ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ
Орал жинсий алоқа чиндан ҳам жинсий алоқа ҳисобланадими?
АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказларининг хабар беришича, 15 ёшдан 19 ёшгача бўлганлар орасида сўров ўтказилган ва уларнинг тахминан ярми орал (оғиз бўшлиғи ёрдамида) жинсий алоқа билан шуғуллангани маълум бўлган. Ёзувчи Шарлен Эйзам ўзининг китобида шундай деган: «Ўсмирлар билан [орал жинсий алоқа ҳақида] гаплашсангиз, улар бунга оддий ҳолдек қараётганини кўрасиз. Чунки улар орал жинсий алоқани жинсий алоқа деб ҳисобламайди». («Oral Sex Is the New Goodnight Kiss»)
Сиз нима деб ўйлайсиз?
Қуйидаги саволларга жавоб бериб кўринг:
Орал жинсий алоқа билан шуғулланган қиз ҳомиладор бўлиб қолиши мумкинми?
Ҳа
Йўқ
Орал жинсий алоқанинг соғлиққа зарари борми?
Ҳа
Йўқ
Орал жинсий алоқа чиндан ҳам жинсий алоқа ҳисобланадими?
Ҳа
Йўқ
Фактлар нимани кўрсатяпти?
Жавобларингизни пастда келтирилган жавоблар билан солиштириб кўринг.
Орал жинсий алоқа билан шуғулланган қиз ҳомиладор бўлиб қолиши мумкинми?
Жавоб: йўқ. Бу кўпгина инсонлар орал жинсий алоқа билан шуғулланиш хавфсиз, деган нотўғри хулосага келишларининг сабабларидан биридир.
Орал жинсий алоқанинг соғлиққа зарари борми?
Жавоб: ҳа. Орал жинсий алоқа билан шуғулланган инсон гепатит (А ёки Б), ўткир учли кондилома, сўзак, герпес, ОИВ ва захм каби касалликларни юқтириб олиши мумкин.
Орал жинсий алоқа чиндан ҳам жинсий алоқа ҳисобланадими?
Жавоб: ҳа. Жинсий алоқага бошқа инсоннинг жинсий аъзолари билан қилинган ҳар қандай ҳаракат, яъни нафақат одатий жинсий алоқа, балки орал жинсий алоқа, анал (орт тешиги ёрдамида) жинсий алоқа ҳамда бошқа инсоннинг жинсий аъзоларини уқалаб жунбушга келтириш киради.
Нега бу муҳим?
Келинг, орал жинсий алоқа мавзуси билан боғлиқ бир нечта оятни кўриб чиқайлик.
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Аллоҳ сизлар... ўзингизни зинодан тийишингизни хоҳлайди». (1 Салоникаликларга 4:3)
Асл матндан «зино» деб таржима қилинган сўз никоҳдан ташқари жинсий яқинликнинг барча турларини, жумладан, одатий жинсий алоқа, орал жинсий алоқа, анал жинсий алоқа ҳамда бошқа инсоннинг жинсий аъзоларини уқалаб жунбушга келтиришни ўз ичига олади. Зино қилиш аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. Улардан энг ёмони — Худо билан бўлган дўстона муносабатларнинг бузилишидир. (1 Бутрус 3:12)
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Зино қилувчи ўз баданига қарши гуноҳ қилаётган бўлади». (1 Коринфликларга 6:18)
Орал жинсий алоқа ҳам жисмонан, ҳам маънан зарар етказиши ва шу билан бирга инсонни ҳиссан жароҳатлаши мумкин. Бир китобда қуйидагича айтилган: «Инсон нафақат вагинал, балки бошқа турдаги жинсий алоқадан кейин ҳам пушаймон бўлиши, ўзини ҳимоясиз ёки фойдаланилгандек ҳис қилиши мумкин. Никоҳгача ёки никоҳдан ташқари жинсий муносабатларнинг ҳар қандай тури жинсий алоқа ҳисобланади ва бу билан шуғулланган инсон ёқимсиз ҳис-туйғуларни бошдан кечириши ҳеч гап эмас». («Talking Sex With Your Kids»)
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Мен Яҳова, сенинг Худойингман, сенинг манфаатингни кўзлаб таълим бераман». (Ишаё 48:17)
Жинсий алоқага тегишли Худонинг қонунлари сизга фойда келтирадими? Ёки сизни чеклаб қўяди, деб ўйлайсизми? Бундай саволларга жавоб топиш учун тезликни чеклаш белгилари, светофорлар ва бошқа йўл белгилари бор тирбанд катта йўлни тасаввур қилинг. Нима деб ўйлайсиз, бундай белгилар сизни чеклаб қўядими ёки сизни ҳимоя қиладими? Сиз ва бошқа ҳайдовчилар уларга эътибор бермаса, нима бўлади?
Худонинг меъёрлари ҳақида ҳам шундай деса бўлади. Агар уларга бепарво бўлсангиз, натижада экканингизни ўриб оласиз. (Галатияликларга 6:7) Бир китобда шундай ёзилган: «Эътиқодингиз ва қадриятларингиздан воз кечиб, сиз нотўғри деб билган нарсаларни қилишда давом этсангиз, ўзингизга нисбатан ҳурматингиз пасайиб бораверади». («Sex Smart») Лекин Худонинг меъёрлари бўйича ҳаёт кечирсангиз, сиз учун ахлоқий меъёрлар муҳим эканини кўрсатасиз. Энг асосийси эса, виждонингизни тоза сақлайсиз. (1 Бутрус 3:16)