Яҳова ким?
Муқаддас Китоб асосида жавоб
Муқаддас Китобда Яҳова ҳақ Худо ва барча нарсанинг Яратувчиси экани ҳақида айтилган. (Ваҳий 4:11) Иброҳим, Мусо ҳамда Исо пайғамбарлар Яҳовага топинишган. (Ибтидо 24:27; Чиқиш 15:1, 2; Юҳанно 20:17) Яҳова муайян бир халқнинг эмас, балки «бутун ер юзининг» Худосидир. (Забур 47:2)
Муқаддас Китобда Худонинг «Яҳова» деган ўз турида ягона исми борлиги ҳақида айтилган. (Чиқиш 3:15; Забур 83:18) Бу исм иброний тилидаги «бўлмоқ» феълидан келиб чиққан ва баъзи олимларнинг таъкидлашича, бу исм «У бўлдиради» деган маънога эга. Бундай таъриф Яҳова барча нарсанинг Яратувчиси ҳамда Ўз ниятларининг Бажарувчиси эканини жуда яхши етказиб беряпти. (Ишаё 55:10, 11) Муқаддас Китобда Яҳова исми ортида қандай Шахс тургани ва айниқса, Унинг севги каби олий фазилати очиб берилган. (Чиқиш 34:5–7; Луқо 6:35; 1 Юҳанно 4:8)
Худонинг исми иброний тилидан ўзбек тилига «Яҳова» деб таржима қилинган. Бу исм ибронийча тўртта ҳарфдан יהוה (ЙҲВҲ) иборат бўлиб, тетраграмматон деб аталади. Қадимги иброний тилида бу илоҳий исм қандай талаффуз қилингани аниқ эмас a.
Нима учун қадимги ибронийчада Худонинг исми қандай талаффуз қилингани номаълум?
Қадимий ибронийча ёзувда фақатгина ундош ҳарфлар мавжуд эди. Унли ҳарфлар эса бўлмаган. Иброний забон одамлар ҳеч қийналмасдан керакли унли товушларни қўйиб матнни ўқий олишган. Аммо Ибронийча ёзувлар («Эски аҳд») ёзиб тугатилганидан сўнг баъзи яҳудийлар орасида Худонинг шахсий исмини овоз чиқариб айтиш нотўғри деган хурофий ғоя пайдо бўлган. Яҳудийлар Муқаддас Китобни овоз чиқариб ўқиётганда Худонинг исми учраган жойларда «Эга» ёки «Худо» каби унвонларни қўйиб ўқишган. Асрлар ўтиб бу хурофот кенг тарқалиб кетди ва бунинг дастидан Худонинг исми қадимда қандай талаффуз қилиниши бутунлай унутилди b.
Баъзиларнинг фикрича, бу исм «Йаҳвеҳ» деб талаффуз қилинади, яна кимдир бошқача талаффузлар бор дейди. Ўлик денгиз ўрама битиклари ичида юнон тилидаги Левилар китобининг бир парчасида илоҳий исмнинг «Йао» транслитерацияси бор. Бу шаклдан ташқари, илк юнон ёзувчилари шунингдек «Йае», «Йабе» ва «Йаоуе» деган талаффузларни таклиф қилишган. Аммо қадимги иброний тилида бу исм ундай ёки бундай талаффуз қилинганига ҳеч қандай исбот йўқ c.
Худонинг исми борасида нотўғри фикрлар
Нотўғри фикр: «Яҳова» деган исмни Муқаддас Китобга таржимонларнинг ўзи қўшиб қўйган.
Тўғри фикр: Муқаддас Китобда Худонинг исми тетраграмматон шаклида тахминан 7 000 марта учрайди d. Аксарият таржимонлар атайин Худонинг исмини олиб ташлаб, унинг ўрнига «Эга» унвонини қўйишган.
Нотўғри фикр: Қудратли Худо бошқалардан ажратиб турадиган исмга муҳтож эмас.
Тўғри фикр: Худо Муқаддас Китоб ёзувчилари Каломида Унинг исмини минглаб маротаба ёзиб қолдиришига ғамхўрлик қилган. Шунингдек, У хизматчиларини бу исмни айтиб чақиришга ундайди. (Ишаё 42:8; Йўэл 2:32; Малаки 3:16; Римликларга 10:13) Сохта пайғамбарлар халқ Унинг исмини унутишга уринганида Худо уларни ҳукм қилган. (Еремиё 23:27)
Нотўғри фикр: Яҳудийларнинг анъанасига кўра, Муқаддас Китобдан Худонинг исми олиб ташланиши керак.
Тўғри фикр: Гарчи баъзи яҳудий уламолар илоҳий исмни айтишдан бош тортган бўлишса-да, қўлидаги Муқаддас Китоб нусхасидан Худонинг исмини олиб ташлашмаган. Қандай бўлишидан қатъи назар, Худо Унинг амрларига зид бўлган инсоний урф-одатларга амал қилишимизни истамайди. (Матто 15:1–3)
Нотўғри фикр: Модомики иброний тилида бу исм қандай талаффуз қилингани номаълум экан, Муқаддас Китобдан Худонинг исмини олиб қўйиш керак.
Тўғри фикр: Баъзиларнинг фикрича, Худо турли тилларда гапирадиган инсонлардан Унинг исмини бир хил талаффуз қилишини кутади. Аммо Муқаддас Китобдан турли тилларда гапирувчи Худонинг қадимги хизматчилари исмларни турлича талаффуз қилишганини ўқишимиз мумкин.
Келинг, мисол тариқасида Исроилда ҳакамлик қилган Ёшуанинг исмини олайлик. Биринчи асрдаги иброний забон масиҳийлар бу исмни «Яҳошуа», юнон забон масиҳийлар эса «Иесус» деб талаффуз қилишган. Муқаддас Китобда ибронийча Ёшуа деган исмнинг юнон тилидаги таржимаси шуни кўрсатяптики, масиҳийлар исмларни ўз тилларига хос тарзда талаффуз қилган. (Ҳаворийлар 7:45; Ибронийларга 4:8)
Худди шу принципни илоҳий исмнинг таржимасига қўлласа бўлади. Худонинг исми қандай талаффуз қилинишидан кўра, асл нусхада Унинг исми учраган жойда бу исмнинг туриши муҳимроқ.
a Мисол учун, «Ўзбекистон Библия Жамияти» таржима қилган Чиқиш китобининг 3 боб 15- оятида шундай изоҳ келтирилган: «Ибронийчада ЙҲВҲ (Йаҳвеҳ деб талаффуз қилинган бўлиши мумкин), Худонинг атоқли исми».
b Бир энциклопедияда қуйидагича айтилган: «Бобил сургунидан кўп ўтмай, яҳудийлар “Йаҳвеҳ” деган исмга алоҳида эҳтиром кўрсатиб, бу исмнинг ўрнига “Адонай” ёки “Элоҳим” деб айтишга одатланишди». («The New Catholic Encyclopedia», иккинчи нашр, 14- жилд, 883–884- саҳ.)
c Кўпроқ маълумот олиш учун, «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»даги А илованинг «Ибронийча ёзувларда Аллоҳнинг исми» номли 4 мавзуга қаранг.
d «Theological Lexicon of the Old Testament», 2- жилд, 523–524- саҳ. қаранг.