Ҳаворийларнинг фаолияти 16:1–40

  • Павлус Тимўтийни танлайди (1–5)

  • Ваҳийдаги македониялик киши (6–10)

  • Филиппилик Лидия имонга киради (11–15)

  • Павлус ва Сила қамоқда (16–24)

  • Қамоқхона назоратчиси ва хонадони сувга чўмади (25–34)

  • Павлус расман кечирим сўрашларини талаб қилади (35–40)

16  Шундай қилиб, Павлус Дербега, кейин эса Листрага+ келди. Ўша ерда Тимўтий+ исмли шогирд бор эди. Унинг онаси имонга кирган яҳудий, отаси эса юнон эди. 2  Тимўтий Листра ва Икониядаги биродарлар орасида яхши ном қозонганди. 3  Павлус уни ўзи билан олиб кетишни истади, лекин ўша жойларда яҳудийлар бўлгани сабабли уни суннат қилди+. Чунки Тимўтийнинг отаси юнон эканини ҳамма биларди. 4  Шаҳарма-шаҳар юриб, улар Қуддусдаги ҳаворийлару оқсоқоллар чиқарган қарорларни етказиб, уларга риоя қилиш кераклигини кўрсатишарди+. 5  Шу йўсин, жамоатлар имонда мустаҳкам бўлиб, кундан-кунга имонлиларнинг сони ортиб борарди. 6  Улар Фригия ва Галатия+ ўлкаларидан ўтишди, боиси муқаддас руҳ уларга Осиё вилоятида гапиришни ман этганди. 7  Сўнг Мисияга етиб, Битинияга+ бормоқчи бўлишди, лекин Исо муқаддас руҳ орқали бунга йўл қўймади. 8  Мисиядан ўтиб, Троас шаҳрига келишди. 9  Кечаси Павлус ваҳий кўрди. Ваҳийда қандайдир македониялик киши ундан: «Македонияга келиб, бизга ёрдам беринг»,— деб ёлвораётган эди. 10  Павлус бу ваҳийни кўргандан сўнг, Худо бизни уларга хушхабар айтишга даъват этди, дея биз дарров Македонияга отландик. 11  Шунинг учун биз Троасдан жўнаб, Самофракия оролига сузиб келдик. Эртаси куни эса Неаполь шаҳрига етиб бордик. 12  Ундан кейин биз Рим империясининг колонияси ҳамда Македония вилоятининг асосий шаҳри Филиппига+ жўнадик. Ўша ерда биз бир неча кун қолдик. 13  Шаббат куни биз шаҳар дарвозасидан ташқарига чиқиб, у ерда ибодат қиладиган жой бор, деб ўйлаб дарё бўйига бордик. Кейин эса ўтириб, ўша ерда йиғилган аёллар билан суҳбат бошладик. 14  Ўша ерда Тиятира шаҳридан+ бўлган, қирмизи мато ва кийимлар* сотадиган Лидия исмли бир художўй аёл бизни тинглаб ўтирарди. Павлуснинг гапларини қабул қилсин, дея Яҳова* унинг юрагини очди. 15  Унинг ўзи ва уйидагилари сувга чўмгандан сўнг+, Лидия биздан: «Агар мени Яҳовага* садоқатли деб ҳисобласангизлар, илтимос, уйимга кириб меҳмон бўлинглар»,— дея илтимос қилди ва бизни кўндирди. 16  Биз ибодат қилинадиган жойга кетаётганимизда, йўлда бир чўри қизга дуч келдик. Унинг ичида фол очувчи жин бор эди+. Қиз фолчилик қилиб, хўжайинларига кўп даромад келтирарди. 17  Бу қиз Павлуснинг ва бизнинг орқамиздан юриб: «Бу одамлар Тангри Таолонинг қуллари+. Улар сизларга нажот хабарини айтишяпти»,— деб бақирарди. 18  Анча кун буни такрорлаб юрди. Охири Павлуснинг ғашига тегди. Шунда у ўгирилиб, жинга: «Исо Масиҳ номидан сенга буюраман: бу қиздан чиқиб кет!» — деди. Шу ондаёқ жин чиқиб кетди+. 19  Чўрининг хўжайинлари даромадларидан айрилганини кўришганда+, Павлус билан Силани тутиб, бозор майдонидаги бошқарувчилар олдига судраб боришди+. 20  Сўнг шаҳар маъмурларига келтириб: «Бу одамлар шаҳримизнинг тинчлигини бузишяпти+. Улар яҳудий бўлиб, 21  биз римликларга қабул қилиш ҳам, уларга риоя қилиш ҳам ман этилган урф-одатларни эълон қилишяпти»,— дейишди. 22  Шунда халойиқ уларга қарши чиқди, шаҳар маъмурлари эса уларнинг кийимларини йиртиб, хивич билан савалашга буюришди+. 23  Павлус билан Силани роса савалашгандан кейин, қамоқхонага ташлашди. Қамоқхона назоратчисига эса уларни яхшилаб қўриқлашни буюришди+. 24  У бундай буйруқни олгандан сўнг, уларни қамоқхонанинг яхши қўриқланадиган қисмига ташлаб, оёқларини кундалаб қўйди. 25  Бироқ Павлус ва Сила ярим кечада ибодат қилиб, Аллоҳга ҳамду санолар куйлаб ўтиришганди+ ва барча маҳбуслар уларни эшитиб туришарди. 26  Қўққисдан шунчалик кучли зилзила юз бердики, ҳатто қамоқхонанинг пойдевори силкиниб кетди. Шу ондаёқ барча эшиклар очилиб, ҳамманинг кишанлари бўшаб қолди+. 27  Шунда қамоқхона назоратчиси уйғонди. Эшиклар очилиб қолганини кўриб, маҳбуслар қочиб кетибди, деб ўйлади ва қиличини чиқариб ўзини ўлдирмоқчи бўлди+. 28  Лекин Павлус унга баланд овозда: «Жонингизга қасд қилманг, ҳаммамиз шу ердамиз!» — деди. 29  Кейин назоратчи хизматкоридан чироқ сўради ва ичкарига югуриб кириб, титраганча Павлус билан Силанинг олдида тиз чўкди. 30  Уларни ташқарига олиб чиқиб: «Жаноблар, нажот топишим учун нима қилишим керак?» — деб сўради. 31  Улар эса унга шундай дейишди: «Ҳазратимиз Исога ишонинг, шунда ўзингиз ҳам, хонадонингиз ҳам нажот топасиз»+. 32  Кейин Павлус билан Сила Яҳованинг* каломини унга ва унинг уйдагиларига ваъз қилишди. 33  Қамоқхона назоратчиси эса уларни ўша кеча ўзи билан олиб борди-да, яраларини ювиб тозалади. Ундан кейин дарров ўзи ҳамда бутун хонадони сувга чўмди+. 34  Уларни ўз уйига келтириб, улар учун дастурхон ёзди. Ўзи ва бутун хонадони Аллоҳга ишонганидан роса суюнарди. 35  Эртаси куни шаҳар маъмурлари: «Бу кишиларни озод қилинглар»,— деган буйруқ билан соқчиларни қамоқхонага жўнатишди. 36  Қамоқхона назоратчиси бу гапларни Павлусга етказиб: «Шаҳар маъмурлари икковингизни озод этиш учун бу одамларни юборишибди, энди чиқиб эсон-омон кетаверинглар»,— деб айтди. 37  Аммо Павлус уларга: «Улар ҳамманинг кўз олдида биз, Рим фуқароларини+ ҳеч қандай ҳукм чиқармасдан савалаб, қамоқхонага ташлашди, энди эса бизни яширинча чиқариб юборишмоқчими? Йўқ, ўзлари келиб, бизни чиқариб юборишсин»,— деди. 38  Соқчилар бу гапларни шаҳар маъмурларига етказишди. Улар бўлса Павлус билан Сила Рим фуқаролари эканини эшитиб, қўрқиб кетишди+. 39  Шунда маъмурлар бориб ялиниб-ёлвориб, уларни чиқаришди-да, шаҳарни тарк этишларини илтимос қилишди. 40  Лекин улар қамоқхонадан чиқиб, Лидиянинг уйига боришди. У ерда биродарларни кўриб, уларга далда беришди-да+, жўнаб кетишди.