Юҳанно баён этган хушхабар 18:1–40

  • Яҳудо Исога хиёнат қилади (1–9)

  • Бутрус қиличини ишлатади (10, 11)

  • Исо Ҳананнинг ҳузурига олиб кетилади (12–14)

  • Бутрус Исодан биринчи марта тонади (15–18)

  • Исо Ҳанан ҳузурида (19–24)

  • Бутрус Исодан иккинчи ва учинчи марта тонади (25–27)

  • Исо Пилат қаршисида (28–40)

    • «Шоҳлигим бу дунёдан эмас» (36)

18  Буларни айтгач, Исо шогирдлари билан бирга Қидрон водийсининг*+ нариги томонига ўтди. Ўша ерда бир боғ бор бўлиб, у шогирдлари билан боққа кирди+. 2  Исонинг хоини Яҳудо ҳам бу жойни биларди, чунки Исо шогирдлари билан у ерда тез-тез учрашиб турарди. 3  Шу боис, Яҳудо бош руҳонийлар ва фарзийлар юборган бир гуруҳ аскарларни ва соқчиларни олиб, у ерга келди. Уларнинг қўлларида машъалаю мойчироқлар ва қурол-яроғлар бор эди+. 4  Ўзи билан нима юз беришидан хабардор бўлган Исо уларга пешвоз чиқиб: «Кимни қидиряпсизлар?» — деб сўради. 5  Улар: «Носиралик+ Исони»,— деб жавоб қайтаришди. Исо: «Ўша менман»,— деди. Унинг хоини Яҳудо ҳам улар орасида турарди+. 6  Исо: «Ўша менман»,— деб айтганида, улар орқага чекиниб, ерга йиқилишди+. 7  Шунда Исо улардан яна: «Кимни қидиряпсизлар?» — деб сўради. Улар: «Носиралик Исони»,— деб айтишди. 8  Исо деди: «Ўша мен эканлигимни сизларга айтдим-ку. Агар мени қидираётган бўлсангиз, буларни қўйиб юборинглар». 9  Шу тариқа унинг: «Сен менга берганларингдан ҳеч бирини йўқотмадим»+,— деган сўзлари бажо бўлди. 10  Шу пайт Симун Бутрус ёнидаги қиличини қинидан чиқарди-да, олий руҳонийнинг қулига бир уриб, ўнг қулоғини кесиб ташлади+. Унинг исми Малхус эди. 11  Аммо Исо Бутрусга: «Қилични қинига солиб қўйинг+. Отам менга берган косани* наҳотки ичмасам?»+ — деди. 12  Шунда бир гуруҳ аскарлар, мингбоши ва яҳудийларнинг соқчилари Исони ушлаб, боғлашди. 13  Сўнг уни Ҳананнинг ҳузурига олиб боришди. У ўша йили олий руҳоний бўлган+ Каяфанинг+ қайнатаси эди. 14  Яҳудийларга битта киши халқ учун ўлиши яхшироқ, деб маслаҳат берган Каяфа ана шу эди+. 15  Симун Бутрус билан яна бир шогирд Исонинг орқасидан эргашиб боришарди+. Бу шогирд олий руҳонийга таниш бўлгани учун, Исо билан биргаликда олий руҳонийнинг ҳовлисига кирди. 16  Бутрус эса дарвоза ташқарисида қолди. Шунда олий руҳонийга таниш бўлган шогирд чиқди-да, дарвоза олдида турган чўри қиз билан гаплашиб, Бутрусни ичкарига олиб кирди. 17  Ўша қиз Бутрусдан: «Сиз ҳам бу одамнинг шогирдларидан бири эмасмисиз?» — деб сўради. У бўлса: «Йўғ-э»+,— деб жавоб қайтарди. 18  Совуқ бўлгани учун қуллар ва соқчилар кўмирдан гулхан ёқиб исиниб туришганди. Бутрус ҳам улар билан бирга исинаётган эди. 19  Бу пайтда бош руҳоний Исони шогирдлари ва таълимотлари ҳақида сўроқ қилаётган эди. 20  Исо унга шундай жавоб берди: «Мен дунёга очиқчасига гапирдим. Мен доим барча яҳудийлар йиғиладиган жойларда, ибодатхоналарда ва маъбадда таълим бердим+. Ҳеч нарсани пинҳона гапирмадим. 21  Нега мендан сўраяпсиз? Айтганларимни эшитганлардан сўранг. Мен нима деганимни улар билишади». 22  Исо буларни айтгач, ёнида турган соқчилардан бири унинг юзига шапалоқ тушириб+, деди: «Бош руҳонийга шундай жавоб берасанми?» 23  Исо унга: «Агар нотўғри гапирган бўлсам, нотўғрилигини айтинг менга, борди-ю тўғри бўлса, нега мени уряпсиз?» — деди. 24  Бундан кейин Ҳанан уни боғланган ҳолда олий руҳоний Каяфанинг олдига жўнатди+. 25  Симун Бутрус исиниб турганида, ундан: «Сиз ҳам унинг шогирдларидан бири эмасмисиз?» — дея сўрашди. У бўлса: «Йўқ»+,— деб яна тонди. 26  Олий руҳонийнинг бир қули, Бутрус қулоғини кесиб ташлаган кишининг+ қариндоши: «Сизни боғда у билан бирга кўрдим, шекилли»,— деб айтди. 27  Аммо Бутрус тағин тонди ва шу заҳотиёқ хўроз қичқирди+. 28  Исони Каяфаникидан ҳокимнинг саройига олиб келишди+. Тонг отиб қолганди. Лекин уни келтирганлар ҳаром бўлмайлик дея, ҳокимнинг саройига киришмади+. Акс ҳолда улар Фисиҳ таомини ея олишмасди. 29  Шу сабабли Пилатнинг ўзи уларнинг олдига чиқиб: «Бу одамга қарши қандай даъвоингиз бор?» — деб сўради. 30  Улар: «Жиноятчи бўлмаганида, уни қўлингизга топширмаган бўлардик»,— деб жавоб беришди. 31  Пилат эса: «Уни олиб кетиб, ўз қонунингиз бўйича ҳукм қилаверинглар»+,— деди. Яҳудийлар: «Бизнинг ҳеч кимни ўлдиришга ҳаққимиз йўқ»+,— деб жавоб беришди. 32  Бу ҳодисалар Исонинг қай тарзда ўлиши ҳақидаги сўзлари бажо бўлиши учун юз берди+. 33  Шунда Пилат саройга қайтиб кирди-да, Исони чақириб сўради: «Сен яҳудийларнинг шоҳимисан?»+ 34  Исо бундай жавоб берди: «Буни ўзингиздан гапиряпсизми ёки сизга бошқалар айтдими?» 35  Пилат: «Мен яҳудий эмасман. Ўз халқинг ва бош руҳонийлар сени қўлимга топширишди. Ўзи сен нима қилиб қўйгансан?» — деб савол берди. 36  Исо қуйидагиларни айтди+: «Менинг Шоҳлигим бу дунёдан эмас+. Борди-ю, Шоҳлигим бу дунёдан бўлганида эди, хизматчиларим яҳудийларнинг қўлига тушмаслигим учун курашган бўлишарди+. Аммо Шоҳлигим бу дунёдан эмас». 37  Шунда Пилат: «Хуллас, сен шоҳ экансан-да?» — деб сўради. Исо қуйидагича жавоб берди: «Шоҳ эканлигимни ўзингиз айтяпсиз+. Мен ҳақиқат тўғрисида+ шоҳидлик бериш учун туғилдим, ана шу мақсадда дунёга келдим. Ҳақиқат тарафида бўлганлар овозимга қулоқ солишади». 38  Пилат унга: «Ҳақиқат? У нима ўзи?» — деди. Бу сўзлардан сўнг у яна яҳудийларнинг олдига чиқиб, шундай деб айтди: «Мен ундан бирон айб тополмаяпман+. 39  Бундан ташқари, сизларнинг одатингиз бўйича, Фисиҳ байрами муносабати билан сизлар учун бир кишини озод этиб келаман+. Бу сафар яҳудийларнинг шоҳини озод қилишимни истармидингиз?» 40  Улар яна: «Уни эмас, Бараббани!» — деб бақиришди. Барабба эса қароқчи эди+.

Изоҳлар

Ёки «Қидроннинг қишки ўзани».
«Коса» сўзи рамзий маънода Исо, Худонинг иродаси билан сохта гувоҳларнинг ҳақоратига қолиб, ўлишини билдиради.