Юҳанно баён этган хушхабар 8:12–59

  • Худо Исо тўғрисида шаҳодат беради (12–30)

    • Исо «дунёнинг нури» (12)

  • Иброҳимнинг фарзандлари (31–41)

    • «Ҳақиқат сизларни озод этади» (32)

  • Иблиснинг фарзандлари (42–47)

  • Исо ва Иброҳим (48–59)

8  12  Исо яна халққа мурожаат қилиб деди: «Мен дунёнинг нуриман+. Ким ортимдан эргашса, асло қоронғиликда юрмайди, балки ҳаётга элтувчи нурга эга бўлади»+. 13  Бунга фарзийлар: «Сен ўзинг ҳақингда шоҳидлик беряпсан, шунинг учун шоҳидлигинг ҳақиқий эмас»,— дейишди. 14  Исо жавобан қуйидагиларни айтди: «Ўзим ҳақимда шоҳидлик бераётган бўлсам-да, менинг шоҳидлигим ҳақиқий, боиси мен қаердан келганимни ва қаерга бораётганимни биламан+. Сизлар эса қаердан келганимни ҳам, қаерга бораётганимни ҳам билмайсизлар. 15  Сизлар ташқи кўринишга қараб ҳукм қиласизлар+, мен эса ҳеч кимни ҳукм этмайман. 16  Ҳукм қилсам ҳам, ҳукмим адолатлидир, чунки мен ёлғиз эмасман. Мени юборган Отам мен билан бирга+. 17  Қолаверса, Қонунингизда: “Икки кишининг шоҳидлиги тўғридир”+,— дейилган. 18  Мен ўзим ҳақимда шоҳидлик беряпман ҳамда мени юборган Отам мен тўғримда шаҳодат бермоқда»+. 19  Шунда улар: «Отанг қаерда?» — деб айтишди. Исо бундай жавоб берди: «Сизлар на мени, на Отамни биласизлар+. Агар мени билганингизда эди, Отамни ҳам билган бўлардингиз»+. 20  Исо бу сўзларни маъбадда таълим бераётиб, хазина қутилари турган жойда айтди+. Бироқ ҳеч ким уни қўлга олмади, чунки унинг вақт-соати ҳали келмаган эди+. 21  Уларга яна бундай деди: «Мен кетяпман. Мени қидирасизлар, аммо гуноҳкорлигингизча ўлиб кетасизлар+. Мен борадиган жойга сизлар бора олмайсизлар»+. 22  Яҳудийлар эса шундай дейишди: «Наҳотки у ўзини ўлдирмоқчи бўлса, ахир: “Мен борадиган жойга сизлар бора олмайсизлар”,— деяпти-ку?» 23  Исо эса уларга: «Сизлар ердансиз, мен эса юқориданман+. Сизлар бу дунёдансиз, мен бўлсам бу дунёдан эмасман. 24  Айнан шу сабабдан гуноҳкорлигингизча ўлиб кетасизлар, деб айтдим. Агар мен келиши керак бўлган ўша эканимга ишонмасангиз, гуноҳкорлигингизча ўлиб кетасизлар»,— деб айтди. 25  Шунда улар: «Сен ўзи кимсан?» — дея сўрашди. Исо уларга: «Нима учун сизларга ҳамма нарсани гапиришим керак? 26  Сизлар ҳақда айтадиган ва ҳукм қиладиган кўп нарсалар бор. Мени Юборган ҳақдир ва мен дунёга фақат Ундан эшитганларимни гапиряпман, холос»+,— деб айтди. 27  Аммо улар Исо Отаси ҳақида гапирганини тушунишмади. 28  Шунда Исо бундай деди: «Инсон Ўғлини юқорига кўтарганингизда+, мен ўша эканимни+ ва ҳеч нарсани ўз хоҳишимча қилмаётганимни биласизлар+. Чунки Отам қандай ўргатган бўлса, шуларни айтяпман. 29  Мени Юборган мен биландир. У мени ёлғиз қолдирмади, негаки мен доим Унга маъқул бўлган ишни қиламан»+. 30  Исо бу сўзларни айтганда, кўплар унга ишонди. 31  Исо, унга ишонган яҳудийларга қарата деди: «Агар менинг сўзларимга риоя қилсангизлар, чиндан ҳам менинг шогирдларимсиз. 32  Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар+ ва ҳақиқат сизларни озод этади»+. 33  Бунга улар шундай дейишди: «Бизлар Иброҳимнинг авлодимиз ва асло ҳеч кимга қул бўлмаганмиз. Нега сен: “Озод бўласизлар”,— деб айтяпсан?» 34  Исо жавобан деди: «Сизларга чинини айтяпманки, гуноҳ қилаётган инсон гуноҳнинг қулидир+. 35  Қул эса уйда абадий қолмайди, аксинча ўғил умрбод қолади. 36  Шундай экан, агар Ўғил сизларни озод этса, чиндан ҳам эркин бўласизлар. 37  Сизлар Иброҳимнинг авлоди эканингизни биламан. Лекин сўзларим қалбингиздан ўрин олмаётгани сабаб, мени ўлдирмоқчисизлар. 38  Мен Отамнинг ҳузурида кўрган нарсаларимни гапиряпман+, сизлар эса ўз отангиздан эшитганларингизни қиляпсизлар». 39  Улар: «Бизнинг отамиз Иброҳим»,— дейишди. Исо уларга бундай деб айтди: «Агар Иброҳимнинг болалари бўлсангиз+, Иброҳимнинг ишларини қилинглар. 40  Аммо сизлар мени — Худодан эшитган ҳақиқатни+ сизларга сўзлаган одамни ўлдирмоқчисизлар. Иброҳим бундай қилмаган бўлар эди. 41  Сизлар ўз отангизнинг ишларини қиляпсизлар». Улар эса: «Бизлар ҳароми эмасмиз*. Бизнинг битта Отамиз бор. У — Худо»,— дейишди. 42  Исо уларга қуйидагиларни айтди: «Отангиз Худо бўлганида эди, мени севган бўлардингиз+. Чунки мени Аллоҳ юборган ва мен бу ердаман. Мен ўз хоҳишимча келганим йўқ, У мени юборди+. 43  Нега айтганларимни тушунмаяпсизлар? Чунки сўзларимни эшитишни истамаяпсизлар-да. 44  Сизларнинг отангиз Иблис ва сизлар унинг хоҳишини бажаришни истайсизлар+. У бошиданоқ қотил эди+. Унда ҳақиқат бўлмагани учун ҳақиқат йўлида тура олмади. У ёлғон сўзлаганда, ўз феълига хос гапиради. Боиси у ёлғончи ва ёлғоннинг отасидир+. 45  Мен ҳақиқатни гапираётганим учун, сизлар менга ишонмаяпсизлар. 46  Қай бирингиз мени гуноҳда айблай оласиз? Мен ҳақиқатни гапираётган бўлсам, нега менга ишонмаяпсизлар? 47  Ким Худодан бўлса, у Аллоҳнинг сўзларини тинглайди+. Сизлар Худодан бўлмаганингиз учун мени тингламаяпсизлар»+. 48  Яҳудийлар жавобан: «Сен самарияликсан+, сени жин урган+, деб бекорга айтмаган эканмиз-да»,— дейишди. 49  Исо эса бундай деди: «Мени жин урмаган. Мен Отамни шарафлаяпман, сизлар эса мени ҳақоратлаяпсизлар. 50  Мен ўзим учун шараф излаётганим йўқ+; бундай шарафга муносиб бўлган ва ҳукм этадиган ягона Шахс бор. 51  Ишонаверинг, кимки сўзларимга амал қилса, ҳеч қачон ўлмайди»+. 52  Яҳудийлар эса унга шундай дейишди: «Сени жин урганлигига энди амин бўлдик. Иброҳим ҳам, пайғамбарлар ҳам ўлишган. Сен бўлсанг: “Кимки сўзларимга амал қилса, ҳеч қачон ўлмайди”,— деяпсан. 53  Наҳотки сен отамиз Иброҳимдан ҳам буюкроқ бўлсанг? Пайғамбарларнинг ҳаммаси ўлиб кетган. Сен ўзингни ким деб ўйлаяпсан?» 54  Исо жавобан деди: «Агар мен ўзимни улуғлаётган бўлсам, менинг улуғворлигим бефойдадир. Сизлар Аллоҳимиз деяётган Отам мени улуғламоқда+. 55  Сизлар аслида Уни билмайсизлар+. Мен эса Уни биламан+. Борди-ю, Уни билмайман десам, сизлар каби ёлғончи бўлардим. Аммо мен Уни биламан ва Унинг каломига риоя қиламан. 56  Отангиз Иброҳим мен қилаётган ишларни кўришга умид боғлаб, жуда қувонганди. Энди кўриб, шод-хуррам бўлди»+. 57  Бунга яҳудийлар: «Ҳали 50 ёшга кирмагансан-у, Иброҳимни кўрдим, деяпсанми?» — деб айтишди. 58  Исо уларга деди: «Ишонаверинг, Иброҳим дунёга келишидан аввал мен бор эдим»+. 59  Шунда улар Исони тошбўрон қилмоқчи бўлишди. Лекин у яшириниб, маъбаддан чиқиб кетди.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «зинодан туғилмаганмиз». Юн. порниа. Луғатдаги «жинсий ахлоқсизлик» иборасига қ.