Марони дарёси бўйлаб экспедиция
Гавжум шаҳарлар шовқинидан олисда Жанубий Американинг Амазонка нам тропик ўрмонларида турли қабила, тил ва миллатга мансуб одамлар яшайди. 2017 йили, июлда 13 кишидан иборат Яҳова Шоҳидларининг гуруҳи Марони дарёси ва унинг Франция Гвианаси ҳудудидаги шарқий ирмоқлари бўйлаб экспедицияга чиқишди. Хўш, уларнинг мақсади қанақа эди? Улар дарё қирғоқлари бўйлаб яшовчи одамларга Муқаддас Китобдаги умидбахш хабарни айтмоқчи эди.
Экспедицияга тайёргарлик
12 кунлик экспедициядан бир ой олдин, барча иштирокчилар унга тайёргарлик кўриш учун бирга йиғилишди. «Биз бу ҳудуд ва унинг тарихи ҳақида маълумотга эга бўлдик, шунингдек, бу сафарга ўзимизни қандай тайёрлашимиз мумкинлигини муҳокама қилдик»,— деб эслайди Винсли. Ҳар бир иштирокчи гамак ва пашшахона солинган сув ўтказмайдиган идиш билан таъминланди. Экспедиция давомида икки марта самолётда учишга ҳамда бир неча соат узун энсиз қайиқларда (каноэ) сузишга тўғри келарди.
Бу таклифни олганлар нималарни ҳис қилган? Нафақа ёшида бўлган Клод ва Лизет тайёрлик ила бу таклифни қабул қилишди. «Хурсанд бўлсам-да, озгина қўрқувни ҳис қилаётган эдим. Чунки дарё оқими жуда хавфли экани ҳақида кўп эшитгандим»,— дейди Клод. Лизет эса ўз хавотирлари билан бўлишиб: «Америкалик ҳиндулар тилларида гапира оламанми ёки йўқми дея ташвишланаётгандим»,— деди.
Микаэл исмли экспедиция иштирокчиси шунга ўхшаш туйғуларни ҳис қилган. У: «Вайяна қабиласи тўғрисида унча кўп маълумотга эга эмасдик. Шу сабабли Интернетда изланиш олиб бориб бир нечта сўз ўргандим ва бу халқ тилида саломлашишни ҳам билиб олдим»,— деб айтди.
Турмуш ўртоғи Йоханн билан саёҳатга чиққан Шерли дарё бўйлаб яшовчи халқлар тилларининг рўйхатини тузган. У шундай деди: «Биз jw.org сайтимиздан бу тилларнинг аксариятида видеоларни юклаб олдик ҳамда вайяна тилида сўзлашгич сотиб олдик».
Америкалик ҳиндулар яшовчи ҳудудга етиб бориш
Сешанба, 4 июль куни экспедиция гуруҳи Сен-Лоран-дю-Маронидан самолётга миниб, Марипасулага учиб келди. Бу Франция Гвианасининг ичкарисида жойлашган шаҳарча.
Кейинги тўрт кун давомида гуруҳ узун энсиз маторли қайиқларда Марони дарёсининг юқори ирмоқлари бўйлаб жойлашган қишлоқларда ваъз қилди. «Америкалик ҳиндулар Муқаддас Китобга оид мавзуларга самимий қизиқиш кўрсатаётганини кузатдик. Уларда кўп саволлар пайдо бўлди ва баъзилари улар билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказишимизни сўрашди»,— деб бўлишди гуруҳнинг Ролан исмли аъзоси.
Битта қишлоқда Йоханн билан Шерли ёш бир эр-хотинни учратиб қолишди. Уларнинг қариндоши яқинда ўз жонига қасд қилган экан. Йоханн шундай деди: «Биз уларга “Туб америкалик Яратувчини топди” номли видеони a қўйиб бердик. Улар бу видеони кўриб таъсирланишди. Улар биз билан алоқада бўлишни истагани учун электрон манзилини беришди».
Экспедиция етиб борган энг олис ҳудуд Антекум Пата бўлди. Бу ернинг қишлоқ оқсоқоли гуруҳга жамоат жойида гамакларни ўрнатишга рухсат берди. Гуруҳ аъзолари маҳаллий аҳоли сингари дарёда чўмилишди.
Кейин гуруҳ аъзолари Твенка қишлоғига йўл олишди. Бу ерда улар яқинидан айрилиб қолган одамларнинг аза тутаётганини кўриб қолишди. Экспедицияни ташкиллаштирган инсонлардан бири Эрик шундай деди: «“Қабиланинг каттаси”, яъни қишлоқ оқсоқоли айрилиқни бошидан кечираётган бу инсонларга тасалли беришимиз учун қишлоққа киришга рухсат берди. Қишлоқ оқсоқоли ва унинг оиласига вайяна тилидаги Муқаддас Китобдан оятлар ўқиб берганимиз уларга жуда ёқди. Биз, шунингдек, уларга Муқаддас Китобдаги тирилиш ҳақидаги ваъда акс эттирилган видеоларни кўрсатдик».
Гран-Санти ва Апатауда
Экспедициянинг кейинги манзили Марипасуладан дарё бўйлаб пастда жойлашган Гран-Санти номли шаҳарча эди. Сешанба ва чоршанба кунлари гуруҳ аъзолари маҳаллий аҳолига Муқаддас Китобдаги хушхабарни ваъз қилишди. Пайшанба куни эса улар Марони дарёси бўйлаб пастга беш ярим соат йўл босиб, Апатау қишлоғига етиб келишди.
Экспедиция тугашидан бир кун олдин гуруҳ аъзолари ўрмондаги маронларнинг қишлоқларига етиб олишди. Маронлар — Суринам мустамлака давлат бўлган даврда Африкадан Жанубий Америкага олиб келинган қулларнинг авлодлари. Гуруҳ аъзолари ўрмонда чодир ўрнатиб, маҳаллий аҳолининг барини махсус учрашувга чақиришди. Клод шундай деди: «Бу учрашувга кўп одам келганини кўриб, қалбларимиз хурсандчиликка тўлди. Ахир уларга бу ҳақида эрталаб айтган эдик-ку!» Чекка жойларда ваъз қилиш экспедициясида илк бор иштирок этган Карстен аукан шевасида «Ҳаётнинг бори шуми?» номли оммавий нутқ сўзлади. Мазкур учрашувга турли қишлоқлардан жами бўлиб 91 киши келди.
«Биз яна боришга тайёрмиз!»
Ниҳоят экспедиция Сен-Лоран-дю-Маронига қайтди. Гуруҳ аъзолари маҳаллий аҳоли ижобий муносабат билдирганидан хурсанд эди. Чунки улар Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чиқарилган кўпгина адабиётларни олди ҳамда бир қанча видеоларни томоша қилди.
Лизет: «Бу экспедицияга борганимдан қанчалик бахтиёр эканимни сўз билан таърифлаш қийин»,— деб айтди. Синди эса қўшиб қўйди: «Яна шундай имконият пайдо бўлса, фурсатни қўлдан бой бермайман. Мени тушуниш учун бу хурсандчиликни ўзингиз ҳис қилиб кўришингиз керак!»
Бу экспедицияда иштирок этганларнинг баъзиларида ўша жойларга қайтиш истаги туғилди. Микаэл: «Биз яна боришга тайёрмиз!» — деб айтди. Винсли эса Сен-Лоран-дю-Маронига кўчиб ўтди. Ёши 60 дан ошган Клод ва Лизет Апатауга кўчиб боришди.
a «Коренной американец находит Создателя» номли видеони JW Интернет-телевидениесида рус тилида томоша қилишингиз мумкин.