Умидни қаердан топа оламан?
Муқаддас Китоб асосида жавоб
Муқаддас Китобда Худо бизга «порлоқ келажак ва умид бахш» этиши a ҳақида айтилган. (Еремиё 29:11) Худо Муқаддас Китобни бизга тақдим этганининг сабабларидан бири: У тасалли топишимизни ва умидга эга бўлишимизни истайди. (Римликларга 15:4) Муқаддас Китоб келажакка умид билан боқишга ва кундалик қийинчиликларга ижобий нуқтаи назар билан қарашга ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида билиб оламиз.
Бу мақолада қуйидагилар муҳокама қилинади:
Қандай қилиб Муқаддас Китоб ижобий нуқтаи назарга эга бўлишимизга ёрдам бера олади?
Муқаддас Китоб ҳаётимизни яхшилаш борасида амалий маслаҳатлар бериш орқали ижобий нуқтаи назарга эга бўлишимизга ёрдам бера олади. Улардан баъзиларини кўриб чиқайлик.
Муқаддас Китобдаги амалий йўл-йўриқларга диққат қаратинг. Забур 119:105 да шундай ёзилган: «Сенинг каломинг қадамларим учун чироқдир, йўлимни ёритадиган нурдир». Ёрқин нур иккита вазифани бажаради. У оёғимиз остидаги ва олисдаги нарсаларни ёритади. Худди шундай Муқаддас Китобдаги принциплар ҳозирги муаммоларни муваффақият ила енгишга ва шу йўсин эртанги кунга умид ила боқишга ёрдам беради. Муқаддас Китобдаги таълимотлар инсонга қайтадан куч бахш этиб, «қалбни шод этади». (Забур 19:7, 8) Шу билан бирга Муқаддас Китоб Худонинг ер юзи ва бутун инсоният учун ажойиб ниятини очиб беради. Бу умид бизга чексиз қувонч ва мамнуният бахш этади.
Бошқалар сизга ёрдам беришига ижозат беринг. Инсон умидсиздек туюлган вазиятларга дуч келганида оиласи ва дўстларидан узоқлашишга мойил бўлади. Муқаддас Китоб бундай йўл тутиш нодонлик эканини айтмоқда.Чунки бу аҳмоқона қарорлар чиқаришга олиб келиши мумкин. (Ҳикматлар 18:1) Яқинларимиз ақли расоликни йўқотмаслигимизга ёрдам беришади. Улар шунингдек, қийин вазиятлар билан қай йўсин курашиш борасида амалий маслаҳатлар беришлари мумкин. (Ҳикматлар 11:14) Ҳатто улар бизга тасалли беришлари, кўнглимизни кўтаришлари ҳамда то ўзимизга келгунимизча олдимизда мададкор бўлиб туришлари мумкин. (Ҳикматлар 12:25)
Худога ибодат қилинг. «Ғам-ташвишингни Яҳовага ташла, Унинг Ўзи сенга таянч бўлади. Одил кишининг йиқилишига У асло йўл қўймайди». b (Забур 55:22) Яҳова ҳақли равишда «умид манбаи бўлмиш Тангри» деб аталган. (Римликларга 15:13) Ибодатда «барча ғам-ташвишларингизни» тўкиб солинг ва Худо сизга ғамхўрлик қилишига ишонинг. (1 Бутрус 5:7) Муқаддас Китоб бизни қуйидаги сўзларга ишонтиряпти: «[Худонинг] Ўзи сизларга тўлиқ таълим бериб, сизларни мустаҳкам ва кучли қилиб қўяди». (1 Бутрус 5:10)
Қийинчиликлар туфайли умидингиз мустаҳкам бўлишига йўл қўйинг. «[Худога] қулоқ солган одам бехатар яшайди. Фалокат уни даҳшатга солмайди». (Ҳикматлар 1:33) Австралиялик Маргарет исмли аёлнинг бўрон туфайли уйи вайрон бўлди ва у кўп нарсасини йўқотди. Лекин у умидсизликка тушмади, аксинча, бундан қимматли сабоқ олди. У мол-мулкни бир зумда йўқотиш мумкинлигини тушунди. Бундай воқеадан сўнг у муҳим нарсаларга, яъни оиласи, дўстлари ва Худо билан муносабатларига ҳамда Муқаддас Китобда ёзилган умидга диққатини қаратиш қарори яна ҳам мустаҳкамланди. (Забур 37:34; Ёқуб 4:8)
Муқаддас Китобда бутун инсоният учун қандай умид ёзилган?
Муқаддас Китобда бутун инсоният ва ер юзи учун порлоқ келажак борасидаги ваъдалар ёзилган. Бу ваъдалар тез орада амалга ошади. Бугунги кунда инсоният дуч келаётган муаммолар ҳозир «охирзамонда» яшаётганимизни кўрсатиб турибди. (2 Тимўтийга 3:1–5) Яқин орада Худо ер юзи устидан назоратни қўлга олиб адолатсизлик ва азоб-уқубатларга чек қўяди. У буни Худонинг Шоҳлиги деб аталмиш ҳукумат ёрдамида амалга оширади. (Дониёр 2:44; Ваҳий 11:15) Исо бу самовий ҳукумат ҳақида намунали ибодатида қуйидагича эслатиб ўтганди: «Шоҳлигинг келсин. ...Ерда ҳам Сенинг ироданг бажо бўлсин». (Матто 6:9, 10)
Худо инсоният учун нималар қилиши борасида Муқаддас Китобда аниқ ёзилган. Худонинг Шоҳлиги чек қўядиган баъзи муаммоларга эътибор беринг:
Очлик бошқа бўлмайди. «Замин ўз ҳосилини беради». (Забур 67:6)
Касаллик бошқа бўлмайди. «Ҳеч ким: “Мен касалман”,— демайди». (Ишаё 33:24)
Ўлим бошқа бўлмайди. «Худо [одамларнинг] кўзидаги ҳар қандай ёшни артиб олади. Ўлим, мотам, фарёд ва оғриқ бошқа бўлмайди. Зеро аввалгилар ўтиб кетди». (Ваҳий 21:3, 4)
a Умид бу бирор нарсани исташ ва унга эга бўлишга ишониш. Шунингдек, умид биз интиқиб кутаётган бирор нарса бўлиши мумкин.
b Муқаддас Китобга кўра, Яҳова Худонинг исми. (Забур 83:18)