Шоҳлар биринчи китоб 3:1–21

  • Шомуил пайғамбар этиб танланади (1–21)

3  Бу орада ёш Шомуил Элахнинг бошчилиги остида Яҳовага хизмат қилиб юрарди+. Ўша кунларда Яҳованинг сўзи кам келар, ваҳийлар+ ҳам кам нозил қилинар эди. 2  Элахнинг кўзлари хиралашиб, кўрмайдиган бўлиб қолганди+. Бир куни у хонасида ухлаб ётганида 3  ва Аллоҳнинг мойчироғи+ ҳали ўчмаган пайтда, шундай воқеа юз берди: Шомуил Яҳованинг маъбадида*+, Худонинг сандиғи турган жойда ётганида, 4  Яҳова уни чақирди. Шомуил: «Лаббай»,— деб жавоб берди. 5  У Элахнинг олдига югуриб борди-да: «Лаббай, мени чақирдингизми?» — деди. Аммо Элах: «Чақирганим йўқ. Жойингга бориб ётавер»,— деб айтди. Шомуил жойига бориб ётди. 6  Яҳова: «Шомуил!» — дея яна уни чақирди. У ўрнидан туриб, Элахнинг олдига борди-да: «Лаббай, мени чақирдингизми?» — деди. Аммо Элах: «Чақирганим йўқ, ўғлим. Жойингга бориб ётавер»,— деб айтди. 7  (Шомуил ҳали Яҳовани яхши танимасди. Яҳова унга Ўз сўзини ошкор қилишни ҳали бошламаган эди.)+ 8  Яҳова: «Шомуил!» — дея уни учинчи марта чақирди. У ўрнидан туриб, Элахнинг олдига борди ва унга: «Лаббай, мени чақирдингизми?» — деди. Шунда Элах болани Яҳова чақираётганини тушунди. 9  У Шомуилга: «Бориб, жойингга ёт. Агар У яна чақирса, сен: “Лаббай Яҳова, қулинг Сени эшитяпти”,— деб айт»,— деди. Шомуил бориб жойига ётди. 10  Яҳова уни: «Шомуил, Шомуил!» — деб яна чақирди. Шомуил: «Лаббай, қулинг Сени эшитяпти»,— деб жавоб берди. 11  Яҳова Шомуилга қуйидагиларни айтди: «Мен Исроилда бир иш қиламанки, бу ҳақда эшитган кишининг эти жимирлаб кетади*+. 12  Ўша куни Элахнинг хонадони ҳақида айтганларимни бошидан охиригача бажараман+. 13  Элахга унинг хонадонини абадий жазолашимни айт. Ўғиллари Худони лаънатлаб юрганини+ билган бўлса-да+, уларга танбеҳ бермади+. 14  Шу боис, Мен Элах хонадонига қасам ичиб айтаманки, хонадонининг гуноҳларини қурбонликлар ва назрлар келтириш орқали ҳеч қачон ювиб бўлмайди»+. 15  Шомуил эрталабгача ётди. Кейин жойидан туриб, Яҳованинг уйи эшикларини очди. У кўрган ваҳийсини Элахга айтиб беришдан қўрқди. 16  Элах уни: «Шомуил, ўғлим!» — деб чақирди. Шомуил: «Лаббай»,— деди. 17  Элах: «У сенга нима деди? Илтимос, мендан ҳеч нимани яширма. Борди-ю, У сенга айтган сўзлардан бирортасини яширсанг, Худо сени қаттиқ жазоласин»,— деб айтди. 18  Шомуил ҳеч нимани яширмай, унга ҳаммасини айтиб берди. Шунда Элах: «Бу Яҳованинг иродаси. У назарида маъқул бўлган ишни қилсин»,— деди. 19  Шомуил ўсиб-улғайиб борарди. Яҳова Шомуил билан бирга бўлиб+, у орқали айтган сўзларининг барчасини амалга оширди. 20  Дандан Бэршэвагача бўлган бутун Исроил халқи, Шомуил Яҳованинг пайғамбари этиб тайинланганидан хабар топди. 21  Шу тариқа, Яҳова Шилўда зоҳир бўла бошлади. Чунки Яҳова Шомуилга Шилўда Ўзини ошкор этган эди. Яҳова сўзини айтиб, Ўзини унга ошкор этарди+.

Изоҳлар

Яъни муқаддас чодирда.
Сўзма-сўз «қулоқлари жаранглаб кетади».