 Парда учун мисдан тўртта устун ва ўйиғи бор таглик ясалди. Устуннинг илгаклари ва улагичлари кумушдан тайёрланди, тепа қисми кумуш билан қопланди.
20 Муқаддас чодирнинг ҳамма қозиқлари ҳамда ҳовли атрофидаги қозиқлар мисдан қилинди+.
21 Мусонинг буйруғига биноан, шоҳидлик сандиғи турган муқаддас чодир+ учун керакли нарсалар рўйхати тузилди. Бу рўйхатни тузиш руҳоний Ҳорун ўғли Итамарнинг+ қўл остида бўлган левилар зиммасида эди+.
22 Яҳова Мусога нимани буюрган бўлса, Яҳудо қабиласидан бўлган Хурнинг невараси, Ури ўғли Базалил+ буларнинг барчасини бажарди.
23 Дан қабиласидан бўлган Охисамах ўғли Охолиёв+ ҳам у билан бирга эди. У устанинг, каштачининг, мовий ипдан, тўқ қизилга бўялган жундан, аъло сифатли зиғир ва қирмизи ипдан кашта тикувчининг ҳамда тўқувчининг ишларини бажарди.
24 Муқаддас жойдаги барча ишларни бажариш учун, силкитиладиган назр сифатида келтирилган олтиндан фойдаланилди+. Олтиннинг оғирлиги 29 талант ва муқаддас жойда асос қилиб олинган шекел* билан ўлчанганда 730 шекелни ташкил этди.
25 Жамоа орасидаги рўйхатга киритилган эркаклардан олинган кумушнинг оғирлиги 100 талант ва муқаддас жойда асос қилиб олинган шекел билан ўлчанганда 1 775 шекелни ташкил этди.
26 Киши бошидан ярим шекелдан олинди. Рўйхатга киритилган 20 ва ундан юқори ёшдаги 603 550 кишининг+ ҳар биридан муқаддас жойда асос қилиб олинган шекел билан ҳисобланганда ярим шекелдан олинди+.
27 Муқаддас жой учун қуйилган ўйиғи бор тагликлар ва пардаларнинг ўйиғи бор тагликлари учун 100 талант ишлатилди. 100 та ўйиғи бор таглик учун 100 талант ишлатилди, ҳар бир ўйиғи бор таглик учун бир талантдан сарф қилинди+.
28 Устунларга илгаклар ясаш, уларнинг тепа қисмини қоплаш ва бирлаштириш учун 1 775 шекел сарфланди.
29 Назр этилган* миснинг оғирлиги 70 таланту 2 400 шекелни ташкил этди.
30 Бу мисдан учрашув чодири кираверишининг ўйиғи бор тагликларини, мис қурбонгоҳни ва унинг мис панжарасию барча анжомларини,
31 ҳовли атрофидаги ўйиғи бор тагликларни, ҳовли кираверишидаги ўйиғи бор тагликларни, муқаддас чодир билан ҳовлининг барча қозиқларини ясади+.
Изоҳлар
^ Бир тирсак=44,5 см. Илованинг Б14 мавзусига қ.
^ Яъни яхши силлиқланган металл кўзгулардан.
^ Бир шекел=11,4 г. Илованинг Б14 мавзусига қ.
^ Ёки «силкитиладиган назр сифатида келтирилган».