Исо пайғамбар нима учун ўлган?
Муқаддас Китоб асосида жавоб
Одамларнинг гуноҳлари кечирилиб, абадий яшай олиши учун Исо ҳаётини қурбон қилди. (Римликларга 6:23; Эфесликларга 1:7) У ўз ўлими билан инсон энг шиддатли синовлар пайтида ҳам Худога садоқатли қола олишини исботлади. (Ибронийларга 4:15)
Қандай қилиб битта инсоннинг ўлими туфайли шунча кўп ишлар қилинганини кўриб чиқайлик.
Исо «гуноҳларимиз кечирилиши» учун ўлди. (Колосаликларга 1:14)
Биринчи инсон — Одамато гуноҳдан холи ва мукаммал қилиб яратилган эди. Аммо у Худога итоатсизлик қилишни танлади. Одаматонинг итоатсизлиги, яъни қилган гуноҳи барча одамларга таъсир қилди. Муқаддас Китобда: «Битта одамнинг итоатсизлиги кўпчиликни гуноҳкор қилиб қўйган»,— деб тушунтирилган. (Римликларга 5:19)
Исо ҳам мукаммал бўлган, аммо у ҳеч қачон гуноҳ қилмаган. Шунинг учун, у «гуноҳларни қоплайдиган қурбонлик» бўла оларди. (1 Юҳанно 2:2, изоҳ) Одаматонинг итоатсизлиги дастидан бутун инсоният гуноҳга ботган бўлса, Исонинг ўлими туфайли унга ишонган барча бу гуноҳдан озод этилади.
Одамато қайсидир маънода инсониятни гуноҳ қуллигига сотди. Исо эса биз учун ўз жонини бериб, инсониятни қайтариб сотиб олди. Энди «кимдир гуноҳга қўл урса, Отамиз ёнида одил ёрдамчимиз — Исо Масиҳ бор». (1 Юҳанно 2:1)
Исо «унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки мангу ҳаётга эга бўлсин» дея ўлди. (Юҳанно 3:16)
Гарчи Одамато абадий яшаш мақсадида яратилган бўлса-да, гуноҳ қилгани учун ўлимга маҳкум этилди. Унинг қилмиши «дастидан дунёда гуноҳ пайдо бўлди, гуноҳ орқали эса ўлим. Шу тариқа ўлим барча инсонларга ўтди, демак уларнинг барчаси гуноҳ қилган». (Римликларга 5:12)
Исонинг ўлими туфайли нафақат гуноҳ бартараф этилди, балки унга ишонган барча ўлим жазосидан озод бўлди. Муқаддас Китобда бу вазият ҳақида шундай дейилган: «Гуноҳ билан ўлим ҳукмронлик қилганидек, Ҳазратимиз Исо Масиҳ ёрдамида абадий ҳаётга етаклайдиган одиллик орқали иноят ҳам ҳукм сурсин». (Римликларга 5:21)
Албатта, ҳозирча инсон умри жуда қисқа. Аммо Худо одил инсонларга абадий ҳаёт туҳфа қилишини ҳамда ўлганларни тирилтиришни ваъда қилмоқда. Шунда инсонлар Исонинг тўлов қурбонлигидан фойда олишади. (Забур 37:29; 1 Коринфликларга 15:22)
Исо «ўлимгача итоатли бўлиб», инсон ҳар қандай синов ва қийинчилик пайтида Худога садоқатли қола олишини исботлади. (Филиппиликларга 2:8)
Одамато мукаммал онг ва баданга эга бўлганига қарамай, Худога итоатсизлик қилди. Чунки у худбинларча ўзига тегишли бўлмаган нарсани олишни истади. (Ибтидо 2:16, 17; 3:6) Кейинчалик Худонинг душмани Шайтон ҳеч бир инсон, айниқса, ҳаёти хавф остида бўлса, Худога беғараз хизмат қилмайди деб даъво кўтарди. (Аюб 2:4) Лекин Исо Худога итоат этиб, ҳатто шармандали ва қийноқли ўлими пайтида Худога садоқатли қолди. (Ибронийларга 7:26) Шу йўсин, бу масалага узил-кесил жавоб берилди: инсон ҳар қандай синов ва қийинчилик пайтида Худога садоқатли қола олади.
Исонинг ўлим борасида саволлар
Инсониятни қутқариш учун Исо нега азоб чекиб ўлиши керак эди? Нима учун Худо ўлим жазосини бекор қила қолмади?
Худонинг қонунига кўра «гуноҳнинг эвази — ўлим». (Римликларга 6:23) Худо бу қонунни Одаматодан яширмай, Унга итоатсизлик қилган инсон ўлимга маҳкум этилиши ҳақида айтган. (Ибтидо 3:3) Одамато гуноҳ қилганида, «ёлғондан холи бўлган Худо» Ўз сўзида турди. (Титусга 1:2) Одамато авлодларига нафақат гуноҳни, балки унинг оқибати бўлмиш ўлимни мерос қилиб қолдирди.
Гарчи гуноҳкор одамлар ўлимга лойиқ бўлса-да, Худо «чексиз инояти туфайли» уларнинг айблари кечирилишига йўл очиб берди. (Эфесликларга 1:7) Худо одамзодни қутқариш учун кўрган чораси, яъни Исони мукаммал қурбонлик сифатида бергани Унинг адолати ва раҳм-шафқатидан далолатдир.
Исо қачон ўлган?
Исо яҳудийларнинг Фисиҳ байрами куни, қуёш чиқишидан ҳисоблаганда «тўққизинчи соатда» ёки кундузи тахминан соат учларда ўлган. (Марк 15:33–37, изоҳ) Бу кун замонавий календарь бўйича милодий 33 йил, 1 апрель жума кунига тўғри келади.
Исо қаерда ўлган?
Исо «Бошсуяги деган жойда» қатл қилинган. Ибронийчада бу жой Гўлгота деб номланади. (Юҳанно 19:17, 18) Исо яшаган пайтда бу ер Қуддус «дарвозасининг ташқарисида» жойлашган эди. (Ибронийларга 13:12) Бу тепалик бўлганга ўхшайди. Чунки Муқаддас Китобда баъзилар Исонинг қатл қилинаётганини «узоқдан кузатиб тургани» ҳақида айтилган. (Марк 15:40) Аммо бугунги кунда Гўлгота қаерда жойлашганини аниқ айтиш қийин.
Исо қандай ўлган?
Гарчи аксарият одамлар Исо хочда михланганига ишонса-да, Муқаддас Китобда: «У гуноҳларимизни ўзининг танаси билан бирга устунга олиб чиққан»,— деб айтилган. (1 Бутрус 2:24) Муқаддас Китоб ёзувчилари Исони ўлдиришда ишлатилган воситага ишора қилганда юнонча стаурос ёки ксилон сўзларини ишлатишган. Кўп олимларнинг фикрича, бу сўзлар битта ёғоч бўлагидан ясалган хода ёки тик қозиқни билдиради.
Исонинг ўлимини қандай хотирлаш керак?
Яҳудийларнинг Фисиҳ байрами нишонланган кечада, Исо оддий маросимни жорий этиб шогирдларига: «Буни мени эслаб туриш учун қилинглар»,— деб айтган. (1 Коринфликларга 11:24) Бир неча соат ўтгач, Исо қатл қилинган.
Муқаддас Китоб ёзувчилари Исони Фисиҳ байрамида қурбон қилинган қўзи билан таққослашган. (1 Коринфликларга 5:7) Фисиҳ байрами Исроил халқига қулликдан озод бўлганини эслатиб турганидек, Исонинг ўлимини хотирлаш маросими масиҳийларга гуноҳ ва ўлимдан халос бўлишганини эслатиб туради. Фисиҳ байрами ой календарига кўра ҳар йили 14 нисон куни нишонланган. Шу сингари илк масиҳийлар ҳам йилида бир марта Қутлуғ Кечлик маросимини нишонлашган.
Бутун дунё бўйлаб миллионлаб инсонлар 14 нисон кунига тўғри келадиган санада Исонинг ўлимини хотирлашади.