Қонунлар 2:1–37

  • Саҳрода 38 йил сарсон бўлиб юриш (1–23)

  • Хашбон шоҳи Сихўннинг устидан ғалаба (24–37)

2  Бундан сўнг биз бурилиб, Яҳова менга айтганидек, Қизил денгизга олиб борадиган йўл билан саҳрога жўнадик+. Биз Сеир тоғининг яқинида анча кун юрдик. 2  Охири Яҳова менга шундай деди: 3  “Бу тоғнинг яқинида юрганингиз етар. Энди шимол томонга боринглар. 4  Халққа қуйидагича буйруқ бер: “Сизлар Сеирда яшовчи биродарларингиз+ — Эсов авлодларининг чегараси ёнидан ўтасизлар+. Улар сизлардан қўрқиб қолишади+, аммо сизлар ўта эҳтиёткор бўлинглар. 5  Уларга душманлик қилманглар*, уларнинг ҳеч бир жойини, ҳатто бир қарич* ерини ҳам сизларга бермайман. Чунки Сеир тоғини Мен Эсовга мулк қилиб берганман+. 6  Ейдиган овқатингиз ва ичадиган сувингиз учун уларга пул тўланглар+. 7  Тангрингиз Яҳова қилган барча ишларингизга барака берди. Улкан саҳро бўйлаб юрганингизда У сизларни кузатиб турди. Мана шу 40 йил мобайнида Худойингиз Яҳова сизлар билан бирга бўлди ва сизлар ҳеч нарсага муҳтож эмас эдингиз”+. 8  Шу тариқа, Сеирда яшовчи биродарларимиз — Эсов авлодларининг чегараси ёнидан ўтиб+, Араба, Элет, Эзйўн-Геберга+ олиб борадиган йўлни ортда қолдирдик. Сўнг бурилиб, Мўаб+ саҳросига олиб борадиган йўл билан юрдик. 9  Яҳова менга шундай деди: “Мўабга душманлик қилиб жанг бошлама. Унинг ҳеч бир ерини сенга мулк сифатида бермайман. Чунки Орни* Лутнинг авлодларига мулк қилиб берганман+. 10  (У ерда аввал яшаган эмимлар+ кўп, кучли ҳамда Иноқ авлоди сингари бўйлари баланд эди. 11  Рафаимлар+ ҳам кўринишидан Иноқ авлодига+ ўхшарди. Мўабликлар уларни эмимлар деб аташарди. 12  Сеирда илгари хорликлар+ яшарди. Лекин Эсов авлодлари уларнинг ерларини босиб олиб, аҳолисини эса йўқ қилишган ва у ерга ўрнашиб олишган+. Исроил ўғиллари ҳам Яҳова уларга берадиган юртни, яъни ўз мулклари билан шу тариқа йўл тутишлари даркор.) 13  Энди туринглар, Зарад водийсидан* ўтинглар”. Шундан сўнг, Зарад водийсидан ўтдик+. 14  Кадеш-Барнадан чиқиб, Зарад водийсидан ўтгунга қадар 38 йил ўтди. Бу вақт давомида Яҳованинг қасамига биноан, халқ орасидаги жанг қилишга яроқли бўлган ўша авлод эркакларининг бари ҳалок бўлди+. 15  Бу эркакларнинг бари халқ орасидан батамом йўқ бўлиб кетмагунча, Яҳованинг қўли уларга қарши эди+. 16  Халқ орасидаги жангга яроқли бўлган эркакларнинг бари ўлгач+, 17  Яҳова мен билан яна гаплашди: 18  “Бугун Мўаб ҳудудидан, яъни Ор ёнидан ўтасизлар. 19  Оммонликлар ёнидан ўтаётганингизда, уларни безовта қилманглар, иғво қилманглар. Оммонликларнинг ҳеч бир ерини сизларга мулк сифатида бермайман, чунки у ерни Лутнинг авлодларига мулк қилиб берганман+. 20  Бу юрт рафаимларнинг+ ҳам юрти ҳисобланган. (Илгари у ерда рафаимлар яшаган. Оммонликлар уларни замзумимлар деб аташарди. 21  Улар кўп, кучли ҳамда Иноқ авлоди сингари бўйлари баланд эди+; оммонликлар уларни ҳайдаб чиқариб, у ерга ўзлари ўрнашиб олишлари учун, Яҳова уларни оммонликларнинг олдида йўқ қилди. 22  Ҳозир Сеирда яшовчи Эсов авлодлари+ учун ҳам худди шундай қилган эди. Улар хорликларнинг+ юртини босиб олиб, ўша ерда шу кунгача яшашлари учун, У хорликларни уларнинг олдида йўқ қилган эди. 23  Хафтўрдан* келган хафтўримлар+ авимларни йўқ қилиб, уларнинг ерига ўрнашиб олгунга қадар, авимлар Ғазогача+ бўлган қишлоқларда яшашган.) 24  Туринглар, Арнон водийсидан ўтинглар+. Мана, Хашбон шоҳи аморий Сихўнни қўлингизга бердим+. У билан жанг қилиб, юртини мулк қилиб олинглар. 25  Шу кундан бошлаб, сизлар ҳақингизда эшитган ер юзидаги халқларнинг барини ваҳима ва қўрқувга соламан. Улар ташвишга тушиб, дағ-дағ қалтирашади*+”. 26  Кейин мен Кадамўт саҳросидан+ Хашбон шоҳи Сихўнга хабарчилар орқали, қуйидаги тинчлик хабарини юбордим+: 27  “Юртингиздан ўтиб кетишимга ижозат беринг. Мен Шоҳ йўлидан юриб, ўнгга ҳам, чапга ҳам бурилмайман+. 28  Мен сиз сотадиган овқатнигина ейман, сиз сотадиган сувнигина ичаман. Фақат ўтиб кетишимга рухсат беринг. 29  Аллоҳимиз Яҳова бизга бераётган юртга Иордан дарёси орқали ўтиб кетмагунимча, Сеирда яшовчи Эсовнинг авлодлари ҳамда Орда истиқомат қилувчи мўабликлар сингари йўл тутинг”. 30  Бироқ Хашбон шоҳи Сихўн ўтиб кетишимизга ижозат бермади, чунки Худойимиз* Яҳова уни сизларнинг қўлингизга топшириш учун унинг ўжарлигича қолишига, юраги тошлигича қолишига йўл қўйди+. Мана бугун улар сизларнинг қўлингизда+. 31  Кейин Яҳова менга: “Мана, Сихўн билан юртини сенга беряпман. Унинг юртини эгаллашни бошла”+,— деди. 32  Сихўн бутун халқи билан Яхазда жанг қилиш учун бизга қарши чиққанда+, 33  Аллоҳимиз Яҳова уни қўлимизга топширди. Биз Сихўнни, ўғилларию бутун халқини мағлуб қилдик. 34  Ўшанда унинг барча шаҳарларини босиб олдик, ҳар бир шаҳри билан биргаликда, эркакларини, аёллару бола-чақаларини ҳам қириб ташладик. Битта ҳам тирик жон қолдирмадик+. 35  Фақат чорваларни ва босиб олган шаҳарлардаги ўлжаларни ўзимизга олдик. 36  Арнон водийсининг чеккасидаги Ароер+ билан водийдаги шаҳардан тортиб Гилад яқинида жойлашган шаҳарларгача қўлимиз етмаган ҳеч бир шаҳар қолмади. Тангримиз Яҳова уларнинг барини қўлимизга берди+. 37  Лекин оммонликларнинг юртига+, бутун Явоқ+ водийсига, тоғли ҳудуддаги шаҳарларга, Худойимиз Яҳова ижозат бермаган ерларгагина яқин бормадингизлар.

Изоҳлар

Ёки «иғво қилманглар».
Сўзма-сўз «бир оёқ изичалик».
Мўабнинг шаҳарларидан бири, эҳтимол, унинг пойтахти.
Яъни Крит.
Ёки «тўлғоқ дардини ҳис этишади».
Сўзма-сўз «Худойингиз».