ОИЛА УЧУН ЁРДАМ | БОЛАЛАР ТАРБИЯСИ
Ажралиш фарзандларга қандай таъсир қилади?
Бир-бири билан тил топа олмаган баъзи жуфтликлар: «Болаларимиз доим талашиб-тортишишимизни эшитиб катта бўлганидан кўра, ажралиб, бўлак яшаганимиз яхшироқ бўлади»,— деб ўзларини юпатишади. Бироқ маълумотларга кўра, нима деса бўлади?
Ажралиш болага қандай таъсир қилади?
Тадқиқотларга кўра, ажралиш болага жуда ёмон таъсир қилади. Ажрашганларнинг болалари қуйидаги муаммоларга дуч келиши мумкин:
ғазабланади, асабийлашади ва тушкунликка тушади
ўзгалар билан тил топиша олмайди
мактабда ёмон ўқийди ёки умуман ўқишни ташлаб қўяди
касалликларга кўп чалинади
Бундан ташқари, кўп болалар ота-онаси ажрашганида ўзларини айблашади. Улар «мен сабабчиман» ёки «уларни тўхтата олмадим», деб сиқилишади.
Ажралишнинг оқибатлари болаларга ҳатто улғайганида ҳам таъсир қилиши мумкин. Улар ўзини арзимас, деб ҳисоблашади ёки бошқаларга ишонишмайди. Ўзлари ҳам никоҳида муаммоларга йўлиққанда, ажрашиб кетиш эҳтимоли кўпроқ.
Хулоса. Гарчи баъзиларнинг фикрича, ажралиш болалари учун яхшироқ бўлса ҳам, изланишларга кўра бу нотўғри фикр. Пенелопа Лич исмли психолог: «Ажралиш бола учун жароҳат»,— деб ёзди a.
Муқаддас Китобдаги принцип: «Нафақат ўзингизнинг, балки бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзланглар». (Филиппиликларга 2:4)
Ажралсам, болам бахтли бўладими?
Айримларнинг фикрича, ҳа. Лекин ота-она ва боланинг эҳтиёжлари одатда фарқ қилишини унутманг. Ажралишни хоҳлаган инсон аслида ҳаётини ўзгартирмоқчи бўлади. Бола эса одатда ҳаёти ўзгаришини умуман истамайди, ота-онаси билан бирга яшашни хоҳлайди.
Ота-онаси ажралиб кетган минглаб болалар орасида сўровнома ўтказган бир китобнинг муаллифлари шундай деб ёзишди: «Битта нарса аниқ: болалар бахтлироқ бўлдик, деб айтишмади. Аксинча, улар: “Ота-онам ажрашган куни болалигим тугади”,— деб очиқ айтишди». Китобда ёзилишича, бундай болалар учун дунё хавф-хатарларга тўла бир жойдай туюлади, чунки уларнинг энг яқин одамлари ўз муносабатларини сақлай олишмади. («The Unexpected Legacy of Divorce»)
Хулоса. Ота-онаси ажралган болалар ўзини бахтиёр ҳис этиши амримаҳол.
Муқаддас Китобдаги принцип: «Эзилган руҳ эса суякларни қуритади». (Ҳикматлар 17:22)
Болани алоҳида яшаб тарбиялашнинг қандай қийинчилиги бор?
Ажралган баъзи жуфтликлар ўзларини худди тўлақонли бир оиладек тутишади. Улар олдингидай бир хил тарзда ота-онанинг вазифаларини уддалаймиз, деб ўйлашади. Бироқ алоҳида яшаб болани бирга тарбиялаш жуда мушкул. Изланишларга биноан, ажралган жуфтликлар кўпинча:
болалари билан кам вақт ўтказишади
таълим-тарбия меъёрларига турлича қарашади
ўзини айбдор ҳис қилгани ёки чарчагани туфайли болага хоҳлаганини қилишга рухсат беришади
Бола шунингдек, ота-онасига қулоқ солмай қўйиши мумкин. Бунинг устига, ота-онаси нотўғри йўл тутяпти дейди, масалан, улар бирга яшаймиз деган ваъдасида тура олишмади. Бола: «Нега уларни қулоқ солишим керак?» — деб ўйлайди.
Хулоса. Ажралган жуфтликлар алоҳида яшаб туриб болаларини тарбиялашга одатда қийналишади. Фарзандлар учун эса, бу вазият ундан ҳам қийинроқ.
Муқаддас Китобдаги принцип: «Фарзандларингизнинг руҳи тушмаслиги учун, уларнинг ғашини келтирманглар». (Колосаликларга 3:21)
Бошқача ечим борми?
Ажралишдан сўнг янги ҳаёт бошлаш учун тер тўкиш керак. Одатда жуфтликлар бирга яшашга қийналишса ҳам ажралишмаса яхшироқ бўларди. Бир китобда: «Никоҳи ёмон бўлгани, у ҳеч қачон яхши томонга ўзгармаслигини англатмайди. Вақт ўтган сайин, ажралмаган энг бахтсиз эр-хотинлар ҳам жуда бахтиёр бўлиб кетишади»,— деб ёзилган. («The Case for Marriage») Умуман олганда, ота-она бирга бўлса, фарзанди ўзини яхши ҳис қилади.
Аммо бу ҳеч қачон ажралмаслик кераклигини англатмайди. Дарҳақиқат, Муқаддас Китобга кўра, эр ёки хотин жинсий ахлоқсизликка қўл урса ажралиш мумкин. (Матто 19:9) Бироқ шунингдек, Муқаддас Китобда айтилишича, «заковатли ҳар бир қадамини ўйлаб босади». (Ҳикматлар 14:15) Никоҳи оғир бўлган ва ажралиш ниятида юрган эр-хотин ҳар бир қарори устида обдан ўйлаб кўриши лозим. Улар ажралиш болаларига қандай таъсир қилади, деб ҳам фикр юритиб кўриши керак.
Албатта, болаларни деб шунчаки қўл қовуштириб яшашнинг ўзи етарли эмас. Муқаддас Китобда эр ва хотин учун никоҳи мустаҳкам ва бахтиёр бўлишига ҳисса қўшадиган фазилатларни ривожлантириш борасида энг яхши маслаҳатлар ёзилган. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, чунки Муқаддас Китоб Муаллифи бўлмиш Тангри Яҳова никоҳ асосчисидир. (Матто 19:4–6)
Муқаддас Китобдаги принцип: «Мен Яҳова, сенинг Худойингман, сенинг манфаатингни кўзлаб таълим бераман». (Ишаё 48:17)
a «Болангизнинг ўсиб-улғайиши. Чақалоқлигидан балоғатигача» деган китоб. («Your Growing Child—From Babyhood Through Adolescence»)