Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Мен қанчалик чидамли инсонман?

Мен қанчалик чидамли инсонман?

Сиз қанчалик чидамли инсонсиз? Қуйидаги вазиятларга ҳеч дуч келганмисиз?

  • Яқинингизнинг ўлими.

  • Сурункали касаллик.

  • Табиий офат.

Тадқиқотчиларнинг айтишича, чидамли бўлишни нафақат катта муаммолар талаб қилади. Ҳатто ҳар куни сиз дуч келадиган стресслар ҳам соғлигингизга зиён келтириши мумкин. Шунинг учун хоҳ кичик, хоҳ жиддий муаммога дуч келманг, чидамли бўлишни ўрганишингиз муҳим.

 Чидамли бўлиш нима дегани?

Чидамлилик ҳаётдаги ўзгаришларга мослашиб, қийинчиликларни муваффақият ила енгишга ёрдам берадиган қобилиятдир. Чидамли инсонлар қийинчиликка қарши эмланмаган. Лекин улар салбий таъсирга қарамай, муаммоларни енгиб, аввалгидан ҳам кучлироқ бўла олишади.

Бўронда эгилган дарахт шамол тинганидан кейин ўз ҳолатига қайтганидай, сиз ҳам қийинчиликдан кейин яна тиклана оласиз

 Нега чидамли бўлишингиз муҳим?

  • Ҳамма инсонлар муаммога дуч келади. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Доим ҳам ютуқ тез югурганга,.. муваффақият эса билимлига насиб этавермас экан. Сабаби, уларнинг бари вақт ва тасодифга дуч келади». (Воиз 9:11) Бу сўзлардан қандай сабоқ олишимиз мумкин? Ҳатто яхши инсонлар ҳам бировларнинг хатосини деб азоб чекишади.

  • Чидамли бўлиш сизни ҳимоялайди. Ўрта мактабда ишлайдиган бир мутахассис шундай деди: «Ҳозир ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ўқувчилар тест топширолмаганидан ёки ижтимоий тармоқларда ўзлари ҳақда ёмон шарҳлар ўқиганидан жуда тушкун ва ҳис-туйғуларини назорат қила олмайдиган аҳволда хонамга кириб келишади». Унинг айтишича, бу муаммолар бир қарашда оддий бўлса-да, улар билан қандай курашишни билишмагани учун ўқувчилар «кўпгина ақлий ва ҳиссий зўриқишларга дуч келишади» a.

  • Чидамли бўлиш сизга ҳозир ҳам, улғайганингизда ҳам ёрдам беради. Ҳаётдаги қийинчиликлар борасида Ричард Лернер исмли бир психолог қуйидаги сўзларни ёзган: «Муваффақиятли инсон бўлиб улғайишга ҳисса қўшадиган омиллар қийинчиликларни енгиб ўтишни, янги мақсадлар қўйишни ёки қўйилган мақсадга эришишнинг бошқа йўлларини излашни ўз ичига олади» b.

 Қай йўсин чидамли бўлишни ўргана оласиз?

  • Муаммоларнинг жиддийлик даражасини аниқланг. Катта муаммолар билан кичкина муаммолар ўртасидаги фарқни кўришга ўрганинг. Муқаддас Китобда шундай сўзларни ўқиймиз: «Аҳмоқ дарҳол жаҳлини тўкиб сочади, заковатли эса ҳақоратга аҳамият бермайди». (Ҳикматлар 12:16) Ҳамма муаммоларни ҳам юракка яқин олиш шарт эмас.

    «Мактабдаги болалар арзимас муаммога дуч келганда ҳам пашшадан фил ясашарди. Кейин ижтимоий тармоқларда дўстларининг танқидий шарҳларини ўқишарди, бу эса оловга мой сепгандай бўларди. Чунки бу уларга муаммоларининг жиддийлик даражасини аниқлашга халақит берарди». (Жоанн)

  • Бошқалардан ўрганинг. Ҳикматларда: «Темир темирни чархлаганидай, одам одамни ўткирлайди»,— дейилган. (Ҳикматлар 27:17) Қийинчиликлар бўронидан ўтган инсонлар билан суҳбатлашиб, бебаҳо сабоқ олишингиз мумкин.

    «Бошқалар билан суҳбатлашаётиб, улар кўпгина муаммоларни бошдан кечирган бўлишса-да, аммо ҳозир ҳаммаси жойида эканидан хабар топасиз. Шунинг учун улар билан гаплашиб, муаммолар билан курашиш учун нималар қилишгани ёки қилишмагани ҳақида билиб олинг». (Жулия)

  • Сабр-тоқатли бўлинг. Муқаддас Китобда: «Одил киши етти марта йиқилса ҳам, яна туради»,— дейилган. (Ҳикматлар 24:16) Қийинчиликни борича қабул қилишга вақт керак бўлади. Шундай экан, бошингизга оғир кунлар тушса ҳайрон қолманг. Энг асосийси — яна оёққа туришингиз.

    «Қийинчиликни енгиб ўтганингиздан кейин ҳеч нарсани кўрмагандай бўлиб кетасиз. Бу давомли жараён ва бунга вақт керак бўлади. Шуни билиб олдимки, вақт ўтганидан сўнг ўзингизни яна яхши ҳис қила бошлайсиз». (Андреа)

  • Миннатдорликни ривожлантиринг. Каломда: «Миннатдор эканингизни кўрсатинглар»,— дейилган. (Колосаликларга 3:15) Сиз дуч келган муаммо қанчалик жиддий бўлмасин, ҳар доим миннатдор бўлишга сабаб топа оласиз. Ҳаётингизни яшашга арзигулик қиладиган учта нарса ҳақида ўйланг.

    «Қийинчиликка дуч келганингизда “Нега мен билан бундай бўлди?” деб ўйлашингиз табиий. Чидамли бўлишнинг муҳим томони муаммоингиз ҳақида ҳаддан ортиқ ўйламасдан, ижобий бўлиш ва сиз эга бўлган ёки қўлингиздан келадиган нарса учун миннатдор бўлишдадир». (Саманта)

  • Қаноатли бўлинг. Ҳаворий Павлус: «Мен ҳар қандай шароитларда қаноат ҳосил қилишга ўрганганман»,— деб айтган. (Филиппиликларга 4:11) Павлус бошига тушган қийинчиликларни назорат қила олмаган. Аммо уларга нисбатан муносабатини назорат қила олган. Павлус қаноатли бўлиб қолишга қатъий қарор қилган.

    «Ўзим ҳақда шуни билиб олдимки, қийинчиликка дуч келганимда ўша заҳоти тўғри муносабат билдириш қийин бўлади. Шунинг учун ҳар қандай вазиятга нисбатан ижобий муносабатни ривожлантиришга мақсад қўйдим. Бу нафақат менга, балки атрофимдаги инсонларга ҳам фойда келтиради». (Мэтью)

  • Ибодат қилинг. Муқаддас Китобда: «Ғам-ташвишингни Яҳовага ташла, Унинг Ўзи сенга таянч бўлади. Одил кишининг йиқилишига У асло йўл қўймайди»,— деб ёзилган. (Забур 55:22) Ибодат шунчаки руҳий ҳолатга фойда келтирадиган усул эмас. Бу сизга «ғамхўрлик қилаётган» Яратувчингиз билан жонли мулоқотдир. (1 Бутрус 5:7)

    «Мен бир ўзим курашмайман. Муаммоларим ҳақида очиқчасига ибодат қилиб, бераётган баракалари учун Худога миннатдорлик билдираман. Яҳова менга бераётган баракаларга диққатимни қаратиб, салбий туйғулардан озод бўламан. Ҳа, ибодат қилиш жуда муҳим!» (Карлос)

a Томас Керстингнинг «Disconnected» номли китобидан олинган.

b «The Good Teen—Rescuing Adolescence From the Myths of the Storm and Stress Years» номли китобдан олинган.