ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ
Муқаддас Китобдан қандай фойда оламан? 3-қисм. Каломни ўқишдан имкон борича кўпроқ фойда олинг
Муқаддас Китобни очганда, ичи тўла матн эканини кўрасиз. Аммо бу сизни эсанкиратиб қўймасин! Бунинг ўрнига Муқаддас Китоб турли-туман егулик билан тўлдирилган дастурхонга ўхшашини тасаввур қилинг. Ундаги ҳамма нарсани ея олмайсиз, аммо ўзингизга ёққанини танлаб, улардан баҳра олсангиз бўлади.
Каломни ўқишдан тўлиқ фойда олиш учун нимани ўқиётганингизга диққат қаратишингиз керак. Ушбу мақола ёрдамида буни уддалай оласиз.
Бу мақолада
Нимани ўқиётганингизга нега диққат қаратишингиз керак?
Муқаддас Китобни ўқиш учун қанча кўп жон куйдирсангиз, шунча кўп фойда оласиз. Мана бу мисол тўғрисида ўйлаб кўринг: пакетчали чойни қисқа вақтга қайноқ сувга солсангиз, унинг озгина таъми чиқади. Лекин уни сувда кўпроқ ушласангиз, хуштаъм чой бўлади.
Муқаддас Китобни ўқиш билан ҳам шундай. Маълумотни юзаки ва тезда ўқишнинг ўрнига, устида фикр юритиш учун бироз вақт ажратинг. 119-санонинг бастакори айнан шундай қилган. Худонинг қонуни борасида у: «Кун бўйи у ҳақида мулоҳаза юритаман»,— деган. (Забур 119:97)
Албатта, бу том маънода куни бўйи Каломни ўқиб, устида мулоҳаза юритишингиз кераклигини билдирмайди. Мазкур фикрнинг мағзи шундаки, сано бастакори Худонинг Каломи устида фикр юритиш учун вақт ажратган. Бу туфайли у донолик ила қарорлар чиқара олган. (Забур 119:98–100)
«Ойим бир марта шундай деганди: “Ҳафтада етти кун бор. Бу кунлар давомида ўзинг учун кўп нарса қиласан. Яҳова учун ҳам бироз вақт ажрат. Бу тўғри бўлади”». (Мелани)
Муқаддас Китобдаги принциплар устида фикр юритганингизда — айтайлик, дўстлар танлаш ёки нотўғри иш қилиш васвасасига дуч келганингизда — тўғри қарор чиқариш сиз учун осонроқ бўлади.
Қай йўсин Каломни ўқишдан кўпроқ фойда олишингиз мумкин?
Режа тузинг. Жулиа исмли ўсмир қуйидагича тавсия қилди: «Муқаддас Китобни ўқиш жадвалингизни тузинг. Нимани ўқишингизни ва буни қачон ҳамда қаерда қилишни аниқлаб олинг».
Яхши муҳит яратинг. 22 ёшли Жианна шундай деди: «Тинч жой топинг. Бундан ташқари, оила аъзоларингиз сизни безовта қилмаслиги учун уларни ҳам Муқаддас Китобни ўқиш жадвалингиздан хабардор қилинг».
Электрон қурилмадан фойдалансангиз, уни халақит қилмайдиган ҳолатга ўтказинг. Балки, ҳатто Муқаддас Китобнинг босма шаклидан фойдаланиб кўрарсиз. Изланишларга кўра, босма шаклдан ўқиш тушуниш қобилиятингизни яхшилайди. Экрандан ўқиганда эса диққатингизни бир жойга жамлаш қийин бўлиши мумкин.
«Экрандан ўқиганимда чалғийман. Хабарлар келади, телефонимнинг қуввати камаяди ёки интернет панд беради. Босма шаклдан ўқиганимда эса етарлича ёруғлик бўлса кифоя». (Элена)
Ибодат билан бошланг. Яҳовага ибодат қилиб, Каломдан ўқимоқчи бўлган парчангизни тушунишингизга, эслаб қолишингизга ва фойда олишингизга ёрдам беришини сўранг. (Ёқуб 1:5)
Ибодатингизга мувофиқ йўл тутиш учун ўқиётган баёнотингиз тўғрисида кўпроқ билиб олинг. Қизиқ, буни қандай қила оласиз? «JW Library» иловасидан фойдаланаётган ёки Муқаддас Китобни онлайн ўқиётган бўлсангиз, оятга босиб, изланиш учун қўшимча маълумот ва мақолаларни топа оласиз.
Саволлар беринг. Масалан, «Бу баёнотдан Яҳова тўғрисида нимани билиб оляпман? Бу ерда мен тақлид қилишим мумкин бўлган Яҳованинг қайси фазилати очиб берилган?» (Эфесликларга 5:1) «Бу баёнотдан ҳаётимда қўллашим мумкин бўлган қандай сабоқлар оляпман?» (Забур 119:105) «Ўқиганларимдан бошқаларга ёрдам бериш учун қандай фойдалана оламан?» (Римликларга 1:11)
Ўзингиздан сўранг: «Ўқиганларим Муқаддас Китобнинг мавзуси билан қандай боғлиқ?» Бу савол жуда муҳимдир. Нега деганда, Муқаддас Китобдаги барча нарса — Ибтидодан тортиб Ваҳийгача — ундаги асосий мавзу билан боғлиқ. Бу Яҳова Самовий Шоҳлиги орқали исмини қай йўсин муқаддас қилиши ва бошқаришга ҳақли экани ҳамда Унинг бошқаруви энг аълосилигини исботлаши билан боғлиқ масала.