Чиқиш 9:1–35
9 Кейин Яҳова Мусога шундай деди: «Фиръавн олдига бориб, унга қуйидагиларни айт: “Ибронийларнинг Тангриси Яҳова мана бундай деяпти: Менга хизмат қилиши учун халқимни қўйиб юбор+.
2 Борди-ю, уларни қўйиб юборишдан бош тортиб, ушлаб турадиган бўлсанг,
3 унда Яҳованинг қўли+ далангдаги чорвангга қарши кўтарилади. У отларинг, эшакларинг, туяларинг, қорамолу қўй-эчкиларингга даҳшатли офат юборади+.
4 Лекин Яҳова Миср чорвасидан Исроил чорвасини ажратиб қўяди ва Исроил халқига тегишли моллардан биттаси ҳам нобуд бўлмайди”»+.
5 Бундан ташқари, Яҳова: «Мен Яҳова эртага шу юртда буни амалга ошираман»,— дея вақтни белгилади.
6 Эртаси куни Яҳова Ўзи айтганидек қилди ва Мисрдаги чорванинг барча турлари нобуд бўла бошлади+. Аммо Исроил халқининг чорвасидан биттаси ҳам нобуд бўлмади.
7 Фиръавн одам юбориб, Исроил халқининг чорвасидан биттаси ҳам нобуд бўлмаганидан хабар топди. Бироқ, фиръавннинг юраги тошлигича қолди ва у халқни қўйиб юбормади+.
8 Шундан кейин Яҳова Мусо билан Ҳорунга: «Хумдондан бир ҳовуч кул олинглар ва Мусо фиръавннинг олдида кулни ҳавога сочиб юборсин.
9 Кул чангга айланиб, бутун Миср юртини қоплайди. Шунда бутун Миср юртидаги одамлар ва жониворларга чипқонлар чиқади»,— деб айтди.
10 Улар хумдондан кул олиб, фиръавннинг ҳузурига боришди. Мусо кулни ҳавога сочиб юборган эди, одамлару жониворларга чипқонлар чиқа бошлади.
11 Коҳинлар Мусонинг олдига кела олишмади. Чунки уларга ва барча мисрликларга чипқонлар чиқиб кетган эди+.
12 Бироқ Яҳова фиръавннинг юраги тошлигича қолишига йўл қўйди. Яҳова Мусога айтганидек, фиръавн уларга қулоқ солмади+.
13 Сўнг Яҳова Мусога шуларни айтди: «Эртага эрталаб тургин-да, фиръавннинг ҳузурига бориб, унга қуйидагиларни айт: “Ибронийларнинг Тангриси Яҳова шундай деяпти: Менга хизмат қилишлари учун халқимни қўйиб юбор.
14 Акс ҳолда, Мен сенга, хизматкорларинг ва халқингга офатлар юбораман. Шу йўсин, ер юзида Менга ҳеч ким тенг кела олмаслигини билиб оласан+.
15 Мен аллақачон қўлимни узатиб, сени ҳам, халқингни ҳам, даҳшатли офатларга дучор қилардим ва сени ер юзидан йўқ қилиб юборардим.
16 Бироқ сенга Ўз қудратимни кўрсатиб, исмим бутун дунёда эълон этилиши учун сени тирик қолдирдим+.
17 Сен эса ҳали ҳам Менинг халқимни назар-писанд қилмай, уларни қўйиб юбормаяпсанми?
18 Эртага Мен шу вақтда Мисрга шунақанги кучли дўл ёғдираманки, Миср пайдо бўлганидан бери ҳали бунақа дўл ёғмаган.
19 Шунинг учун одам юбориб, барча чорвангни ҳамда даладаги сенга тегишли бўлган ҳамма нарсани пана жойга йиғ. Акс ҳолда, далада қолиб кетган одамлару жониворлар дўлдан қирилиб кетади”».
20 Фиръавн хизматкорлари орасида Яҳованинг сўзидан қўрққанлар, ўша заҳотиёқ хизматкорлари ва чорваларини уйларига олиб киришди.
21 Лекин Яҳованинг сўзини назарига илмаганлар, хизматкорларию чорваларини далада қолдиришди.
22 Яҳова Мусога: «Бутун Миср юртига, одамлар, жониворлар ҳамда даладаги ўсимликларга дўл ёғиши учун қўлингни осмонга узат»+,— деди.
23 Мусо таёғини осмонга узатган эди, Яҳова момақалдироқ гулдуратиб, дўл ёғдирди, ерга яшин тушди, Яҳова Миср юрти устига дўл ёғдирди.
24 Дўл ёғиб, орасида яшин чақнаб турди. Жуда шиддатли дўл ёғди, Миср халқининг тарихида ҳали бундай кучли дўл ёғмаган эди+.
25 Дўл бутун Миср юртини, даладаги барча нарсаларни: одамлар ҳамда жониворларни урди ва даладаги барча ўсимликлару дарахтларни яксон қилди+.
26 Фақатгина Исроил халқи яшайдиган Гўшен ерига дўл ёғмади+.
27 Охири фиръавн Мусо билан Ҳоруннинг олдига одам юбориб, уларга шундай деди: «Гуноҳ қилганимни энди тушундим. Яҳова ҳақ, мен ва халқим эса ноҳақмиз.
28 Яҳовага ибодат қилинглар, момақалдироқ ва дўлни тўхтатсин. Кейин сизларни қўйиб юбораман, сизларни ортиқ ушлаб турмайман».
29 Шунда Мусо унга қуйидагиларни айтди: «Шаҳардан чиқишим биланоқ қўлларимни кўтариб, Яҳовага ёлвораман. Ер Яҳовага тегишли эканини билиб олишингиз учун момақалдироқ тўхтаб, дўл бошқа ёғмайди+.
30 Лекин шунда ҳам, сиз ва хизматкорларингиз Тангри Яҳовадан қўрқмаслигингизни биламан».
31 Арпа бошоқ чиқариб, зиғир гуллай деб қолгани учун дўл зиғир билан арпани яксон қилди.
32 Аммо буғдой* кечпишар ўсимлик бўлгани учун дўлда яксон бўлмади.
33 Мусо фиръавннинг ҳузуридан кетиб, шаҳар ташқарисига чиқди-да, қўлларини кўтариб Яҳовага ёлворди. Шунда момақалдироқ билан дўл тўхтаб, ёмғир тинди+.
34 Ёмғир билан дўл ёғишдан тиниб, момақалдироқ тўхтаганини кўргач, фиръавн юрагини тош қилиб, гуноҳ қилишда давом этди+; ўзи ҳам, хизматкорлари ҳам шундай қилишди.
35 Фиръавннинг юраги тошлигича қолиб, Яҳова Мусо орқали айтганидай Исроил халқини қўйиб юбормади+.
Изоҳлар
^ Сўзма-сўз «буғдой ва спельта». Спельта қадимги Мисрда етиштирилган сифати паст буғдой нави.