Шоҳлар тўртинчи китоб 23:1–37

  • Йўшиёнинг ислоҳотлари (1–20)

  • Фисиҳ байрами нишонланади (21–23)

  • Йўшиёнинг кейинги ислоҳотлари (24–27)

  • Йўшиёнинг ўлими (28–30)

  • Яҳудо шоҳи Ёҳухоз (31–33)

  • Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим (34–37)

23  Шоҳнинг буйруғига кўра, Яҳудо билан Қуддуснинг ҳамма оқсоқоллари чақирилди+. 2  Бундан сўнг, Яҳудо ва Қуддуснинг бутун аҳолиси, руҳонийлар, пайғамбарлар — жамики халқ ёшидан қарисигача шоҳ билан бирга Яҳованинг уйига борди. Шоҳ Яҳованинг уйидан топилган+ аҳд+ китобидаги+ барча сўзларни уларга ўқиб берди. 3  Шоҳ Йўшиё устун ёнида туриб, Яҳова олдида аҳд қилди*+. Бу аҳдга кўра, у китобда ёзилган аҳд сўзларини бажаришга, Яҳованинг йўлидан юришга, Унинг амрларию эслатмаларига ва қоидаларига бутун қалби ҳамда бутун жони билан амал қилишга ваъда берди. Бутун халқ ҳам бу аҳдга риоя қилишга розилик билдирди+. 4  Сўнг шоҳ олий руҳоний Хилқиёга+, бошқа руҳонийларга ва дарвозабонларга Баал, муқаддас устун+ ва самовий жисмларга атаб ясалган ҳамма буюмларни Яҳованинг маъбадидан олиб чиқишни буюрди. Шоҳ бу нарсаларни Қуддус ташқарисида — Қидрон этакларида ёқиб юборди, кулини эса Байтилга+ олиб борди. 5  У, Яҳудо шаҳарларида ва Қуддус атрофидаги тепаликларда Яҳудо шоҳлари сохта худоларга хизмат қилишга тайинлаган руҳонийларни, шунингдек, Баалга, қуёш, ой, буржлар ва жамики самовий жисмларга қурбонлик куйдириб тутатадиганларни ҳайдаб юборди+. 6  У муқаддас устунни+ Яҳованинг уйидан Қуддус ташқарисига, Қидрон водийсига олиб чиқди ва ўша ерда ёндириб+, кулга айлантирди-да, халқ қабристонига сочиб юборди+. 7  Йўшиё ибодатхона баччаларининг*+ Яҳова маъбадидаги уйларини бузиб ташлади. Ўша ерда аёллар муқаддас устунга сажда қилиш учун чодирлар ҳам тўқишарди. 8  Кейин Яҳудо шаҳарларидаги барча руҳонийларни тўплаб, Ғибодан+ тортиб Бэршэвагача+ бўлган тепаликларни яроқсиз ҳолга келтирди. У ерда руҳонийлар қурбонлик куйдириб тутатарди. Шаҳар дарвозасидан кирганда чап томонда — шаҳар бошқарувчиси Ёшуанинг дарвозаси ёнида жойлашган тепаликларни яксон қилди. 9  Тепаликлар руҳонийлари ўз биродарлари билан хамиртурушсиз нонларни ейишарди-ю, аммо Яҳованинг Қуддусдаги қурбонгоҳи ёнида хизмат қилишмас эди+. 10  Йўшиё ҳеч ким ўғли ёки қизини Мўлахга атаб оловда куйдирмаслиги*+ учун Ҳинном ўғиллари водийсидаги*+ Тофатни+ ҳам яроқсиз ҳолга келтирди. 11  У, Яҳудо шоҳлари қуёшга бағишлаган отларни Яҳованинг уйига олиб киришни тақиқлаб қўйди. Отлар сарой амалдори Натанмаликнинг пешайвонида жойлашган хонасидан* олиб ўтиларди. Шунингдек, Йўшиё қуёшга аталган+ жанг араваларини ёндириб юборди. 12  Шоҳ Йўшиё Яҳудо шоҳлари Охознинг болохонаси томида қурган қурбонгоҳларни, шу билан бирга, Яҳова уйининг иккита ҳовлисида+ Манаше ўрнатган қурбонгоҳларни ҳам бузиб ташлади+. Уларни майда-майда қилиб, кулини Қидрон водийсига сочиб юборди. 13  Йўшиё Қуддус олдидаги Ҳалокат тоғининг* жанубида* жойлашган тепаликларни яроқсиз ҳолга келтирди. Исроил шоҳи Сулаймон бу тепаликларни сидонликларнинг жирканч маъбудаси Аштаретга, мўабликларнинг жирканч худоси Хамўшга ва оммонликларнинг жирканч худоси+ Милкомга+ атаб қурган эди. 14  У муқаддас тошларни парчалаб, муқаддас устунларни кесиб ташлади+ ва уларнинг ўрнини одам суяклари билан тўлдирди. 15  Йўшиё Байтилдаги қурбонгоҳни, Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ёрубом қурган тепаликни+ бузиб ташлади. Қурбонгоҳ ва тепаликни яксон қилгач, тепаликни ёндириб, кулга айлантирди-да, муқаддас устунга ўт қўйиб юборди+. 16  Йўшиё ўгирилиб, тоғдаги қабрларни кўрди ва қабрлардан суякларни чиқариб, қурбонгоҳ устида ёндириб юборди ва тепаликларни яроқсиз ҳолга келтирди. Бу, Яҳованинг сўзларига биноан амалга ошди. Чунки У Ўз пайғамбари орқали шундай башорат қилган эди+. 17  Кейин шоҳ: «Анави ердаги ёдгорлик тоши кимники?» — деб сўради. Унга жавобан шаҳар эркаклари: «Бу, яҳудолик ҳақ Худо одамининг+ қабри. Сиз Байтилдаги қурбонгоҳни қандай кўйга солишингизни у олдиндан башорат қилган эди»,— дейишди. 18  Йўшиё: «Унга тегманглар. Унинг суякларини ҳеч ким қўзғатмасин»,— деб айтди. Шу боис, унинг ва Самариядан келган пайғамбарнинг суякларига тегишмади+. 19  Йўшиё Самария шаҳарларининг тепаликларидаги барча ибодатхоналарни ҳам йўқ қилди+. Исроил шоҳлари уларни Худони ранжитиш учун қурдиришган эди. У Байтилдаги тепаликлар билан нима қилган бўлса, бу тепаликларни ҳам шу кўйга солди+. 20  У қурбонгоҳ устида, тепаликларда хизмат қиладиган барча руҳонийларни қурбонликка келтириб, одамлар суягини куйдирди+. Бундан сўнг, у Қуддусга қайтди. 21  Шоҳ бутун халққа: «Аҳд китобида ёзилганига биноан, Тангрингиз Яҳовага атаб Фисиҳ байрамини нишонланглар»+,— деб буюрди+. 22  Бундай Фисиҳ байрами Исроилда ҳакамлар бошқарган замонда ҳам, Исроил ва Яҳудо шоҳлари бошқарган даврда ҳам нишонланмаган эди+. 23  Шоҳ Йўшиё ҳукмронлигининг 18- йили, Қуддусда Яҳовага атаб Фисиҳ байрами нишонланди. 24  Қолаверса, Йўшиё арвоҳ чақирувчиларни, фолбинларни+, хонаки бутларни*+, жирканч бутларни*, Яҳудо билан Қуддусдаги барча жирканч нарсаларни йўқ қилиб ташлади. Шу тариқа, у руҳоний Хилқиё Яҳованинг уйидан топиб олган Таврот китобида+ ёзилган сўзларни бажарди+. 25  Ундан олдин ҳам, кейин ҳам, у каби бутун қалби, бутун жони+ ва бутун қуввати билан Яҳовага қайтиб, Мусонинг Таврот китобида ёзилганларга амал қилган шоҳ бўлмади. 26  Шунга қарамай, Яҳованинг Яҳудога қарши ғазаби босилмади, чунки Манаше кўп қабиҳ ишлар қилиб, Уни ранжитган эди+. 27  Яҳова: «Исроилни кўз олдимдан узоқлаштирганимдай+, Яҳудони ҳам узоқлаштираман+. Мен Ўзим танлаган шаҳарни — Қуддусни рад этиб: “Менинг исмим ҳамиша у ерда бўлади”+,— деган уйдан воз кечаман»,— деб айтди. 28  Йўшиёнинг ҳаёти ва барча қилган ишлари ҳақида Яҳудо шоҳлари тарихи ёзилган китобда баён этилган. 29  Йўшиё даврида Миср подшоҳи — фиръавн Нехо Оссурия шоҳини қўллаб-қувватлаш учун Фурот дарёси бўйига келди. Шоҳ Йўшиё унга қарши жангга отланди, аммо Нехо Махидўда+ унга дуч келиб, ўша ерда уни ўлдирди. 30  Йўшиёнинг хизматкорлари унинг жасадини аравага юклаб, Махидўдан Қуддусга олиб келишди ва ўз қабрига дафн этишди. Сўнг Яҳудо халқи Йўшиё ўғли Ёҳухознинг бошига мой қуйиб, отасининг ўрнига шоҳ этиб тайинлади+. 31  Ёҳухоз+ 23 ёшида тахтга ўтирди ва Қуддусда уч ой ҳукмронлик қилди. Онасининг исми Хамутал бўлиб+, либналик Еремиёнинг қизи эди. 32  Ёҳухоз ота-боболари сингари, Яҳованинг назарида ёмон ишлар қила бошлади+. 33  Фиръавн Нехо+ у Қуддусда ҳукмронлик қилмасин деб, Ёҳухозни Хомат юртидаги Ривлода+ зиндонга ташлади ва юрт аҳолисидан 100 талант* кумуш билан бир талант олтин талаб қилди+. 34  Бундан ташқари, фиръавн Нехо Йўшиёнинг ўғли Элияқимни отасининг ўрнига шоҳ этиб тайинлади ва исмини Ёҳайиқим деб ўзгартирди. Нехо Ёҳухозни Мисрга олиб кетди+ ва у охир-оқибат ўша ерда вафот этди+. 35  Ёҳайиқим фиръавн талаб қилган кумуш ва олтинни берди. Аммо бунинг учун одамларга солиқ солишига тўғри келди. У юрт аҳолисининг ҳар биридан муайян миқдорда кумуш ва олтин йиғиб олиб, фиръавн Нехога берди. 36  Ёҳайиқим+ 25 ёшида шоҳ бўлди ва Қуддусда 11 йил ҳукмронлик қилди+. Онасининг исми Забудо бўлиб, румахлик Подиёнинг қизи эди. 37  Ёҳайиқим ота-боболари сингари+ Яҳованинг назарида ёмон ишлар қилиб яшади+.

Изоҳлар

Ёки «янгитдан аҳд қилди».
Ибодатхонада фаҳш учун фойдаланилган эркаклар.
Сўзма-сўз «оловдан ўтказмаслиги».
Луғатдаги «жаҳаннам» сўзига қ.
Ёки «ошхонасидан».
Яъни Зайтун тоғи. Шунингдек, Жиноят тоғи деб танилган унинг жанубий чеккаси.
Сўзма-сўз «ўнг томонида». Яъни одам шарққа қараб турганда, жануб томон бўлади.
Ибронийча бу атама эҳтимол, «гўнг» сўзига яқин бўлиб, ҳазар қилишни ифодалаш мақсадида қўлланилади.
Сўзма-сўз «терафимларни». Луғатга қ.
Бир талант=34,2 кг. Илованинг Б14 мавзусига қ.