Асосий материалларга ўтиш

ОИЛА УЧУН ЁРДАМ

Қай йўсин севгини кўрсатса бўлади?

Қай йўсин севгини кўрсатса бўлади?

 Йиллар ўтгани сайин, баъзи турмуш ўртоқлар бир-бирига ҳис-туйғуларини камроқ изҳор қила бошлайди. Агар сизнинг ҳам никоҳингизда шундай бўлаётган бўлса, бу сизни ташвишга солиши керакми?

 Нимани билишингиз керак?

 Никоҳ мустаҳкам бўлиши учун севги муҳимдир. Жисмоний танамиз кучли ва соғлом бўлиши учун мунтазам равишда овқат ва сув зарур бўлганидек, никоҳ мустаҳкам бўлиши учун доимий равишда севгини кўрсатиш муҳимдир. Турмуш қурганингизга бир неча ўн йиллар бўлган бўлса ҳам, бир-бирингизни севгингизда ва меҳрингизда ишонтириб туриш лозим.

 Ҳақиқий севги ўз манфаатини кўзламайди. Севги бахтиёрлик улашишга интилади. Мулоҳазакор турмуш ўртоқ севгисини эсига келгандагина изҳор этмайди, аксинча, у умр йўлдоши севгига муҳтож эканини тушунади ва унинг бу эҳтиёжини қондиришга интилади.

 Одатда, аёллар эркакларга қараганда, кўпроқ севги изҳорларига муҳтож бўлади. Эр хотинини қаттиқ севиши мумкин. Аммо у фақат кун бошида ва охирида ёки жинсий яқинликдан аввал севгисини изҳор этса, хотини унинг севгиси чин эканида шубҳаланиши ҳеч гап эмас. Кун давомида севгини изҳор қилиб туриш анча яхшироқдир.

 Нима қила оласиз?

 Севгини сўзларингиз ила кўрсатинг. «Сизни севаман» ёки «Мен учун азизсиз» каби гаплар турмуш ўртоғингизни қувонтириши мумкин.

 Муқаддас Китобдаги принцип: «Одамнинг дилида нима бўлса, тили шуни гапиради». (Матто 12:34)

 Маслаҳат. Гапириш билан чегараланиб қолманг. Турмуш ўртоғингизга хатча, электрон мактуб ёки СМС хабарлар юборинг.

 Севгингизни амалда кўрсатинг. Қучоқлаш, ўпиш ёки шунчаки қўл ушлаш орқали «сизни севаман» деб нимани назарда тутганингизни кўрсата оласиз. Меҳр ила силаб, севги билан қараб ёки баъзан совғалар қилиб самимий ғамхўрлигингизни намоён эта оласиз. Хотинингизга ёрдам бериш, масалан, сумкаларни кўтариш, эшик очиш, идиш ва кирларни ювиш ёки овқат тайёрлаш ҳақида нима деса бўлади? Кўпгина аёллар учун бу шунчаки ёрдам эмас, балки севгини амалда кўрсатишдир!

 Муқаддас Китобдаги принцип: «Бир-биримизни сўз ёки тил билангина эмас, балки амалда... севишимиз керак». (1 Юҳанно 3:18)

 Маслаҳат. Турмуш қуришдан аввал учрашган пайтингиздагидек эътиборли бўлинг.

 Бир-бирингиз учун вақт ажратинг. Турмуш ўртоқ билан ёлғиз қолиш никоҳ ришталарини мустаҳкамлайди ва умр йўлдошингизни у билан бирга бўлиш сиз учун ёқимли эканига ишонтиради. Албатта, фарзандларингиз туфайли ёки куни бўйи қиладиган ишлар кўп бўлса, бир-бирингизга вақт ажратиш қийин кечиши мумкин. Балки фақат икковингиз мунтазам равишда сайр қилишни режалаштира оларсиз.

 Муқаддас Китобдаги принцип: «Қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқланглар». (Филиппиликларга 1:10)

 Маслаҳат. Айрим жуфтликлар банд бўлишига қарамай, бирга вақт ўтказиш мақсадида мунтазам равишда «романтик оқшом» ёки «романтик дам олиш кунларини» уюштиришади.

 Турмуш ўртоғингиз нимага муҳтож эканини билинг. Ҳар бир инсон ўзгача тарзда севгига муҳтождир. Умр йўлдошингиз билан ҳар бирингиз нимага муҳтож эканингиз ва бу учун нималар қилиш мумкинлигини муҳокама қилинг. Сўнг турмуш ўртоғингизнинг эҳтиёжларини қондириш учун жон куйдиринг. Шуни унутмангки, никоҳ ришталари мустаҳкам бўлиши учун севги муҳимдир.

 Муқаддас Китобдаги принцип: «Севги... ўз манфаатини кўзламайди». (1 Коринфликларга 13:4, 5)

 Маслаҳат. Севгини талаб қилишдан кўра, ўзингиздан қуйидагича сўранг: «Турмуш ўртоғим мени кўпроқ яхши кўриши учун нима қилсам бўлади?»