Қонунлар 21:1–23

  • Ўликнинг қотили топилмаганда (1–9)

  • Асирга олинган қизларга уйланиш (10–14)

  • Тўнғичларнинг ҳуқуқлари (15–17)

  • Қайсар ўғил (18–21)

  • Устунга осилган одам лаънати (22, 23)

21  Агар Тангрингиз Яҳова сизларга мулк қилиб бераётган юртдаги далада одамнинг мурдаси топилса ва уни ким ўлдиргани номаълум бўлса, 2  оқсоқоллар билан ҳакамлар+ бориб, мурда ётган жойдан унинг атрофидаги шаҳарларгача бўлган масофани ўлчаб чиқишсин. 3  Сўнг мурда ётган жойга энг яқин жойлашган шаҳарнинг оқсоқоллари қорамоллари орасидан бўйинтуруқ солинмаган, ишлатилмаган ёш ғунажинни олиб, 4  шудгор қилинмаган, уруғ сепилмаган, сув оқиб турган водийга олиб боришсин-да, ўша ерда ғунажиннинг бўйнини синдиришсин+. 5  У ерга леви руҳонийлар ҳам боришсин, чунки Худойингиз Яҳова уларни Ўзига хизмат қилишлари+ ва Яҳованинг номидан дуолар қилишлари учун танлаган+. Улар зўравонлик билан боғлиқ бўлган ҳар қандай келишмовчилик қандай ҳал қилинишини эълон этишади+. 6  Кейин мурда ётган жойга энг яқин жойлашган шаҳарнинг барча оқсоқоллари водийда бўйни синдирилган ғунажиннинг устида қўлларини ювиб+, 7  улар: “Бу қонни бизнинг қўлларимиз тўкмади, тўкилганини кўзларимиз ҳам кўрмади. 8  Эй Яҳова, Ўзинг озод этган халқинг Исроилни+ бунга жавобгар деб билма, бегуноҳ қон тўкилганида халқинг Исроилни айблама”+,— деб айтишсин. Шунда улар қон тўкилгани учун жавобгар бўлишмайди. 9  Яҳованинг назарида тўғри бўлган ишни қилганингиз учун, бегуноҳ одамнинг қони тўкилишида айбдорликдан халос бўласизлар. 10  Душманларингиз билан жанг қилгани борганингизда, Аллоҳингиз Яҳова уларни қўлингизга топшириб, уларни асир қилиб олганингизда+, 11  асирларнинг орасида чиройли қизни кўриб, ёқтириб қолсангиз ва уни хотинликка олишни истасангиз, 12  уни уйингизга олиб келсангиз бўлади. Бу қиз сочларини қириб, тирноқларини олсин 13  ва асирга тушганда эгнида бўлган кийимларини алмаштириб, уйингизда яшасин. Бир ой давомида у ота-онаси учун аза тутсин+. Шундан сўнг унга яқинлашишингиз мумкин ва сиз унинг эри, у бўлса хотинингиз бўлади. 14  Борди-ю, у сизга ёқмай қолса, уни хоҳлаган жойига қўйиб юборинг+. Аммо уни сотманг ёки қўпол муомалада бўлманг, чунки уни мажбурлаб хотинликка олгансиз. 15  Мабодо бирон кишининг иккита хотини бўлиб, улардан бирини бошқасига қараганда кўпроқ севса* ва иккаласи ҳам унга ўғил туғиб берган бўлиб, тўнғич ўғли севмайдиган хотининики бўлса+, 16  меросини ўғилларига бўлиб бераётганда, у севилмаган хотинидан туғилган тўнғич ўғлининг ўрнига, суюкли хотинидан туғилган ўғлини тўнғич деб ҳисобламасин. 17  У севилмаган хотинидан туғилган ўғлини тўнғич сифатида тан олиб, унга мол-мулкидан икки ҳисса кўпроқ берсин, чунки у етуклигининг илк мевасидир. Тўнғичлик ҳуқуқи унга тегишли+. 18  Агар бирон одамнинг қайсар, исёнкор ва ота-онасига итоатсиз ўғли бор бўлса+ ва улар уни тўғри йўлга солишга қанча уринишмасин, уларга қулоқ солмаса+, 19  ота-онаси уни ўз шаҳарларининг дарвозаси олдида ўтирадиган оқсоқолларнинг ёнига олиб боришсин. 20  Улар шаҳар оқсоқолларига: “Ўғлимиз қайсар ва исёнкор, гапимизга ҳеч қулоқ солмайдиган очофат+ ва ичкиликбоз+”,— деб айтишсин. 21  Кейин шаҳар аҳолиси уни тошбўрон қилиб ўлдирсин. Шу тариқа ёвузликни орангиздан йўқ қилинглар ва бутун Исроил халқи буни эшитиб, қўрқади+. 22  Борди-ю, бирор киши ўлим жазосига лойиқ ишга қўл ургани учун ўлдирилса+ ва уни устунга осиб қўйсангизлар+, 23  унинг жасади кечаси билан устунда қолиб кетмасин+. Уни ўша куннинг ўзида кўминглар, чунки устунга осилган одам Худо томонидан лаънатлангандир+. Тангрингиз Яҳова сизларга мерос қилиб бераётган юртни булғаманглар+.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «бирини севиб, иккинчисидан нафратланса».