Яҳованинг Шоҳидлари дафн маросими борасида қандай нуқтаи назарда?
Дафн маросими борасидаги нуқтаи назар ва одатларимиз Муқаддас Китоб таълимотларига асосланган бўлиб, қуйидагиларни ўз ичига олади:
Яқин инсонимиз ҳаётдан кўз юмганда қайғурамиз. Исо Масиҳнинг шогирдлари ҳам яқинларидан жудо бўлганда азоб чеккан. (Юҳанно 11:33–35, 38; Ҳаворийлар 8:2; 9:39) Шунинг учун, дафн маросимини тантанали меҳмондорчилик пайти деб билмаймиз. (Воиз 3:1, 4; 7:1–4) Аксинча, қайғураётган инсонларга тасалли бериб, юпатиш учун борамиз. (Римликларга 12:15)
Ўлганлар ҳеч нарсани сезмайди. Миллатимиз ва маданиятимиз қандай бўлмасин, Муқаддас Китобга асосланмаган расм-русумлардан ва ўлганлар тирикларга таъсир қила олади, деган таълимотдан қочамиз. (Воиз 9:5, 6, 10) Бу, марҳумнинг бошида ухламай чиқиш, дабдабали урф-одатлару маъракалар, ўлган кишига атаб қурбонлик келтириш, у билан гаплашиш ва бевалик билан боғлиқ расм-русумларни ўз ичига олади. Бундай одатлардан йироқлашиб, Муқаддас Китобдаги: «Улардан айрилиб кетинглар... нопокка қўл теккизманглар»,— деган амрга бўйсунамиз. (2 Коринфликларга 6:17)
Ўлганларнинг тирилишига умид бор. Муқаддас Китобда айтилишича, ўлганлар тирилади ва ўлим бошқа бўлмайдиган замон келади. (Ҳаворийлар 24:15; Ваҳий 21:4) Биринчи асрда бўлгани каби, бу умид бизга ҳам мотам пайтида ҳаддан ошиб кетмасликка ёрдам беради. (1 Салоникаликларга 4:13)
Муқаддас Китобга кўра, камтар бўлиш керак. (Ҳикматлар 11:2) Дафн маросимларини «ўз мол-мулки билан мақтаниб», жамиятдаги ўрнини ёки моддий фаровонликни кўрсатиш учун баҳона, деб билмаймиз. (1 Юҳанно 2:16) Биз вақтичоғлик қилиш учун серҳашам дафн маросимларини ўтказмаймиз. Шунингдек, бошқаларни лол қолдирадиган қиммат тобутларни буюртма қилмаймиз ва башанг кийимларни киймаймиз.
Дафн маросими билан боғлиқ нуқтаи назаримизни бошқаларга ўтказмаймиз. Бу борада қуйидаги принципга амал қиламиз: «Ҳар биримиз ўзимиз учун Худога ҳисобот берамиз». (Римликларга 14:12) Лекин имкон бўлса, эътиқодимизни «мулойимлик ва камоли эҳтиром билан» тушунтиришга ҳаракат қиламиз. (1 Бутрус 3:15)
Яҳова Шоҳидларининг дафн маросими қандай ўтади?
Жой. Агар оила аъзолари дафн маросимини ўтказишга қарор қилса, уни истаган жойда, масалан, Йиғилиш залида, хонадонда, крематорийда ёки мозорда ўтказиши мумкин.
Маросим жараёни. Яқинини йўқотганларга тасалли бериш мақсадида ўлим ва тирилишга бўлган умид ҳақида Муқаддас Китобга асосланган нутқ сўзланади. (Юҳанно 11:25; Римликларга 5:12; 2 Бутрус 3:13) Нутқ пайтида марҳумнинг фазилатлари, шунингдек, садоқатли бўлишда у қандай ўрнак қолдиргани айтиб ўтилиши мумкин. (2 Шоҳлар 1:17–27)
Муқаддас Китобга асосланган ҳамду сано қўшиғи куйланиши мумкин. (Колосаликларга 3:16) Маросим таскин берувчи ибодат ила якунланади. (Филиппиликларга 4:6, 7)
Пул тўлаш. Нутқ сўзлаган, жумладан, дафн маросимидаги хизматлар учун ўз ҳиссасини қўшган имондошларга ҳақ тўланмайди ва жамоат учрашувларида ҳам худди шундай. (Матто 10:8)
Ким келиши мумкин? Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган кишилар ҳам Йиғилиш залида ўтадиган дафн маросимига келса бўлади. Бошқа учрашувларимиз сингари, дафн маросимига ҳам барча ташриф буюриши мумкин.
Яҳованинг Шоҳидлари бошқа дин вакиллари ўтказадиган дафн маросимига боришадими?
Бу борада ҳар бир масиҳий Муқаддас Китоб бўйича тарбияланган виждонига асосланиб ўзи қарор чиқаради. (1 Тимўтийга 1:19) Аммо Муқаддас Китобга асосланмайдиган диний урф-одатларда қатнашмаймиз. (2 Коринфликларга 6:14–17)