ҲУШЁР ТУРИНГЛАР!
Ижтимоий тармоқларнинг ёшларга салбий таъсири. Муқаддас Китобда нима дейилган?
2023 йил 23 май куни Қўшма Штатлардаги соғлик соҳасидаги мансабдор шахс ижтимоий тармоқлар кўпгина ёшларга салбий таъсир қилаётгани борасида огоҳлантирди.
«Ижтимоий тармоқлар баъзи болалар ва ўсмирларга фойда келтириши мумкин. Шу билан бирган, анчагина маълумотларга кўра, улар болалар билан ўсмирларнинг руҳий ва жисмоний саломатлигига зарар келтириши мумкин». («Social Media and Youth Mental Health: The U.S. Surgeon General’s Advisory», 2023 йил)
Ўша маълумотга биноан, ташвишланиш учун жиддий сабаблар бор.
12 дан 15 ёшгача бўлган ўсмирлар орасида «ҳар куни ижтимоий тармоқларда 3 соатдан кўпроқ вақтини ўтказадиган ўсмирлар руҳий саломатлиги билан жиддий муаммоларга, жумладан, депрессияга ва хавотирланиш аломатларига йўлиқиш хавфи икки баравар кўпроқ кузатилади».
14 ёшдаги ўсмирлар орасида ўтказилган сўровномага кўра, «бола ижтимоий тармоқлардан қанча кўп фойдаланса, шунча кўп уйқуси билан муаммоларга, онлайн тарзда таҳдид қилинишга, ташқи кўринишидан норози бўлишга, ўзини арзимасдай ҳис қилишга ва депрессия белгиларига дуч келади. Шуни айтиш керакки, бунга қизлар кўпроқ дучор бўлишади».
Хўш, ота-оналарга болаларини бундай хавфдан ҳимоя қилишга нима ёрдам бериши мумкин? Муқаддас Китоб асосида бир нечта маслаҳатга диққат қаратсак бўлади.
Ота-оналар нима қила олади?
Ўз ҳолига ташлаб қўйманг. Хавфли томонларини аниқланг ва фарзандингизга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш керак ёки керак эмаслигини ҳал қилинг.
Муқаддас Китобдаги принцип: «Болани тарбиялаб, тўғри йўлга сол». (Ҳикматлар 22:6)
Кўпроқ билиб олиш учун «Боламга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга рухсат беришим керакми?» номли мақолани ўқинг.
Агар болангизга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга рухсат бераётган бўлсангиз, эҳтимолий хавфли томонларни ёдда тутинг ва у бундай тармоқларда қай йўсин вақт ўтказаётганини назорат қилинг. Қандай қилиб?
Болангизни зарарли контентдан ҳимояланг. Уни зарарли маълумотларни аниқлашга ва улардан йироқлашишга ўргатинг.
Муқаддас Китобдаги принцип: «Зино, ҳар қандай ифлослик ва очкўзлик орангизда ҳатто тилга олинмасин... Шунингдек, ахлоқсиз хулқ-атвор, бемаъни гаплар, беадаб ҳазиллар... бўлмасин». (Эфесликларга 5:3, 4)
Кўпроқ маслаҳатларни топиш учун «Ўсмир болангизга ижтимоий тармоқлардаги хавфдан эҳтиёт бўлишни ўргатинг» номли мақолани ўқинг.
Чегара ўрнатинг. Масалан, болангиз ижтимоий тармоқлардан қачон ва қанча фойдаланишига оид қоидалар ўрнатинг.
Муқаддас Китобдаги принцип: «Қандай йўл тутаётганингизга ўта диққатли бўлиб,... донолар каби йўл тутинглар. Ҳар фурсатдан унумли фойдаланинглар». (Эфесликларга 5:15, 16)
Фарзандингиз нега қоидалар кераклигини тушунишига кўмаклашиш учун «Ижтимоий тармоқлардан оқилона фойдаланинг» номли анимацион роликни қўлланг.