Яҳованинг Шоҳидлари инсонларни динини ўзгартиришга мажбурлашадими?
Йўқ. Ҳеч кимни ўз динимизга оғдирмаймиз. Асосий журналимиз, «Қўриқчи минораси»да шундай ёзилган: «Инсонларни динини ўзгартиришга мажбурлаш нотўғри» a. Қуйидаги сабабларга кўра, одамларни мажбурламаймиз:
Исо Масиҳ ҳеч кимни таълимотларини қабул қилишга мажбурламаган. У хабарига озчилик қулоқ солишини билган. (Матто 7:13, 14) Баъзи шогирдлари унинг гапларидан қоқинишганида, уларни ушлаб қолмай, кетишларига йўл қўйган. (Юҳанно 6:60–62, 66–68)
Исо алайҳиссалом издошларига бошқаларни эътиқодини ўзгартиришга мажбурлаш керак, деб ўргатмаган. Шогирдлари Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни қабул қилишга ҳеч кимни мажбурламай, уни тинглашга мойил бўлганларни излашга ҳаракат қилишлари керак эди. (Матто 10:7, 11–14)
Худо фақатгина чин юракдан топинаётганларни маъқул кўради, шунинг учун, бошқаларни мажбурлаш ақлсизлик бўларди. (Қонунлар 6:4, 5; Матто 22:37, 38)
Фаолиятимиз ўз эътиқодимизни бошқаларга сингдириш (прозелитизм) деб ҳисобланадими?
Биз Муқаддас Китобдаги амрга амал қилган ҳолда «ернинг четларига қадар» «эл олдида ҳамда уйма-уй юриб» хушхабарни тарқатаётганимиз рост. (Ҳаворийлар 1:8; 10:42; 20:20) Илк масиҳийларни айблашгани каби, бизни ҳам гоҳида қонунга хилоф равишда инсонларнинг динини ўзгартиришади, деб айблашади. (Ҳаворийлар 18:12, 13) Аммо бу айбловлар ёлғон. Ҳеч кимни эътиқодимизни қабул қилишга мажбурламаймиз. Аксинча, ҳар бир инсоннинг билим олишга имкони бўлиши ва ўзи тўғри қарор қабул қилиши керак, деб биламиз.
Инсонларни динини ўзгартиришга мажбурламаймиз, дин ниқоби остида сиёсий фаолият олиб бормаймиз, кўпроқ одамларни жалб қилиш мақсадида уларга моддий ёрдам кўрсатмаймиз ва хайрия ишларини юритмаймиз. Бу билан биз, ўзини масиҳий деб бундай ишлари билан аслида Исо Масиҳнинг номига доғ тушираётган инсонлардан фарқ қиламиз b.
Инсон ўз эътиқодини ўзгартиришга ҳақлими?
Ҳа, Муқаддас Китоб инсон ўз диний эътиқодини ўзгартиришга ҳақли эканини кўрсатмоқда. У ерда қариндошларининг динига эътиқод қилмай, ўз хоҳиши билан ҳақ Худога топинишга қарор қилган кўпгина инсонларнинг мисоли мавжуд. Масалан, Иброҳим пайғамбар, Рут исмли аёл, афиналикларнинг айримлари ва ҳаворий Павлус Яҳовага топинишни танлашган. (Ёшуа 24:2; Рут 1:14–16; Ҳаворийлар 17:22, 30–34; Галатияликларга 1:14, 23) Муқаддас Китобдан кўриниб тургандай, инсон Худога маъқул бўлган топинишни рад этиб, бошқа йўлни танлашга ҳам ҳақли. (1 Юҳанно 2:19)
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти «инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро стандарт асоси» деб атаган Инсон ҳуқуқлари декларациясида ҳам одам динини ўзгартиришга ҳақли экани тасдиқланган. Ушбу ҳужжатда ҳар бир киши «диний эътиқодини ўзгартириш» ҳамда «маълумот ва фикр излаш, қабул қилиш ҳамда бошқалар билан бўлишиш эркинлигига эга» дейилган c. Албатта, бу ҳуқуқларни амалга ошириш бошқаларнинг ўзи эътиқодига эга бўлиш ва қайсидир фикрларни рад этиш ҳуқуқини ҳурмат қилишни ўз ичига олади.
Эътиқодини ўзгартириш оилавий урф-одатларга ҳурматсизлик кўрсатишни англатадими?
Йўқ. Муқаддас Китобда инсонларнинг дини қанақа бўлишидан қатъи назар барчани ҳурмат қилишимиз кераклиги ёзилган. (1 Бутрус 2:17) Боз устига, Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобдаги амрга бўйсуниб, ҳатто ота-онаси бошқа динда бўлса ҳам, уларни ҳурмат қилишади. (Эфесликларга 6:2, 3)
Лекин ҳамма ҳам Муқаддас Китобдаги нуқтаи назарга қўшилмайди. Замбияда улғайган бир аёл шундай деб бўлишди: «Мен яшаётган ҳудудда кимдир динини ўзгартирса, оиласию яқинларига хиёнат ва садоқатсизлик қилди, деб ҳисобланади». Бу аёл ўсмирлик чоғида Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилган ва кўп ўтмай диний эътиқодини ўзгартиришга қарор қилганида, шундай қийинчиликка дуч келган. У шундай деди: «Ота-онам тез-тез мендан норози эканини ва кўнглини оғритаётганимни айтарди. Бундай гапларни эшитиш жуда оғир кечарди. Ахир ота-онамнинг розилигини олиш мен учун катта аҳамиятга эга... Диний урф-одатларга эмас, Яҳовага садоқатли бўлишни танлаганим оиламга хиёнат қилганимни англатмайди» d.
a «Қўриқчи минораси» журналининг (рус) 2002 йил 1 январь сонининг 12- саҳифаси, 15- хатбошига қаранг.
b Мисол учун, тахминан мил. 785 йили Франция қироли Шарлемань Саксониядаги одамлар христиан динини қабул қилиб, сувга чўмдирилиш керак деган фармон чиқарган. Шунингдек, мил. 1555 йили муқаддас Рим империясидаги ўзаро уруш олиб бораётган гуруҳлар орасида Аугсбург тинчлик шартномаси имзоланган. Унга кўра, ҳар бир ҳудуд ҳокими ё католизм ё лютеран динини қабул қилиши ва барча фуқаролари унинг динини қабул қилишлари лозим эди. Ўша ҳокимнинг динини қабул қилишдан бош тортганлар эса ҳудудни тарк этиши талаб этилган.
c Шу каби ҳуқуқлар Инсон ҳуқуқлари бўйича араб хартияси (2004), Инсон ҳуқуқлари ва мажбуриятлари Америка декларацияси, Инсон ва халқлар ҳуқуқлари бўйича Африка хартияси, Инсон ҳуқуқлари ҳақидаги жануби-шарқий Осиё мамлакатларининг ассоциацияси декларацияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пакт ичига киради. Лекин ҳатто бундай ҳуқуқлар берилган мамлакатларда ҳам уларни қай миқдорда тақдим этиш борасида ҳар хил йўл тутилади.
d Муқаддас Китобда ҳақ Худонинг исми Яҳова деб ёзилган.