Ҳизқиё 20:1–49

  • Исроил исён кўтарган кезлар (1–32)

  • Исроилни қайта тиклаш ваъдаси (33–44)

  • Жанубга қарши башорат (45–49)

20  Еттинчи йилнинг бешинчи ойи, ўнинчи кунида Исроилнинг айрим оқсоқоллари Яҳовага маслаҳат солиш учун ёнимга келиб ўтиришди. 2  Сўнг Яҳова менга сўзини аён қилди: 3  «Эй инсон ўғли, Исроил оқсоқолларига шундай деб айт: “Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Сизлар Менга маслаҳат солгани келдингизми? Ҳаётим билан қасам ичиб айтаманки, сизларга жавоб бермайман”+,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова”. 4  Уларни ҳукм қилишга тайёрмисан? Эй инсон ўғли, уларни ҳукм қилишга тайёрмисан? Уларга ота-боболари қилган разил ишларни эслатиб қўй+. 5  Уларга шундай деб айт: “Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Мен Исроилни танлаган кунда+ Ёқубнинг фарзандларига қасам ичган эдим ва Миср юртида уларга Ўзимни танитгандим+. Ҳа, уларга қасам ичиб: “Мен Худойингиз Яҳоваман”,— деган эдим. 6  Ўша куни қасам ичиб, уларни Миср юртидан олиб чиқишимни ва улар учун танлаб қўйган — сут билан асал оқиб ётган юртга олиб боришимни айтган эдим+. У юртлар ичида энг гўзали эди. 7  Кейин уларга: “Ҳар бирингиз жирканч нарсаларни кўз олдингиздан олиб ташланглар. Мисрнинг жирканч бутлари* билан ўзингизни булғаманглар+. Мен Худойингиз Яҳоваман”+,— дедим. 8  Аммо улар Менга қарши исён кўтаришди ва Менга қулоқ солишни исташмади. Улар жирканч нарсаларни кўз олдидан олиб ташлашмади ва Мисрнинг жирканч бутларидан воз кечишмади+. Шунинг учун Миср юртида уларнинг устига қаҳримни тўкаман, уларга бор ғазабимни сочаман, деб айтган эдим. 9  Бироқ уларнинг атрофида яшаётган халқлар орасида исмимга доғ тушмаслиги учун, исмим ҳаққи ҳаракат қилдим+. Уларни* Миср юртидан олиб чиққанимда ўша халқлар олдида Мен Ўзимни уларга* танитдим+. 10  Мен уларни Миср юртидан олиб чиқдим ва саҳрога олиб келдим+. 11  Сўнг уларга низомларимни бериб, ҳукмларимни маълум қилдим+, токи уларга амал қилган киши яшасин+. 12  Мен ва улар орасида белги бўлиши учун+ уларга Шаббатларимни бердим+. Бу ишларни уларни муқаддас қилган Мен — Яҳова эканимни билиб олишлари учун қилдим. 13  Лекин Исроил хонадони саҳрода Менга қарши исён кўтарди+. Улар низомларим бўйича йўл тутишмади ва ҳукмларимни рад этишди, ахир киши уларга амал қилсагина яшайди-ку. Улар Шаббатларимни тамомила булғашди. Шу боис, уларни саҳрода қириб ташлаш учун уларга ғазабимни сочаман, деб айтган эдим+. 14  Бироқ буни исмим ҳаққи қилдим. Чунки уларни олиб чиққанимни кўрган халқлар олдида исмимга доғ тушишини истамадим+. 15  Мен саҳрода уларга қасам ичиб, Ўзим берган юртга — сут билан асал оқиб ётган+, юртлар ичида энг гўзал юртга уларни олиб бормайман деган эдим+. 16  Чунки улар ҳукмларимни рад этишди, низомларим бўйича йўл тутишмади, Шаббатларимни булғашди. Улар жирканч бутларига бутун қалби билан боғланишган эди+. 17  Аммо раҳмим келиб, уларни йўқ қилмадим. Уларни саҳрода қириб ташламадим. 18  Мен саҳрода уларнинг ўғилларига шундай дедим+: “Ота-боболарингизнинг қонун-қоидалари бўйича яшаманглар+ ва ҳукмларига риоя қилманглар, жирканч бутлари билан ўзингизни булғаманглар. 19  Мен Яҳова, сизларнинг Тангрингизман. Менинг низомларим бўйича йўл тутиб, ҳукмларимни бажаринглар, уларга риоя қилинглар+. 20  Шаббатларимни муқаддас тутинглар+. Мен Яҳова, сизларнинг Худойингиз эканимни билишингиз учун, улар орамизда белги бўлиб хизмат қилади”+. 21  Бироқ бу ўғиллар ҳам Менга қарши исён кўтаришди+. Улар низомларим бўйича йўл тутишмади ва ҳукмларимни бажариб уларни амалга оширишмади, ахир уларга амал қилсагина киши яшайди-ку. Улар Шаббатларимни булғашди. Шунинг учун саҳрода уларнинг устига қаҳримни тўкаман, уларга бор ғазабимни сочаман, деб айтган эдим+. 22  Аммо Ўзимни тўхтатиб+ исмим ҳаққи ҳаракат қилдим+. Токи уларни олиб чиққанимни кўрган халқлар олдида исмимга доғ тушмасин. 23  Мен саҳрода қасам ичиб, уларни халқлар орасига, юртлар бўйлаб тарқатиб юборишимни айтган эдим+. 24  Чунки улар ҳукмларимни бажаришмади ва низомларимни рад этишди+, Шаббатларимни булғашди, ота-боболарининг жирканч бутларига эргашишди+. 25  Улар бефойда қонун-қоидаларга амал қилиб, ҳаётга етакламайдиган ҳукмларни бажаришига йўл қўйдим+. 26  Уларни йўқ қилиш учун, тўнғич фарзандларини қурбонлик сифатида оловда куйдириб+, ўзларини булғашларига йўл қўйдим. Токи улар Мен Яҳова эканимни билиб олишсин”. 27  Эй инсон ўғли, Исроил хонадонига шундай деб айт: “Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Ота-боболарингиз ҳам Менга қарши бевафолик қилиб, Мени ҳақоратлашган эди. 28  Мен бераман деб қасам ичган юртга уларни олиб кирдим+. Улар тепаликларни ва сербарг дарахтларни кўриб+, ўша ерда қурбонликлар ва жирканч назрлар келтиришди. Қурбонликларининг хуш ҳидию ичимлик назрларини тақдим этишди. 29  Ўшанда улардан: “Сизлар бу тепаликка қай мақсадда боряпсизлар?” — деб сўраган эдим. (Бу жой ҳалигача Тепалик* деб аталади.)”+ 30  Энди Исроил хонадонига айт: “Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Ота-боболарингиз ўзларини булғаганидай, сизлар ҳам уларнинг жирканч худолари ортидан эргашиб Менга бевафолик* қилмаяпсизларми?+ 31  Жирканч худоларингизга қурбонликлар келтириб, ўғилларингизни оловда куйдириб* шу кунгача ўзингизни булғаб келяпсизлар-ку!+ Эй Исроил хонадони, шундай қилиб турганингизда сизларга жавоб берайми?!”+ “Ҳаётим билан қасам ичиб айтаманки, сизларга жавоб бермайман”+,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова. 32  Сизлар: “Келинглар ёғоч ва тошга сиғинадиган халқлар, ўзга юртларда яшовчи миллатлар каби бўламиз”,— деб ўйлайсизлар+. Аммо бу ҳеч қачон амалга ошмайди. 33  Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Ҳаётим билан қасам ичиб айтаманки, Мен кучли билагу қудратли қўл билан, қаҳримни сочиб устингиздан шоҳлик қиламан+. 34  Энди кучли билагиму қудратли қўлим билан, қаҳримни сочиб сизларни халқлар орасидан чиқариб оламан, қайси юртларга тарқалиб кетган бўлсангиз, ўша ерлардан йиғаман+. 35  Сизларни халқларнинг саҳросига олиб бориб, ўша ерда сизлар билан юзма-юз даъволашаман+. 36  Миср юртининг саҳросида ота-боболарингиз билан даъволашганимдай, сизлар билан ҳам даъволашаман, — демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова. — 37  Сизларни чўпоннинг таёғи тагидан ўтказиб+, бўйнингизга аҳд бўйинтуруғини соламан. 38  Лекин Менга қарши исён кўтарувчилар ва қонунбузарларни орангиздан йўқ қиламан+. Мусофир бўлиб яшаётган юртдан уларни олиб чиқаман, аммо улар Исроил юртига кирмайдилар+. Шунда Мен Яҳова эканимни билиб оласизлар”. 39  Сизларга эса, эй Исроил хонадони, Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Майли, ҳар бирингиз бориб жирканч бутларингизга сажда қилаверинг-чи+. Аммо Менга қулоқ солмасангиз ҳам, қурбонликлару жирканч бутларингиз билан муқаддас исмимга энди доғ тушира олмайсизлар”+. 40  Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Менинг муқаддас тоғимда, Исроилнинг баланд тоғида, бутун Исроил+ — уларнинг ҳаммаси ўша ерда Менга хизмат қилади+. Ўша ерда улардан мамнун бўламан. Муқаддас нарсаларингизнинг ҳаммасини — хайр-эҳсонларингизу назр қилиб келтирган биринчи ҳосилингизни ўша ерда қабул қиламан+. 41  Сизларни халқлар орасидан, сизлар тарқалиб кетган юртлардан йиғиб олганимда, хуш ҳидли қурбонликлар келтириб Мени мамнун этасизлар+. Бошқа халқларнинг кўз олдида сизлар орқали муқаддаслигимни намоён қиламан”+. 42  “Сизларни Исроил юртига+, ота-боболарингизга бераман деб қасам ичган юртга олиб келганимда, Мен Яҳова эканимни билиб оласизлар+. 43  Ўша ерда сизларни булғаган хулқ-атворингизни ва ҳамма қилмишларингизни эслайсизлар+. Қилган барча ёмон ишларингиз дастидан ўзингиздан ҳазар қиласизлар+. 44  Эй Исроил хонадони, сизларга на ёвуз хулқ-атворингизга, на бузуқ ишларингизга яраша, балки Ўз исмим ҳаққи муомала қилганимда+, Мен Яҳова эканимни билиб оласизлар”,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова». 45  Яҳова сўзини яна менга аён қилди: 46  «Эй инсон ўғли, жануб томонга юзлан ва жанубга эълон қил, жанубдаги ўрмонга қарата башорат айт. 47  Жанубдаги ўрмонга шундай деб айт: “Яҳованинг сўзини тингла. Олий Ҳукмдор Яҳова гапирмоқда: “Мен сенга ловуллаб турган ўт қўяман+. Бу олов сендаги ҳар бир яшил дарахтни ва ҳар бир қуриган дарахтни куйдириб йўқ қилади. Ёниб турган олов ўчмайди+. Жанубдан шимолгача ҳамманинг юзини* куйдиради. 48  Шунда ўт қўйган Мен — Яҳова эканимни ҳамма одамлар билиб олади. Шунинг учун олов ўчмайди”»+. 49  Мен дедим: «Эвоҳ, Олий Ҳукмдор Яҳова! Улар мен ҳақда: “Бу яна масал тўқияптими?” — деб айтишмоқда».

Изоҳлар

Ибронийча бу атама эҳтимол, «гўнг» сўзига яқин бўлиб, ҳазар қилишни ифодалаш мақсадида қўлланилади.
Яъни исроилликлар.
Яъни исроилликлар.
Ибронийча Бамах, бутпарастлар саждагоҳининг номи.
Ёки «маънавий фоҳишалик».
Сўзма-сўз «ўғилларингизни оловдан ўтказиб».
Ёки «бутун ер юзини».