Ҳаворийларнинг фаолияти 28:1–31
28 Қуруқликка эсон-омон чиққач, оролнинг номи Мальта эканини билиб олдик+.
2 Ёмғир ёғиб, ҳаво салқин бўлгани учун маҳаллий* халқ бизга одатдан ташқари инсонийлик кўрсатди. Улар гулхан ёқиб, бизни яхши қабул қилишди.
3 Павлус эса бир қучоқ ўтин териб келиб, уни гулхан устига қўяётганида, заҳарли илон иссиқдан қочиб унинг қўлига ўралиб олди.
4 Маҳаллий халқ унинг қўлига заҳарли илон ўралиб олганини кўриб, бир-бирига: «Бу киши қотил экани аниқ. Денгиздан омон чиққан бўлса ҳам, Адолат* уни тирик қолдирмади»,— дея бошлади.
5 Павлус эса ҳеч қандай зиён кўрмай, илонни оловга силкитиб ташлади.
6 Маҳаллий халқ унинг қўли шишиб кетади ёки у тап этиб йиқилиб ўлади, деб ўйлади. Анча вақт кутгач, унга ҳеч нарса бўлмаганини кўриб, бу бир илоҳ экан, деган фикрга келишди.
7 Яқин атрофда Публий исмли орол бошқарувчисининг ерлари бор эди. У киши бизни яхши кутиб олиб, уч кун меҳмон қилди.
8 Ўша пайтда Публийнинг отаси ичбуруғ касаллигига йўлиқиб, иситмаси чиқиб ётганди. Павлус унинг олдига бориб ибодат қилди ва қўлларини устига қўйиб унга шифо берди+.
9 Бу ҳодисадан кейин ўша оролдаги беморлар Павлуснинг ёнига келиб шифо топишди+.
10 Улар эса бизга кўп совғалар бериб, иззат-икром кўрсатишди ва жўнаётганимизда зарур нарсалар билан таъминлашди.
11 Уч ойдан кейин Искандариядан келиб, ўша ерда қишлаб қолган кемага ўтирдик. Кеманинг тумшуғида «Зевс ўғиллари» шакли бор эди.
12 Сиракузага етиб боргач, у ерда уч кун қолдик.
13 Сўнг у ердан чиқиб, Ригияга сузиб келдик. Эртасига жанубдан эсган шамол бизга йўлдош бўлди ва иккинчи куни биз Путеолга етиб бордик.
14 У ерда биродарларимизни топдик. Уларникида етти кун қолишимизни илтимос қилишди. Биз борган сари Римга яқинлашаётган эдик.
15 Римдаги биродарлар у ерга бораётганимизни эшитиб, Аппия бозор майдони ва Уч меҳмонхонагача бизни кутиб олгани чиқишди. Павлус уларни кўриб Аллоҳга шукрона айтди ва кўнгли кўтарилди+.
16 Ниҳоят, Римга кириб келганимизда, Павлусга алоҳида яшаш учун рухсат берилди ва уни бир аскар қўриқлаб турарди.
17 Уч кундан кейин у яҳудийларнинг бошлиқларини чақиртирди. Ҳамма йиғилгач, Павлус уларга қараб гап бошлади: «Биродарлар, мен халққа ёки ота-боболаримизнинг урф-одатларига қарши ҳеч нарса қилмаган бўлсам ҳам+, мени Қуддусда ҳибсга олиб, римликларнинг қўлига топширишди+.
18 Улар мендан ўлимга лойиқ ҳеч бир айб тополмагач+, озод қилмоқчи бўлишди+.
19 Аммо яҳудийлар менга қарши чиқишгани учун, мени подшоҳ* ҳукм этишини талаб қилдим+. Лекин буни, халқимни бирор нарсада айблаш мақсадида қилганим йўқ.
20 Айнан Исроил халқининг умиди туфайли занжирбанд бўлганим учун, сизлар билан кўришиб гаплашишни илтимос қилган эдим»+.
21 Улар Павлусга шундай дейишди: «Яҳудиядан сиз тўғрингизда ҳеч қандай мактуб олганимиз йўқ. У ердан келган биродарларнинг ҳеч бири сиз ҳақда ёмон хабар ҳам, бошқа бирон гап ҳам айтгани йўқ.
22 Ўз нуқтаи назарингизни ўзингиздан эшитмоқчимиз. Лекин ҳамма ерда бу мазҳабга+ қарши чиқишаётгани бизга маълум»+.
23 Кейин яна бир кунни белгилаб, кўпчилик у тўхтаган жойга келди. Павлус бўлса эртадан кечгача Худонинг Шоҳлиги тўғрисида кенг шоҳидлик берар, Мусонинг Таврот китоби+ ва пайғамбарлар китобларидан+ Исо ҳақида ишонтирарли далиллар келтирар+ ва шу йўсин масаланинг моҳиятини тушунтирарди.
24 Айримлар унинг гапларига ишонишар, бошқалар эса ишонишмасди.
25 Натижада ораларида келишмовчилик юз бериб, тарқала бошлашди. Павлус эса уларга қуйидагиларни айтди:
«Муқаддас руҳ Ишаё пайғамбар орқали ота-боболарингизга шундай деб беҳуда айтмаган экан:
26 “Бориб бу халққа айт: тинглашга тинглайсизлар, аммо маъносини тушунмайсизлар. Қарашга қарайсизлар, аммо кўра олмайсизлар+.
27 Чунки бу халқ қалбини тош қилган. Улар эшитишади-ю, аммо жавоб беришмайди, кўзларини эса юмиб олишган. Шу боис кўзлари кўрмайди, қулоқлари эшитмайди, сўзларимнинг маъноси қалбларига етиб бормайди ва Менга қайтишмайди, Мен ҳам уларга шифо бермайман”+.
28 Шуни билиб қўйинглар: Тангрининг нажот ҳақидаги хабари энди бошқа халқларга ҳам жўнатилди+, улар эса албатта тинглайдилар»+.
29 * ——
30 Хуллас, Павлус ижарага олган уйда икки йил қолиб+, ёнига келганларнинг ҳаммасини яхши кутиб оларди.
31 Уларга Худонинг Шоҳлиги тўғрисида ваъз қилиб, Ҳазратимиз Исо Масиҳ борасида ҳеч қандай тўсқинликсиз бемалол+ таълим берарди.
Изоҳлар
^ Сўзма-сўз «биз тушунмайдиган тилда гапирадиган».
^ Юн. Дикэ. Бу сўз адолат учун қасд оладиган маъбудага ёки умуман олганда адолат тушунчасига ишора қилиши мумкин.
^ Ёки «қайсар». Юн. цезарь.